Жаҳон | 23:15 / 03.10.2023
8650
2 дақиқада ўқилади

Украина ғалласи Болтиқбўйи орқали экспорт қилинади

Болтиқбўйи портларидан Африка ва дунёнинг бошқа минтақаларига дон жўнатилади. 

Фото: AP

Литва Украина ғалласини Болтиқбўйидаги денгиз портлари орқали экспорт қилишни келишиб олди. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири Габриэлиус Ландсбергис маълум қилди. 

«Россия озиқ-овқатни йўқ қилмоқда, Литва уни етказиб беради. Болтиқбўйи портларидан дон транзити йўлаги қабул қилинди ва келишиб олинди», деб ёзди у ижтимоий тармоқда. 

Литвалик дипломат сўзларига кўра, Украина донини экспорт қилишнинг янги йўналиши Украина чегарасидаги юкламани камайтиради ва Африка мамлакатлари ва дунёнинг бошқа минтақаларига ғалла етказиб бериш ҳажмини ошириш имконини беради. 

Украина донини экспорт қилиш билан боғлиқ муаммолар июл ойида юзага келди: Қора денгиз бўйлаб ташишни назарда тутувчи Россия, Украина ва Туркия иштирокидаги «ғалла битими» муддати тугади. Россия шартномани узайтиришдан бош тортди ва донни сақлаш, ташиш ва экспорт қилиш билан боғлиқ Украина инфратузилмасини ўққа тутиб, йўқ қилишни бошлади. 

Ҳозир Украина Қора денгиз портларидан донни экспорт қилиш йўлакларини тиклашга ҳаракат қилмоқда, аммо ҳажм ҳали жуда кам. Июн ойида «ғалла битими» кучда бўлган даврда Украина 2 млн тонна дон экспорт қилди. Июлда бу кўрсаткич 292 минг тоннани, сентябрда атиги 50 минг тоннани ташкил қилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид