Ўзбекистон | 08:01 / 27.09.2023
7914
2 дақиқада ўқилади

Хитой Фарғонада 500 МВт қувватга эга ҚФС қуришни режалаштирмоқда

Фарғонага 200 млн доллардан зиёд сармоя киритган Хитой компанияси вилоятда янги лойиҳаларни амалга оширмоқчи.

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров Бешариқ туманида жойлашган Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси раҳбарлари Гуан Жонг Ву ҳамда Эркин Маҳмудовни қабул қилди.

Учрашувда Фарғона вилоятига 200 миллион доллардан зиёд тўғридан тўғри хорижий инвестициялар киритган Хитойнинг Shaanxi Xiangsheng Industrial Group Co. Ltd компанияси томонидан ўзи ҳаммуассислигидаги корхонага чегарадош ҳудудда қиймати 300 миллион доллар, қуввати 500 МВтлик қуёш фотоэлектрик станциясини қуриш лойиҳаси муҳокама қилинди. 

Шунингдек, Қиргули спорт-балиқчилик хўжалиги сифатида фойдаланиб келинаётган кўлни замонавий туристик хизматлар билан бойитилган, меҳмонхоналарни ўз ичига олган чўмилиш ва дам олиш зонасига айлантириш лойиҳаси ҳам учрашув кун тартибидан ўрин олди.

Хайрулла Бозоров тунги электр таъминотида камайиш бўлмаслигини олдини олиш мақсадида бундай лойиҳалар энергия сақлаш батарея станциясини ҳам ўз ичига олиши лозимлигини қайд этди ва бу борада лойиҳани қайта ишланган ҳолда тақдим этилишига келишиб олинди.

Қиргули ҳудудидаги кўлни замонавий туристик маконга айлантириш лойиҳаси ўзлари учун жозибадор эканини ва Хитойда бу йўналишда қатор лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширганини билдирган Гуан Жонг Ву, Хитойдаги компания директорлар кенгаши билан киритиладиган инвестиция ҳажмини келишган ҳолда инвестицион таклифни қисқа муддатларда тақдим этишини маълум қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид