Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Европа Гранадада йиғилди: Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ваъда қилинди
Гранададаги саммитда Европанинг 50 га яқин давлати қатнашди, унинг мақсадларидан бири Киевни қўллаб-қувватлашда бирдамликни мустаҳкамлаш эди. Зеленский аниқ натижаларга ҳам эришди - унга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ваъда қилинди.
Аҳолиси чорак миллиондан кам бўлган Испания Андалузиясининг сайёҳлик магнити Гранада 5 октябр, пайшанба куни 50 га яқин давлат раҳбарларининг саммити - Европа сиёсий ҳамжамияти йиғилишига мезбонлик қилди. Тарихий марказ яқинидаги одатда гавжум кўчалар бўшаб қолди: тадбир бўлиб ўтаётган анжуманлар марказига олиб борувчи йўллар тўсиб қўйилди, жамоат транспорти айланма йўллар билан ҳаракатланди, яқин атрофдаги бинолар аҳолиси эса уйга етиб бориш учун полиция кордонларини айланиб ўтишга мажбур бўлди. «Бизга, албатта, 5 ва 6 октябрда шундай бўлишини маълум қилишди, лекин бир кун олдин кўчага чиқишнинг иложи бўлмаслиги - ажабланарли», дейди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.
Бироқ, Гранадага Алгамбра - 13-14-асрлардаги мавритан саройи ва парк архитектурасининг дурдона асарини ўз кўзи билан кўриш учун келган сайёҳлар умидсизликка тушган. Шаҳарнинг асосий диққатга сазовор жойи улар учун уч кун давомида ёпилди, чунки у фақат саммитнинг юқори мартабали меҳмонларига кўрсатилади. «Биз яна Гранадага қайтишимиз керак бўлади», дейди Америка Қўшма Штатларидан келган кекса сайёҳ.
Бундай кенг миқёсли саммитлар Европа учун янги форматдир: биринчи бундай учрашув бир йил аввал Прагада бўлиб ўтган. Кейин май ойида саммитга Молдова мезбонлик қилди, меҳмонлар Кишинёвдан 20 км узоқликдаги саройга таклиф қилинди, бутун мамлакат осмони тўсиб қўйилди. Энди навбат ЕИ кенгашига ҳам раислик қилаётган ва 6 октябр куни Гранадада норасмий саммитни ўтказаётган Испанияга келди.
«Европада бирдамликни сақлаб қолиш»
Европа сиёсий ҳамжамиятининг формати ўзига хос хусусиятга эга, чунки у Европа Иттифоқидан ташқаридаги кўплаб давлатлар, жумладан, Украина учун ҳам мулоқот платформасини яратади. «Биз учун асосий муаммо нафақат Европа Иттифоқида, балки бутун Европа қитъасида бирдамликни сақлаб қолишдир», деди Украина президенти Володимир Зеленский саммитда журналистларга. Одатдагидек, унинг келиши ҳақида бир неча соат олдин маълум бўлди: Зеленский иштироки «хавфсизлик нуқтаи назаридан» сўнгги дақиқаларгача тасдиқланмай турди.
Саммит бошида сўз Украина президентига берилди, ундан ташқари форум мезбони Испания давлат раҳбари ва Европа Иттифоқи етакчилари – ЕИ кенгаши раҳбари Шарл Мишел, Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен ҳам сўзга чиқди. Зеленский ўз ҳамкасбларига Харкивда болаларни ўқлардан ҳимоя қилиш ва уларга тўлақонли таълим бериш учун метро бекатларида мактаблар қандай ташкил этилгани ҳақида сўзлаб берди.
«Биз 2023 йилда яшаяпмиз. Россия билан қўшничилик мана шундай нарсаларни келтириб чиқаряпти», деди у ва Украина разведкаси маълумотларини келтирди. Уларга кўра, Россия 2028 йилгача Украина Қуролли кучлари томонидан йўқ қилинган ҳарбий салоҳиятини тиклай олади. Зеленский бундан кейин Болтиқбўйи мамлакатлари Россия ҳужумларининг потенциал нишонига айланиши мумкинлигини айтди. «Россия ҳарбий мағлубият билан зарарсизлантирилиши керак, - деди президент. - Биз Украинада ғалаба қозонишимиз керак, шунда у бу тажовузни бошқа бировга ўтказа олмайди». «Сизнинг шаҳарларингиз болаларингизни ҳимоя қилиш учун етарли даражада метро станцияларига эгами?» — деб сўради у Европа етакчиларидан.
Европа сиёсий ҳамжамиятининг саммитидан кўзланган мақсад Европа етакчилари қатнашаётганидан фойдаланиб, Россиянинг Украинага бўлган агрессиясига қарши туришда «бирдамликни тиклаш»дир, дея маълум қилди Мадрид. Саммит иштирокчилари бирдамлик ва Украинани рамзий даражада қўллаб-қувватлашини намойиш этди.
Украина учун аниқ натижалар бор
Бу саммит форматида жамоавий қарорлар қабул қилинмайди ва умумий баёнотлар берилмайди. Бироқ икки томонлама музокаралар чоғида Германия ва Испания Зеленский билан Украинага қўшимча ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини тақдим этишга келишиб олди. Зеленскийнинг сўзларига кўра, худди шу қўллаб-қувватлаш Франция президенти Эмманюэл Макрон билан суҳбатда муҳокама қилинган. «Мен бу тизимларнинг барчасини йиға олишимизга ишонаман ва уларнинг барчаси Украинага етиб боради», деди у Германия канцлери Олаф Шолц билан учрашувда «кучли ечим» ҳақида сўз юритилганини таъкидлаб. «Германия ҳукумати ҳозирданоқ қишки даврда Украинани Patriot тизимлари билан таъминлашга ҳаракат қилади», деди Украина президенти журналистларга.
