Жаҳон | 19:42 / 29.09.2023
40013
6 дақиқада ўқилади

«Тоғли Қорабоғ» энди йўқ. Озарбойжон билан урушдаги мағлубиятдан кейин ўн минглаб арманлар ҳудудни тарк этмоқда

Озарбойжон бир кун ичида — 19-20 сентябр кунлари — Қорабоғни ўз назоратига қайтарди. Ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув шартларига кўра, тан олинмаган республика армияси тарқатиб юборилиши, арман бўлинмалари эса олиб кетилиши кўзда тутилган (Арманистон томони у ерда ўз ҳарбийлари бўлмаганини айтади). Қорабоғ аҳолиси ҳудудни ёппасига тарк этмоқда, Арманистон ҳукуматининг сўнгги маълумотларига кўра, у ерда яшаб келган аҳолининг ярмидан ортиғи — 70 мингга яқин киши қочқинга айланганини маълум қилган. 

David Ghahramanyan / Reuters / Scanpix / LETA

Ўзини мустақил деб эълон қилган «Тоғли Қорабоғ Республикаси» ўз мавжудлигини тўхтатади. Тегишли фармон 28 сентябр куни унинг «президенти» Самвел Шаҳраманян томонидан имзолаган. Ҳужжатга кўра, Қорабоғдаги барча давлат муассасалари ва ташкилотлар 2024 йил 1 январга қадар бўлган муддат ичида тарқатиб юборилиши керак. ТҚР 1991 йилдан буён мавжуд эди. Республикани БМТ аъзоси бўлган бирор давлат, жумладан ўттиз йил мобайнида ушбу ҳудудга ҳарбий ва иқтисодий ёрдам кўрсатиб келган Арманистон ҳам тан олмаган.

Бокудаги суд «Тоғли Қорабоғ Республикаси»нинг собиқ давлат вазири, 27 сентябр куни чегарада қўлга олинган миллиардер Рубен Варданянни ҳибсга олиш тўғрисида ҳукм чиқарди. У қўлга олинганидан кейин Бокуга олиб борилганди, кейин эса унга нисбатан терроризмни молиялаштириш, қонунда кўзда тутилмаган қуролли тузилмалар ёки гуруҳлар тузиш ва фаолиятида иштирок этиш ҳамда давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш бўйича айбловлар қўйилган. Озарбойжон терговчилари талқинига кўра, Варданян ўлим ва бошқа оғир оқибатларга олиб келган рейдлар ўтказган ноқонуний қуролли гуруҳлар фаолиятини ташкил этган ҳамда молиялаштирган. У камида 12 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Қорабоғ армиясининг собиқ қўмондони, генерал-лейтенант Левон Мнацаканян ҳам 29 сентябр куни Арманистонга кетишга уринганида Озарбойжон ҳарбийлари томонидан қўлга олинди.

Тан олинмаган «Тоғли Қорабоғ Республикаси»нинг собиқ ташқи ишлар вазири, президент маслаҳатчиси Давид Бабаян эса Озарбойжон ҳукуматига таслим бўлишга қарор қилди. Ўз саҳифасида ёзишича, у Озарбойжоннинг қора рўйхатида бўлган ва расмий Боку «тегишли текширув ўтказиш» учун уни Озарбойжон пойтахтига келишини талаб қилган. «Бугун Шушага боришга қарор қилдим. Бу қарор, табиийки, энг аввало, яқинларимга катта оғриқ, хавотир ва стресс туғдиради, лекин улар тушунишларига ишонаман. Менинг бормаслигим жафокаш халқимизга, жуда кўп кишига янада жиддийроқ зарар етказиши мумкин. Мен ҳалол, меҳнаткаш, ватанпарвар ва христиан сифатида бунга йўл қўя олмайман», деган у.

