Максимал балл тўплаганига қарамай, контракт асосида ўқишга қабул қилинган ёшлар шов-шув кўтарилиши ортидан грантда ўқийдиган бўлди, лекин бу муаммо илдизи билан ҳал этилди дегани эмас.
Бу воқеа мисолида ижтимоий тармоқларда таълимдаги ижтимоий адолат масаласи муҳокама марказига чиқди. Хўш, аслида таълимда ижтимоий адолат қандай бўлади, унинг мақсад-вазифалари нималардан иборат, бу борада Ўзбекистон олий таълим тизими қанчалик адолатли?
Мавзу атрофидаги саволларни таҳлил қилиш мақсадида Kun.uz олий таълим мутахассиси Азамат Акбаров ва ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев билан суҳбатлашди.
– Дастлаб, суҳбатнинг асосий қисмига ўтишдан олдин ижтимоий адолат тушунчасига таъриф берсак. Аслида ижтимоий адолат нима, таълимда тенглик бўлиши қанчалик аҳамиятли, сизнингча?
Азамат Акбаров: Одатда халқ ва давлат ўртасидаги келишув пайдо бўлганидан кейин давлатга адолатни ҳимоя қилиш вазифаси юклатилади. Бу – адолатнинг ҳуқуқий томонлари. Қайсидир жамиятда тенгликка путур етадиган бўлса, демакки, ҳуқуқий нормалар ишламаяпти.
Сиз кимгадир сўз бериб, уни бажармасангиз, бу адолатнинг ахлоқий нормасига, ижтимоий тенгсизликка ҳам киради. Турли хил давлатларда ижтимоий тенгсизлик сабаб инсонлар ҳар хил кўринишда ўз фикрларини билдиришган. Яъни жамиятдаги адолатнинг пойдеворларига зарба бериладиган бўлса, бу ерда, албатта, инсонлар ўзининг норозилигини билдиради.
Имконлар ва даромадлар... Имконлар ҳар бир жамиятда тенг тарқатилиши лозим. Буни бошқача айтганда, “contributive” адолат, яъни ҳисса қўшган ҳолда бўлиши мумкин. Қолаверса, имконлар дейилганда, яхши яшаш, сифатли тиббиётдан фойдаланиш, инсон ўзининг иқтидорини ривожлантириши, ўзи истаган ишга кириб ишлаши ёки билим олишини келтирса бўлади. Менимча, бу имкониятлар давлатларда тенг тарқатилиши керак.
Баъзи даромадлар инсоннинг салоҳияти, жамиятга қўшадиган ҳиссасидан келиб чиққан ҳолда рағбатлантириш саналади. Масалан, қайсидир олим ўз вақтида қилган кашфиёти, ёзган мақоласи учун рағбатлантириш, моддий пул ололмайдиган бўлса, ўз устида ишламайди. Мактаб ўқувчилари ҳам шундай. Кимдир яхши ўқигани учун 11-синфдан кейин олтин медал ёки бошқа нарса берилади. Яъни давлатда мана шу имкониятлар ва даромадлар масаласида қандайдир бир суиистеъмолликка бориладиган бўлса, у ерда, албатта, механизмлар бузилишни бошлайди.
Агар биз билим олиш имкониятларини тенг тарқатмайдиган бўлсак ёки инсон ўзи истаган ишда ишлай олмаса, бундай жойда адолат бузилади. Яъни қоидасиз рақобат ўртага киради. Агар биз мана шу қоидасиз рақобатга нормал қарайдиган бўлсак, кимдир ўзининг ижтимоий мавқейидан келиб чиқиб, ундан фойдаланиши мумкин.















