Ўзбекистон | 08:19 / 28.09.2023
3446
2 дақиқада ўқилади

Япония Ўзбекистонда муқобил энергия лойиҳаларини хусусий шерикчилик асосида амалга оширмоқчи

Токиода Япония ва Марказий Осиё мамлакатлари энергетика соҳаси мутасаддиларининг учрашуви бўлиб ўтди.

Фото: Дунё АА

Токиода бўлиб ўтаётган Tokyo GX Week халқаро ҳафталиги доирасида Япония ва Марказий Осиё давлатлари энергетика вазирларининг учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Унда Япония иқтисодиёт, савдо ва саноат вазири Ясутоши Нишимура, Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов (онлайн), Қозоғистон энергетика вазири Алмасадам Саткалиев (онлайн), Қирғизистон табиий ресурслар, экология ва техник назорат вазири Мелис Тургунбаев, Тожикистон энергетика ва сув ресурслари вазири Далер Жума, Туркманистон давлат вазири – «Туркмангаз» давлат концерни раиси Максат Бабаев иштирок этди.

Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ўз маърузасида мамлакатда Орол фожиаси ва сув ресурсларини чеклангани муаммосига тўхталиб, бу масала минтақавий муаммо эканини қайд этди. Шу билан бирга, 2030 йилгача Ўзбекистонда «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва «яшил» ўсишни таъминлаш дастури қабул қилинганлиги ва дастурга мувофиқ иссиқхона газларининг ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан солиштирма ажратмаларини 2010 йилдаги даражадан 35 фоизга қисқартириш, қайта тикланувчи энергия манбаларининг ишлаб чиқариш қувватини 15 ГВтга ошириш режалаштирилганини таъкидланди.

Ўзбекистон энергетика вазири, шунингдек, бугунги кунда япон компаниялари томонидан мамлакатда қуввати 2500 МВ тенг юқори технологик электр станциялар барпо этилганини ва ҳозир кунда йирик япон компаниялари муқобил энергия лойиҳаларини хусусий шерикчилик асосида амалга оширишга катта қизиқиш билдираётганини таъкидлади.

Мавзуга оид