Зеленский Европа сиёсий ҳамжамияти саммитида қатнашиш учун Испанияга борди
Украина президенти сўзларига кўра, саммит доирасида умумий форматларда ишлаш ва муҳим икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Украина президенти Володимир Зеленский 5 октябр, пайшанба куни Европа сиёсий ҳамжамиятининг саммитида иштирок этиш учун Испанияга борди.
Украина раҳбарининг сўзларига кўра, у ҳозирда Испаниянинг Гранада шаҳрида бўлиб турибди.
«Гранада, Испания. Европа сиёсий ҳамжамиятининг саммити. Украина бошқа давлатлар қатори қитъада хавфсизлик ва барқарорлик учун бизнинг умумий Европа уйимизда иштирок этади», — деб ёзди Зеленский Telegram-каналида.
Унинг сўзларига кўра, саммит доирасида умумий форматларда ишлаш ва муҳим икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтиши режалаштирилган.
«Биз учун, айниқса қиш олдидан, ҳаво мудофаасини кучайтириш муҳим ва ҳамкорлар билан янги келишувлар учун асос мавжуд. Биз уларни тасдиқлаш ва амалга оширишга тайёрланяпмиз», — деди Зеленский.
Яна бир муҳим мавзу, Украина раҳбарининг сўзларига кўра, Европада мавжуд хавфсизлик архитектурасини мустаҳкамлаш, хусусан, минтақавий хавфсизлик жиҳатлари бўлади.
«Украинанинг муҳим таклифлари бор. Қора денгиз минтақаси ва глобал озиқ-овқат хавфсизлиги, навигация эркинлигини ҳимоя қилиш бўйича биргаликдаги ишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу кун Украина ва бутун Европа учун самарали бўлиши керак», — дея хулоса қилди президент.
Аввалроқ Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел ЕИга аъзо давлатлар раҳбарларига 6 октябр куни Гранадада бўладиган норасмий учрашувга таклифнома юборган эди.
Саммитда ЕИ олдида турган долзарб масалаларни муҳокама қилиш, шунингдек, иттифоқнинг келгусидаги устувор йўналишлари ҳақида фикр юритиш жараёнини бошлаш режалаштирилган.
Хусусан, Мишел таъкидлаганидек, муҳокамалар давомида 2024-2029 йилларга мўлжалланган стратегик кун тартибига ҳам тўхталиб ўтиш режалаштирилган.
Мавзуга оид
14:30 / 09.11.2024
Зеленский РФ билан хавфсизлик кафолатларисиз сулҳ тузишни рад этди
10:42 / 08.11.2024
Зеленский Будапештда РФга ён босмасликка чақирди
09:08 / 08.11.2024
Зеленский: Курск областидаги КХДР аскарлари йўқотишларга дучор бўлмоқда
08:30 / 07.11.2024