Жаҳон | 09:52 / 27.09.2023
3704
3 дақиқада ўқилади

Эстония НАТО давлатларини мудофаа харажатларини оширишга чақирди

Кая Калласнинг сўзларига кўра, Украинадаги уруш фонида Болтиқбўйи минтақаси хавфсизлигига таҳдид совуқ уруш давридагидан ҳам юқори даражага чиқди.

Фото: AP

Эстония бош вазири Кая Каллас НАТОга аъзо бошқа давлатларни Болтиқбўйи давлатларидан ўрнак олиб, мудофаа харажатларини сезиларли даражада оширишга чақирди. Унинг эслатишича, Эстония келаси йили ушбу мақсадлар учун ялпи ички маҳсулотнинг 3,2 фоизини ажратмоқчи. 27 сентябр, чоршанба куни Таллинда очиладиган Болтиқбўйи мудофаа бўйича йиллик конференция (Annual Baltic Conference on Defence/ABCD) олдидан Каллас dpa нашрига берган интервюсида: «Мен НАТО даражасида ҳам шуни талаб қиламан», деди. 

Конференциянинг муҳим мавзуси Россиянинг Украинага қарши давом этаётган уруши фонида Болтиқбўйи минтақасидаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият бўлади. «1988 йилни эсланг, ўшанда НАТОнинг барча иттифоқчилари ялпи ички маҳсулотининг 2 фоиздан ортиғини мудофаага ажратган. Нега? Чунки улар хавфни жиддий қабул қилган», - дея таъкидлади Каллас. Унинг қўшимча қилишича, бугунги кунда бу хавф совуқ уруш давридагидан ҳам каттароқ, чунки «уруш Европага қайтди». 

Бу йил ABCD конференциясида Болтиқбўйи мамлакатлари ва Шимолий Атлантика алянсининг бошқа аъзо давлатлари билан бир қаторда Украина ҳам иштирок этади. Германия томонидан мудофаа вазири Борис Писторуиус қатнашиши кутиляпти. 

Кая Калласнинг эрига тегишли бизнес билан боғлиқ можаро

Август ойи охирида турмуш ўртоғи Арво Халликнинг Россияга юк ташиш билан шуғулланувчи Stark Logistics логистика компаниясида улуши борлиги маълум бўлгач, Россияга қарши санкцияларни кучайтиришга чақирувчи Эстония бош вазири Кая Каллас танқид остида қолган эди. Эстония оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Украинадаги уруш пайтида компания бу бизнесдан 1,5 миллион евро даромад олган. 

Ҳаллик юзага келган вазият учун узр сўради ва ўзининг барча акцияларини компанияга қайтариб сотишга ҳамда директорлар кенгаши аъзолигидан кетишига ваъда берди. Кая Каллас, эрининг сўзларига кўра, унинг тадбиркорлик фаолияти ҳақида билмаган. 

Мавзуга оид