20:44 / 26.09.2023
16247

Путин ўзининг ва бош вазирнинг маошини оширди 

Владимир Путин давлат лавозимларида ишловчилар, жумладан ўзи ва бош вазир Михаил Мишустиннинг маошини 5,5 фоизга индексация қилиш ҳақидаги фармонни имзолади.  

Фото: ТАСС

Россия президенти Владимир Путин давлат хизматчиларининг айрим тоифалари иш ҳақини 5,5 фоизга индексация қилиш тўғрисидаги фармонни имзолади.  

«2023 йил 1 октябрдан бошлаб Россияда давлат лавозимларини эгаллаган шахсларнинг пул мукофотлари 1,055 баравар оширилсин», дейилади ҳужжатда. 

Маоши индексация қилиниши лозим бўлган лавозимлар рўйхатига президент ва бош вазир, Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари, вазирликлар, идоралар раҳбарлари ва бошқа федерал амалдорлар кирган. 

Путин, шунингдек, Бош прокурор ва Тергов қўмитаси раисининг маошини ҳам 5,5 фоизга ошириш ҳақидаги фармонни ҳам имзолади. Бош прокуратурани 2022 йил январидан Игор Краснов бошқариб келмоқда. Тергов қўмитасига 2011 йилдан бери Александр Бастрикин раҳбарлик қилади. 

2021 йилда президентнинг даромади 10,2 миллион рублни ташкил этди, бу 2020 йил охирига нисбатан 2,1 фоизга (208 минг рубл) кўпдир. Бу ҳақда Кремл сайтида унинг даромадлари ва мол-мулки тўғрисида декларация эълон қилинган. 

Россия раҳбарининг 2022 йилги даромадлари ҳақидаги маълумотлар эълон қилинмади. 2022 йил декабрида Путин Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиёти даврида амалдорларнинг даромадлари, харажатлари ва мулклари ҳақидаги маълумотларини интернет ва оммавий ахборот воситаларида мажбурий эълон қилишни бекор этиш ҳақидаги фармонни имзолади. 

Top