Барча делегациялар иштирок этган улкан «п» ҳарфи шаклидаги столда ялпи қисм якунланганидан сўнг мамлакат раҳбарлари гуруҳларга бўлиниб ишлади. «Кўп томонламалик ва геостратегия» гуруҳида Украинадаги уруш оқибатлари муҳокама қилинди. Испания НАТО ва Европа Иттифоқидаги иттифоқдошлари билан биргаликда Киевни «қатъий ва тўлиқ» қўллаб-қувватлашда давом этиш ниятини тасдиқлади. «Европа Иттифоқи Украина ва унинг халқига қанчалик зарур бўлса, шунча кучли сиёсий, иқтисодий, ҳарбий, молиявий ва ҳуманитар ёрдам кўрсатишда давом этади», дея маълум қилди Испания томони ЕИ кенгашининг муваққат раиси сифатида.
Унинг раҳбари Шарл Мишел Володимир Зеленскийга шахсан мурожаат қилиб: «Биз сиз ва Украина халқи биланмиз», деб ишонтирди. Унинг эслатишича, Европа Иттифоқи аллақачон Украинага ёрдам учун 82 миллиард евро ажратган ва янги кенг кўламли пакет тайёрламоқда. Мишел, шунингдек, Европа Иттифоқи Россияга нисбатан санкциялар босимини ошириш учун 2024 йилдан бошлаб G7 даражасида рус олмосларига эмбарго қўйишни қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Кейинроқ Зеленский Россия ядро саноатига тааллуқли бўлган ўн иккинчи санкциялар пакети ҳақида гапирди.
«Бизнинг бурчимиз - Украина ғалаба қозонишига эришиш. Бунда, куч ҳукмронлиги муҳим эмас. Мажбуриятимиз - Европа хавфсизлик архитектурасини тиклаш, токи европаликлар бу қитъада тинчлик ва эркинликда яшасин. Европа сиёсий ҳамжамиятида шу жиҳатлардан келиб чиқишимиз керак», - деди фон дер Ляйен.
Қорабоғ учун қўлдан бой берилган имконият
Шу билан бирга, халқаро ҳамжамиятнинг ушбу форумда Арманистон ва Озарбойжон раҳбарлари ўртасида тўғридан тўғри музокаралар ўтказиш мумкин, деган умиди ўзини оқламади. Президент Илҳом Алиев тадбирга келмади, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳам аниқ сабаб кўрсатмасдан сафарни бекор қилди.
Аммо Арманистон бош вазири Никол Пашинян келиб, Мишел, Макрон ва Шолц билан учрашди, улар Европа Иттифоқи ва Арманистон ўртасидаги муносабатларни ҳар томонлама мустаҳкамлашга тайёр эканини маълум қилди ҳамда Қорабоғ арманларининг оммавий чиқиб кетиши муносабати билан қўшимча ҳуманитар ёрдам кўрсатиш зарурлигига келишиб олди. Мишелнинг сўзларига кўра, ижобий ўзгаришлар бўлган ҳамда тез орада Брюсселда Арманистон ва Озарбойжон ўртасида музокаралар бўлиб ўтиши кутилмоқда. Лекин буни ҳали Ереван ва, биринчи навбатда, Боку тасдиқлаши керак.
Пашинян Зеленский билан ҳам гаплашди – бу уларнинг ўз мамлакатларида бутун раҳбарлик давридаги биринчи учрашуви бўлди. Сиёсатчилар Европа сиёсий ҳамжамиятининг саммити доирасидаги бундай учрашувлар учун ушбу платформани маъқул кўради. Айниқса, Европа Иттифоқига номзодлар, Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган давлатлар ва Европа Иттифоқи раҳбарлари билан муҳим мавзуларни муҳокама қилиш учун форумдан фойдаланадиган кичикроқ давлатларга бу керак.
Саммитлар ўзига хос қийматми?
Таҳлилчилар ҳам аниқ натижалар йўқлигига қарамай, ушбу саммитни зарур деб ҳисобламоқда. Брюсселдаги Европа сиёсатини ўрганиш маркази сиёсатшуноси Стивен Блокманс бу форматни эркин боғланган Европа сиёсий ҳамжамияти учун фойдали деб ҳисоблайди. «Учрашувларни давом эттириш, мулоқот учун очиқ имкониятларни сақлаб қолиш ва конструктив ёндашувнинг ўзи ижобий ҳолатдир. Бундай учрашувларсиз имкониятлар умуман бўлмасди. Бу Европа сиёсий ҳамкорлиги тарафдорларининг фикри», - дейди Стивен Блокманс DW нашрига берган интервюсида.

Кейинги саммит Буюк Британияда бўлиб ўтади. Унинг ўтказилишининг аниқ жойи ва санаси ҳали номаълум.
Мавзуга оид
17:18 / 28.06.2026
Европада ноодатий жазирама кузатилмоқда – суратлар
08:22 / 26.06.2026
Европада электромобилларни энг кўп қайси мамлакатлар харид қилмоқда?
08:17 / 18.06.2026
Европада сўнгги ўн йилликлардаги энг йирик инфратузилма лойиҳаларидан бири бошланди
09:15 / 15.06.2026