Қорабоғ ҳудудини у ерда яшаб келган арманларнинг ярмидан ортиғи тарк этиб улгурди. Арманистон бош вазири матбуот котиби Назели Багдасарян 28 сентябр куни берган маълумотга кўра, Арманистонга 68 386 киши кириб келган (Қорабоғдаги арман аҳолиси сони 120 мингга баҳоланарди). Мамлакат ҳукумати олдиндан тайин бўлган яшаш жойига эга бўлмаганларни уй-жой билан таъминлашга ваъда берган. Бош вазир Никол Пашинян яқин вақтлар ичида Қорабоғда арманлар қолмаслигини айтган. У Озарбойжонни «этник тозалаш акти» ўтказишда айблаган. Озарбойжон ТИВ бунга жавобан арманлар ҳудудни тарк этишга қарор қилишига Бокунинг ҳеч қандай алоқаси йўқлигини билдирган, шунингдек, арманларни яшаш жойини тарк этмасликка ва кўп миллатли республика таркибига киришга чақирган.

Москва «вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда», деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков. У Россия биринчи навбатда содир бўлаётган воқеаларнинг ҳуманитар жиҳатларига эътибор қаратаётганини қайд этган. Кремл вакили, шунингдек, минтақадан ўн минглаб одамлар кўчирилишида «айбдорларни изламаслик»ка чақирган. «Бу ўринда ким айбдорлиги ҳақида гапириш ўринсиз бўлса керак, чунки бундай ҳаракатлар учун тўғридан тўғри сабаб йўқ», — деган Песков.

Россиялик тинчликпарвар кучлар «одамларга ёрдам кўрсатишда давом этмоқда», деган Песков. «Уларнинг кўпи [ТҚР аҳолиси] Арманистон ҳудудига кўчиб ўтиш истагини билдирмоқда. Барча истовчиларга кўмак кўрсатилади», — деган Кремл расмийси. Россия тинчликпарвар контингенти Қорабоғда 2020 йил ноябридан буён бўлиб турибди — улар томонлар ўртасидаги туташув чизиғи ҳамда Лочин йўлаги бўйлаб жойлаштирилган. Шу билан бирга, ўтган вақт давомида тинчликпарвар кучлар ҳеч қачон фаол ҳаракатларга киришмаган ва Озарбойжон ҳудудга зарба беришига тўсқинлик қилмаган. Навбатдаги эскалация бошланганида Давлат думасидагилар россиялик ҳарбийлар тинч аҳоли учун эмас, фақат ўзлари учун таҳдид бўлгандагина қурол ишлатиш ҳуқуқига эга бўлишини айтишган.

Irakli Gedenidze / Reuters / Scanpix / LETA
Vasily Krestyaninov / AP / Scanpix / LETA
Irakli Gedenidze / Reuters / Scanpix / LETA
Vasily Krestyaninov / AP / Scanpix / LETA
Roman Ismailov / EPA / Scanpix / LETA
Арманлар Қорабоғни тарк этаётган автомобиллар навбати. Сурат сунъий йўлдошдан олинган
Maxar Technologies / Reuters / Scanpix / LETA
Vasily Krestyaninov / AP / Scanpix / LETA
Hasmik Khachatryan / AFP / Scanpix / LETA
Irakli Gedenidze / Reuters / Scanpix / LETA
Alain Jocard / AFP / Scanpix / LETA
Irakli Gedenidze / Reuters / Scanpix / LETA
Alain Jocard / AFP / Scanpix / LETA
Narek Aleksanyan / EPA / Scanpix / LETA
David Ghahramanyan / Reuters / Scanpix / LETA
Narek Aleksanyan / EPA / Scanpix / LETA
Narek Aleksanyan / EPA / Scanpix / LETA
Narek Aleksanyan / EPA / Scanpix / LETA
Hayk Baghdasaryan / AP / Scanpix / LETA
Alain Jocard / AFP / Scanpix / LETA
Narek Aleksanyan / EPA / Scanpix / LETA

 

Мавзуга оид