Жаҳон | 13:53 / 03.11.2025
1294
3 дақиқада ўқилади

Германияда ҳукмрон партиялар сурияликларни чиқариб юбориш масаласида келиша олмади

Германия ТИВ раҳбари Йоханн Вадефул (ХДИ) сурияликлар яқин вақт ичида ГФРдан ватанга қайта олмаслигини айтди. Бу фикрга Германия ИИВ ва ҳукмрон коалицияга кирувчи ХСИ партияси қўшилмади.

Фото: IMAGO/AA

Германияда ҳокимиятдаги Христиан-демократик иттифоқ (ХДИ) ва Христиан-социал иттифоқ (ХСИ) вакиллари ГФРдан Сурияга қочқинларни қайтариш истиқболларини турлича баҳолади. Бавариядаги ХСИ етакчиларининг баёнотларини 2 ноябр куни Bild am Sonntag келтирди.

30 октябр куни Дамашқ яқинига ташриф пайтида Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул “бундай вайронагарчиликни ҳеч қачон кўрмаганини” айтди. ГФРдаги суриялик қочқинлар ҳақида эса: “Яқин вақтда қайта олмайди. Бу ерда ҳақиқатан муносиб ҳаёт кечириш деярли имконсиз”, — деди.

Вадефул — ХСИ билан яқин партия ҳисобланадиган ХДИ вакили. Уларнинг консерватив блоки ҳозирги ҳукмрон коалицияга бошчилик қилади. Бироқ ХСИ етакчилари сурияликларни қайтариш масаласида партиядош-консерваторидан фарқли фикр билдирди.

ХСИ бош котиби Мартин Хубер Bild am Sonntag'га: “Суриядаги фуқаролик уруши, ниҳоят, якунланди — бу эса ишонч уйғотади. Германия миллионлаб сурияликларни қабул қилди ва ҳимоя қилди. Фуқаролик уруши тугаганидан сўнг бошпана учун асосга эга бўлмаганлар ватанга қайтиши керак”, — деди.

У шундай қўшимча қилди: “Сурияни, агар сурияликларнинг ўзи бўлмаса, яна ким тиклайди? Сурияликларни қайтариш стратегияси зарур. Шунингдек, жиноятчилар ва мамлакатда қолишга рухсати бўлмаганлар Сурияга депортация қилиниши кераклиги ҳам аён. Биз бунинг устида шошилинч тарзда ишлаяпмиз”. Хубер Туркия ҳокимияти мамлакатдаги вайронагарчиликларга қарамасдан сурияликларни ватанга қайтаришни амалга ошираётганини эслатиб, шунга ўхшаш йўл тутишга чақирди.

Германия ҳукуматидаги ХСИ вакили — ички ишлар вазири Александер Добриндт миграция сиёсатини кучайтириш тарафдори. Вадефулнинг Дамашқдаги сўзларидан кейин унинг идораси вакили ГФРдан сурияликларни депортация қилиш режалари кучда қолишини маълум қилди.

“Федерал ҳукумат коалиция келишувида Сурияга депортациялар амалга оширилишини, бу аввало жиноятчилардан бошланишини маъқуллаган, — деди ИИВ вакили Redaktionsnetzwerk Deutschland'га. — ИИВ ҳозирда Сурия билан бундай келишув устида ишлаяпти”.

Бундестагда ХСИ фракцияси раиси Александер Ҳоффман Bild am Sonntag'га: “ИИВ раҳбари биринчи қадам сифатида жиноятчилар ва таҳдид солувчи шахсларни келиб чиқиш мамлакатларига қайтаришга имкон берадиган Сурия билан келишувлар ишлаб чиқаётгани мутлақ зарур ва тўғри. Бу мақсадни биз коалиция келишувида мустаҳкамлаганмиз — ҳукумат уни биргаликда амалга оширади, деб ҳисоблайман”, — деди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид