Жаҳон | 22:02 / 28.09.2023
5604
2 дақиқада ўқилади

Украина ҳудудлари аннекcия қилинган кун Россияда расмий сана сифатида нишонланади

Путин 30 сентябрни «Бирлашиш куни» сифатида нишонлаш ҳақидаги қонунни имзолади.

Фото: РИА Новости

Россия президенти Владимир Путин имзолаган қонунга кўра, Украинанинг тўртта вилояти аннексия қилинган кун энди расмий сана сифатида нишонланади. Тегишли ҳужжат Россия ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинди.

Қонунга кўра, 30 сентябр куни «Донецк халқ республикаси» (ДХР), «Луганск халқ республикаси» (ЛХР), Запорожие ва Херсон вилоятларининг Россия билан «Бирлашиш куни» сифатида нишонланади.

Қонун лойиҳасининг тушунтириш хатида айтилишича, «Россия таркибига янги ҳудудларни қабул қилиш уларнинг ҳудудида яшовчи халқларнинг иродасига асосланади. Бу миллионлаб одамларнинг ўз сиёсий мақомини эркин ва ташқи таъсирсиз белгилаб олиш бўйича эркин ҳуқуқи ифодасидир».

Россия ўзини ўзи эълон қилган «ДХР» ва «ЛХР» мустақиллигини Украинага бостириб киришдан олдин, 2022 йил 21 февралда тан олганди.

2022 йил 27 сентябр куни қисман босиб олинган Донецк, Луҳанск, Херсон ва Запорижжя областларида Россия ташкиллаштирган «референдум»лар якунланди. 30 сентябр куни Владимир Путин ушбу вилоятларни Россия таркибига қўшиб олиш ҳақидаги фармонни имзолади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид