20:47 / 26.09.2023
14628

Кўмир конидан чорвагача — «Ўзбекистон темирйўллари»нинг носоҳавий активлари

«Ўзбекистон темирйўллари» кўплаб корхоналарда улушдор ҳисобланади. Улар орасида кўмир, плита ҳамда печка, қурилиш маҳсулотлари ва ҳатто йирик шохли қорамолларни кўпайтириш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари ҳам бор. Президент «ЎТЙ»нинг носоҳавий активларда иштирокини қатъий тақиқлаш бўйича кўрсатма берди.

25 сентябр куни президент Шавкат Мирзиёев темирйўл соҳасини ислоҳ қилиш бўйича йиғилиш ўтказди. Йиғилишда «Ўзбекистон темирйўллари»нинг носоҳавий активларини сотиш ёки бошқа тармоқларга ўтказиш, сотишдан тушган маблағларни темирйўл инфратузилмасини яхшилашга йўналтириш вазифаси қўйилди. Эндиликда «ЎТЙ»нинг носоҳавий активларда иштироки қатъий тақиқланади.

Kun.uz «Ўзбекистон темирйўллари» эгалик қиладиган носоҳавий тадбиркорлик субъектлари билан қизиқиб кўрди.

Очиқ манбадаги маълумотларга кўра, «ЎТЙ» кўплаб корхоналарда улушдор. Улар орасида кўмир, плита ҳамда печка, қурилиш маҳсулотлари ва ҳатто йирик шохли қорамолларни кўпайтириш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари ҳам бор.

«Шарғун кўмир» АЖ

«Ўзбекистон темирйўллари» 2007 йилнинг 17 майида ташкил этилган, тошкўмир қазиб олиш билан шуғулланувчи «Шарғун кўмир» АЖнинг 51 фоиз улушига эгалик қилади.

Маълумот учун, 2017 йил ноябрь ойида узоқ йиллар «Ўзбекэнерго» таркибида бўлган «Ўзбеккўмир» АЖ ва «Шарғункўмир» АЖнинг акциялари пакети «Ўзбекистон темирйўллари»га топширилганди. 2020 йилда «Ўзбеккўмир» Қозоғистон компаниясига ишончли бошқарувга берилди.

«Эйвалек махсус темир бетон» МЧЖ

1995 йил 13 апрелда давлат рўйхатидан ўтказилган »Эйвалек махсус темир бетон» МЧЖнинг 100 фоизлик эгаси ҳам «Ўзбекистон темирйўллари» ҳисобланади. Фаолият тури бетондан қурилиш учун буюмлар ишлаб чиқариш бўлган корхонага Азиз Муратов раҳбарлик қилади.

«Угaм-Чотқол давлат биосфера резервати» унитар корхонаси

«Ўзбекистон темирйўллари» эгалик қилаётган навбатдаги муассаса – «Угaм-Чотқол давлат биосфера резервати». Мазкур қўриқхона ҳукуматнинг 2018 йилдаги қарори билан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Оҳангарон ва Паркент туманлари ҳудудида ташкил этилган. Хусусан, «Шоввозсой» дам олиш маскани ҳам Угам-Чотқол миллий табиат боғи тасарруфида ҳисобланади.

«Термопроже» МЧЖ

Устав фонди 8 млрд сўм бўлган корхонага Шухрат Балабеков раҳбарлик қилади. Фаолият тури – плита, печка ва печка горелкалари ишлаб чиқариш. Компаниянинг 42 фоиз улушига «Ўзбекистон темирйўллари» эгалик қилади.

«Giraffe crane» МЧЖ

Устав фонди 400 минг доллар бўлган яна бир ташкилот –»Giraffe crane» МЧЖнинг ҳам 25 фоиз улуши «Ўзбекистон темирйўллари»га тегишли. Фарҳод Мирханов раҳбарлик қилаётган жамият 2017 йил 13 октябрда давлат рўйхатидан ўтказилган. Фаолият тури – радиоэшиттириш.

«Сардоба мева-сабзавот логистика маркази» МЧЖ

Ташкил этилган вақти – 2018 йил 29 январ;

Устав фонди – 312 млн сўм;

Фаолият йўналиши – мевалар ва сабзавотларни қайта ишлаш ва консервалашнинг бошқа турлари;

«Ўзбекистон темирйўллари» АЖнинг улуши – 40 фоиз.

«Кўприкқурилиш» унитар корхонаси

Ташкил этилган вақти – 1993 йил 7 сентябр;

Устав фонди – 1 млрд 445 млн сўм;

Фаолият йўналиши – бошқа тоифаларга киритилмаган муҳандислик иншоотлари қуриш;

«Ўзбекистон темирйўллари» АЖнинг улуши – 100 фоиз.

«UZXCMG» МЧЖ

Ташкил этилган вақти – 2014 йил 6 феврал;

Устав фонди – 5 млн сўм;

Фаолият йўналиши – тоғ-кон саноати ва ерости конлари учун техника ишлаб чиқариш;

«Ўзбекистон темирйўллари» АЖнинг улуши – 49 фоиз.

«Янги замон бино» МЧЖ

Ташкил этилган вақти – 2016 йил 14 ноябр;

Устав фонди – 566 млрд сўм;

Фаолият йўналиши – турар жой биноларини қуриш;

«Ўзбекистон темирйўллари» АЖнинг улуши – 50 фоиз.

«Темирйўл обод» МЧЖ

Ташкил этилган вақти – 2012 йил 28 феврал;

Устав фонди – 70 млрд сўм;

Фаолият йўналиши – йирик шохли қорамолларнинг сут берадиган зотларини кўпайтириш;

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг улуши – 100 фоиз.

«Локомотив» футбол клуби

Ташкил этилган вақти – 2002 йил 15 феврал;

Устав фонди – 3,18 млрд сўм;

Фаолият йўналиши – спорт клублари фаолияти;

«Ўзбекистон темирйўллари» АЖнинг улуши – 100 фоиз.

«Гулобод мева» МЧЖ

Ташкил этилган вақти – 2010 йил 9 апрель;

Устав фонди – 2 млрд сўм;

Фаолият йўналиши – йирик шохли қорамолларнинг сут берадиган зотларини кўпайтириш;

«Ўзбекистон темирйўллари» АЖнинг улуши – 100 фоиз.

«Наврўз боғи» МЧЖ

Ташкил этилган вақти – 2017 йил 21 август;

Устав фонди – 170 млрд сўм;

Фаолият йўналиши – дам олиш ва кўнгил очишни ташкил этиш бўйича фаолият;

«Ўзбекистон темирйўллари» АЖнинг улуши – 50 фоиз.

«Локомотив истироҳат боғи» МЧЖ

Ташкил этилган вақти – 2012 йил 26 ноябр;

Устав фонди – 33 млрд сўм;

Фаолият йўналиши – истироҳат боғлари ва тематик боғлар фаолияти;

«Ўзбекистон темирйўллари» АЖнинг улуши – 24,2 фоиз.

Достон Аҳроров тайёрлади.

Top