Авто | 08:22
813
2 дақиқада ўқилади

Европада электромобилларни энг кўп қайси мамлакатлар харид қилмоқда?

2025 йилда дунё бўйича сотилган ҳар тўртта янги автомобилнинг бири электромобил ёки гибрид бўлди. Европада эса электромобилларга бўлган талаб мамлакатларга қараб кескин фарқ қилган бўлиб, энг юқори кўрсаткич Шимолий Европа давлатларида қайд этилган.

Фото: AP

World in Maps тайёрлаган инфографикага кўра, Европа мамлакатларида янги сотилган автомобиллар орасида электр двигателига эга транспорт воситалари улуши сезиларли даражада фарқ қилади.

Энг юқори кўрсаткич Норвегияда кузатилган. У ерда 2025 йилда сотиб олинган янги автомобилларнинг 97 фоизи электромобил ёки гибрид турига мансуб бўлган. Бу мамлакатни Европа ва дунёда мазкур йўналишдаги мутлақ етакчига айлантирган.

Норвегиядан кейинги ўринларни Дания (71 фоиз) ва Исландия (62 фоиз) эгаллаган. Шунингдек, Швеция, Нидерландия ва Финландияда ҳам янги сотилган автомобилларнинг ярмидан кўпи электр двигатели билан жиҳозланган.

Жанубий Европа мамлакатлари орасида Португалия алоҳида ажралиб туради. Бу ерда 2025 йилда харид қилинган янги автомобилларнинг 38 фоизи электромобил ёки гибрид бўлган. Бу кўрсаткич бўйича Португалия Буюк Британияни (35 фоиз) ва Германияни (30 фоиз) ҳам ортда қолдирган.

Марказий ва Шарқий Европада эса электромобилларга қизиқиш нисбатан паст бўлиб қолмоқда. Хусусан, Россияда янги автомобиллар орасида электромобиллар улуши атиги 2 фоизни ташкил этган.

Шунингдек, Хорватия, Болгария ва Руминияда ҳам электр двигателига эга автомобилларни харид қилиш даражаси Европа ўртача кўрсаткичидан анча паст бўлган.

Мутахассислар бу фарқни давлатларнинг экологик сиёсати, электромобиллар учун тақдим этиладиган имтиёзлар, зарядлаш инфратузилмаси ривожланганлиги ҳамда аҳоли даромадлари билан изоҳламоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид