22:01 / 07.10.2023
42554

“Ал-Ақсо тўфони” қандай геосиёсий фонда рўй бермоқда?

7 октябр тонгида ҲАМАС Исроил томон ёппасига ракета ҳужумларини амалга ошириб, айрим аҳоли пунктларини назоратга олишга интила бошлади. Бунинг ортидан Исроил ҳам Ғазо бўлгасига жавоб зарбаларини йўлламоқда. Kun.uz мухбири вазиятни таҳлил қилиш учун сиёсатшунос Камолиддин Раббимовга саволлар билан юзланди.

— Операциянинг биринчи 20 дақиқасида 5 мингга яқин ракета учирилган деган хабарлар бор. ҲАМАСнинг бу ҳужуми бутун Фаластин ҳукумати иродасини англатадими?

— Фаластинда 2 та катта сиёсий куч бор. Бири – ҳокимиятдаги Маҳмуд Аббос ва унинг назоратидаги ғарбий соҳил, қолаверса Ғазо сектори. Ғазода ҲАМАСнинг таъсири кучлироқ. Асосий масала – Фаластиндаги ички сиёсий вазият ва геосиёсий вазият. Расмий Пекин воситачилигида Саудия ва Исроил ярашди. Ўша пайтда Исроил буни хавотирли қабул қилди. Чунки минтақадаги икки қудратли давлат ярашишини ўзига нисбатан хавф деб билди. Исроил бош вазирига эътирозлар бўлдики, биз учун бу ярашув таҳдиди бўлди, деган. Исроил сиёсатига кўра, минтақадаги мусулмон давлатлари бирлашмаслиги керак. Лекин кейинги пайтда бу нарса амалга ошди.

Сентябрдаги БМТ сессиясида Хитой раисининг биринчи ўринбосари Фаластин мавзусини биринчи бўлиб кўтарди. Шу пайтгача бу борада Хитой нейтрал эди. Лекин сўнгги пайтларда Хитой Фаластинни ҳомийликка олаётгандек. 1967 йилдаги чегаралар бўйича Фаластин давлати тузилиши минтақадаги хавфсизлик ва барқарорликнинг ягона шарти, деб айтиб ўтди Хитой тарафи. Бу шартни Исроил қабул қилолмайди. Қолаверса, АҚШ ҳокимиятида бугун демократлар. Яъни Исроил ташкил топгандан буён унинг ҳомийси АҚШ. АҚШ БМТдаги ветоларининг 80 фоизини Исроилни ҳимоя қилиш учун ишлатган. Фақат Обама президентлик давридагина АҚШ Исроилни ҳимоя қилиш учун вето бермади. Трамп даврида эса жуда юқори даражада қўллаб-қувватлади. Ҳозирги кунда АҚШнинг қўллови Трамп давридагидай эмас.

Ҳар бир катта воқеанинг яширин геосиёсий мотивлари, сабаблари бўлади. Дунёда, Украина уруши фонида коллектив Ғарб ва АҚШга нисбатан йиғилиб қолган эътирозларни билдириш кўпайиб боряпти. Эрон ва Саудия ўртасида Фаластин масаласида маълум бир келишувлар бўлиши мумкин.

Бу ҳужумларни Фаластин халқи қўллайди деб ўйлайман. Ўтган даврда БМТда энг кўп танқидга учраган давлат – Исроил. 1967 йилги чегарадан кейин ҳам Ғазони, ғарбий соҳилни ва бошқа ҳудудларни эгаллаб олаётган айнан Исроил. Фаластиннинг ўтган 70 йилда тўпланиб қолган норозилиги мавжуд.

— Озарбойжон ва Арманистон зиддиятида Исроил Озарбойжонни қўллади. Нега бундай?

— Қорабоғ масаласида геосиёсат асосий рол ўйнади. Яқин Шарқда геосиёсатдан ташқари диний ва цивилизацион омил ҳам кучли. Исроил Озарбойжонни қўллашига сабаб Озарбойжон орқали Эронга босим қилиш мумкин. Чунки Исроилнинг минтақадаги биринчи рақамли душмани – Эрон. 1979 йилги инқилобдан сўнг Эрон Исроилни минтақадаги энг катта оппоненти деб билган. Исроил Эронга қарши эканини кўрсатиш учун Озарбойжонга ёрдам беради.

Яқин Шарқда одатда минтақанинг йирик давлатлари ҳамжиҳат бўлмаган. Бир томондан Саудия, иккинчи томондан Эрон, учинчи томондан Туркия. Туркия Эрдўған давригача Исроил билан нормал алоқаларда бўлган давлат ҳисобланади. Минтақадаги 3 та мусулмон давлат Исроилни тан олган: Туркия, Миср, Иордания. Араб давлатлари ичида Исроилга позицияни бир хил сақлаш келишуви бор. Трамп даврида босимлар билан баъзи араб давлатлари Исроил билан алоқалар ўрнатишга мажбур бўлди.

— Исроил разведкаси бу ҳужумларни билмаган бўлиши мумкинми?

— Исроил разведкаси бу ҳужумларни тахмин қилган бўлиши мумкин. ҲАМАСга қандай жавоб қайтаришини билмаймиз, лекин одатда Исроил нопропорционал агрессив жавоб бериб келган шу пайтгача. Исроил баъзида бўладиган ҳужумларни билса ҳам жим туради, дунё ҳамжамиятига ўзини қурбон сифатида кўрсатади ва катта қарши ҳужум қилади.

2004-05 йилларда Исроил 11 сентябр воқеалари фонида терроризмга қарши кураш баҳонаси билан Фаластиннинг муҳим маъмурий бинолари, инфратузилмасини йўқ қилган эди. Исроилни минтақадаги ўта агрессив давлат дейиш мумкин.

— Нетаняҳу Исроил ва Саудия Арабистони “тарихий тинчлик ёқасида” деган эди, ушбу фонда ташқи таъсир қандай?

— Саудия билан Исроил муносабатлари Трамп даврида илиқлашиб борди, бунга икки омил бор эди: Эроннинг умумий душман экани ва Трампнинг босими. Кутилмаганда Эрон ва Саудия ярашуви АҚШни ғазаблантирди. Саудия сўнгги 5 йил ичида АҚШ геосиёсатидан анча узоқлашди. Яқинда БАА билан биргаликда БРИКСга ҳам ариза берди. Биламизки, БРИКС глобал майдонда янги иқтисодий куч ва доллар гегемониясига чек қўйиш ҳаракатидаги бирлашма. Саудия ҳам Туркия каби глобал жануб давлатлари билан АҚШ геосиёсатидан чекиняпти.

— ҲАМАСнинг ҳаракатларида Эрон ва Саудиянинг роли борми?

— Менимча, бор. Бундай масалалар ёпиқ қолади, лекин тахмин қилиш мумкин. Саудия ва Эрон якдил бўлиб Фаластинни қўлласа, АҚШнинг ҳам, Исроилнинг ҳам вазияти анча қийинлашиб қолади. Чунки Саудия – Форс кўрфази араб давлатлари ичида яққол лидер. Бошқа араб давлатлари ҳам Саудияга қулоқ солади. Бу вазиятда Эрдўған ҳам Фаластин давлатининг ташкил топишини хоҳлайди.

— Ғазодаги ҲАМАСни дастакловчи минтақадаги асосий куч марказлари қайсилар?

— Кўпроқ хорижий давлатлар. Молиявий масалада олдинлари Фаластин давлатини закот орқали қўллаш жуда кучли эди. Лекин сиёсий қўллаш совет иттифоқи назоратида эди. Иттифоқ қулагач, маълум муддат қўлловчиси йўқолди. Бугунги кунда Хитой шу вазифани ўташни синаб кўрмоқчи.

АҚШ Шарқий Туркистон мустақиллигини қўллаш ниятида, бунга жавобан эса Хитой Фаластинни қўлламоқчи.

11 сентябр воқеаларидан кейин АҚШ босими билан закот орқали маблағ келиши тўхтатилди. Қатар давлати расмий равишда Фаластин ҳукуматига маълум бир маблағлар бериб келди. Кейинги даврда Фаластинни қўллаш даражаси ошиб бораверади.

Нормуҳаммад Али Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзу
ҲАМАС–Исроил уруши
7 октябр куни Ғазо бўлгасидаги ҲАМАС кучлари Исроилга ёппасига ракета зарбалари берди ва чегарадаги аҳоли пунктларини эгаллай бошлади. Бунга жавобан Исроил ташкилотга қарши уруш очди. Бу сафарги эскалация аввал кузатилмаган даражада кўп қурбонларга олиб келди.
Барчаси
Top