Ўзбекистон | 07:55 / 02.10.2023
3915
2 дақиқада ўқилади

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича органлари қарори суд ҳукмини бекор қилиши мумкин

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мажбуриятларни назорат қилиш учун Олий Мажлис палаталарининг парламент комиссияси ташкил этилиши белгиланмоқда.

“Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини такомиллаштириш муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Жиноят процессуал кодексига киритилиши режалаштирилаётган нормага кўра, суднинг қонуний кучга кирган ҳукми ва ажрими БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг Ўзбекистон юрисдикциясидаги шахснинг тегишли хабарномаси асосида қабул қилган қарорига мувофиқ бекор қилиниши ҳамда иш юритиш қайтадан бошланиши мумкин. Бундай қарор янги очилган ҳолатлар рўйхатига киритилади.

Бугунги кунда янги очилган ҳолатлар қуйидагилардан иборат:

1) жабрланувчининг ёки гувоҳнинг била туриб ёлғон кўрсатма ёхуд экспертнинг била туриб ёлғон хулоса берганлиги, худди шунингдек ашёвий далиллар, тергов ва суд ҳаракатлари баённомаларининг ҳамда бошқа ҳужжатларнинг сохта эканлиги ёки била туриб нотўғри таржима қилингани қонунга хилоф, асоссиз ёки адолатсиз ҳукм, қонунга хилоф ёки асоссиз ажрим чиқарилишига сабаб бўлгани суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқлангани;

2) суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг жиноий хатти-ҳаракатлари;

3) судьянинг жиноий хатти-ҳаракатлари;

4) ўз ҳолича ёки илгари аниқланган ҳолатлар билан биргаликда маҳкумнинг айбсизлигидан ёхуд у ҳукм этилганига нисбатан оғирлиги даражаси бўйича бошқа жиноят содир этганлигидан ёхуд оқланган шахснинг ёки ўзига нисбатан иш тугатилган шахснинг айбдорлигидан далолат берадиган бошқа ҳолатлар.

Худди шу мазмундаги нормалар Фуқаролик процессуал кодекси ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга киритилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мажбуриятларни назорат қилиш учун Олий Мажлис палаталарининг парламент комиссияси ташкил этилиши белгиланмоқда.

Мавзуга оид