Қўштепа канали Афғонистон шимолида толиблар томонидан Амударёдан сувни буриш учун қурилаётган канал бўлиб, унинг узунлиги 285 км бўлиши кутилмоқда. Қурилиши 2022 йил март ойида бошланган каналнинг ҳозирги кунга қадар 100 км.дан ортиқроқ қисмида қазиш ишлари тўлиқ битирилгани айтилади.

Ўзбекистон ушбу каналнинг Марказий Осиё минтақаси қишлоқ хўжалигига салбий таъсир кўрсатишидан ҳамда канал қурилиши натижасида Амударёдан Орол денгизига борадиган сув миқдори кескин камайишидан доимий хавотирларини билдириб келади. «Толибон»га кўра, ушбу канал қурилиши натижасида 550 минг гектар чўл майдонлари қишлоқ хўжалиги ерларига айланиши кутилмоқда.

Айрим мустақил экспертлар ва муҳандислар лойиҳага шубҳа билан қараб, «Толибон» канални самарали якунлаш бўйича ноу-ҳауга эга эмаслиги ва лойиҳани молиялаштириш қийин бўлиши, чунки ҳеч бир хорижий донор уни қўллаб-қувватлашга тайёр эмаслигини таъкидлайди.

Шу билан бирга, «Толибон»га кўра канал қурилишининг биринчи босқичини тугаллаш учун 8 миллиард АҚШ доллари сарфланган бўлиб, қурилишни давом эттириш учун ҳозирда Хитойдан қўшимча молиялаштириш манбалари жалб этилмоқда.

Агарда масалага халқаро ҳуқуқий нуқтайи назардан ёндашилса, шу нарса маълум бўладики, Афғонистон минтақадаги трансчегаравий сувлардан фойдаланиш бўйича ҳеч қандай минтақавий ёки халқаро шартномаларни имзоламаган. 

Амударё сувларини тақсимлаш бўйича илк шартнома СССР даврига тўғри келиб, унда Амударё сувлари Марказий Осиёнинг тўрт республикаси – Тожикистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Қирғизистон ўртасида ажратилган эди. Марказий Осиё республикалари мустақилликка эришганидан кейинги давр давомида, хусусан, 1992 йилда Олмаотада Амударё сувларидан фойдаланиш бўйича минтақавий шартнома имзоланган ва ушбу шартномада ҳам Афғонистоннинг Амударё сувларидан фойдаланиш ҳуқуқи назарда тутилмаган.

Ўз навбатида, Афғонистон ҳукумати СССР даврида ҳам, Марказий Осиё республикалари мустақиллиги даврида ҳам Афғонистон Амударё сувларидан фойдаланувчи субъект сифатида истисно этиб келинганини иддао қилади.

Можарони халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳал қилиш ҳақида сўз борганда, «Толибон» ҳукуматининг халқаро ҳуқуқдаги мақомига алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз.

«Толибон» 2021 йил августида ҳокимиятни қўлга киритганидан бери уни ҳеч бир давлат Афғонистоннинг янги ҳукумати сифатида расман тан олмаган.

Халқаро ҳуқуқдаги анъанавий ёндашув шундан иборатки, агар у ёки бу ҳокимият гуруҳи давлат ҳудудини тўлиқ, мустақил ва барқарор назорат қилса, унинг ваколати аҳоли томонидан тан олинса ва унга рақобатчи ҳокимият мавжуд бўлмаса, у ҳукумат сифатида таснифланади.