Нуқтайи назар | 20:25 / 04.10.2023
162351
3 дақиқада ўқилади

Темирйўл монополияси ислоҳга муҳтож ёхуд Франция тажрибасидан кичик мисол

Ўзбекистонда темирйўл чипталари нархидаги сезиларли ўзгариш соҳада монополияга қарши тартибга солишни кучайтириш ва рақобат механизмларини киритишга зарурат борлигини эслатмоқда. Аҳоли ўсиши билан ошиб бораётган талабдан таклиф сезиларли ортда қоляпти.

Фото: AP

“Темирйўлларда қандай қилиб рақобат қилиш мумкин, ахир темирйўл қуриш осон эмас-ку?” деган савол бўлиши табиий.

Темирйўл соҳаси ҳукумат назоратидаги монополистик бошқарувда бўлиши кўплаб давлатларда кузатилади. Мисол учун, Россиядаги РЖД – табиий монополист. Ёки Франциядаги SNCF ҳам, яқин йилларгача табиий монополист эди. Лекин, излаган имкон топади. Францияда барча темир йўлларини назорат қилувчи SNCF монополиясини, бошида, ушбу ташкилот доирасидаги рақобат орқали пасайтиришга ҳаракат қилишди. Яъни SNCF'га тегишли Ouigo компанияси ташкил қилинди ва бу компания янги нархлар ва хизматлар сиёсатини ишлаб чиқди.

Мисол учун, SNCF орқали Париждан Анже шаҳрига (масофа тахминан 300 км) тахминан 70 еврога сотилаётган чиптани Ouigo компанияси орқали 20-25 еврога ҳам олса бўларди. Фақат, арзон чипталарни интернетдан олиш керак, чунки Ouigo чиптахоналар очса, харажатлар кўпайиб, чипта яна қиммат бўлиб кетади.

Бунда, поездлар қатновини шундай тартибга солишганки, темирйўллардан бир кунда камида 3-4 марта бошқа компанияларнинг ҳам поездлари ўтишига имкон бериларди. Жадваллар келишилади.

2021 йилдан бошлаб эса Франция ҳудудига бошқа, хорижий темирйўл хизмати компаниялари ҳам кириб кела бошлади. Жумладан, Trenitalia Парижни Италиянинг Милани билан боғлайди.

Оддий қилиб айтганда, табиий монополия соҳаларига ҳам рақобатни олиб кириш истаги бўлса, техник ва технологик ечимларни топса бўлади.

Ўзбекистон аҳолиси жуда тез ўсяпти. Автомобил йўлларининг ўтказувчанлик ва тезлик қобилияти ҳали жуда паст. Магистрал йўллар кўплаб аҳоли пунктлари орқали ўтади, бундай жойларда тезлик 70 км/соат, аҳоли пунктларидан бошқа жойларда эса 100 км/соатдан ошмаслиги керак. “Бетонка”даги бир томонга йўлаклар сони ҳам асосан 2 тадан ошмайди. Хоразмдан Тошкентга ёки Андижонга бормоқчи бўлган одамларнинг жисмоний ва руҳий ҳолатини тасаввур қилаверинг.

Масаланинг хавфсизлик томони ҳам бор. Иқтисодиётнинг қон томирлари – бу транспорт-логистика йўллари ҳисобланади. Мисол учун, нимадир бўлиб Қорақалпоғистондан Андижонгача муқобили йўқ бўлган темирйўл ва автомагистрал тизим ишдан чиқса, нима бўлади? Украина-Россия тўқнашуви ва минтақа атрофидаги геосиёсий турбулентлик даврида, бу савол у қадар ўринсиз эмас. Умуман, келажакка энг яхши тайёргарлик – ҳар қандай муаммоларга назарий ва амалий тайёр туриш ҳисобланади.

Ўзбекистон ўзининг иқтисодий ривожи, қолаверса, хавфсизлиги учун ҳам, ўзининг ичида муқобил ва катта ўтказувчанлиги бор транспорт-логистика тизимини яратиши керак. Жумладан, темирйўл тизимидаги табиий монополияни ўзгартириш вақти келган.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Мавзуга оид