Жаҳон | 08:01 / 07.10.2023
3934
2 дақиқада ўқилади

БМТ суди Арманистоннинг Озарбойжонга қарши даъвоси бўйича очиқ мажлис ўтказади

Ҳаагадаги БМТ Халқаро судининг Қорабоғдаги муваққат чоралар ҳақидаги даъвоси бўйича эшитувлари 12 октябр куни бўлиб ўтади.

Фото: AP

Ҳаагадаги Халқаро суд Арманистоннинг Озарбойжонга қарши Қорабоғдаги арман аҳолисига нисбатан камситишнинг олдини олиш бўйича вақтинчалик чоралар кўриш талаб қилинган даъвоси бўйича очиқ эшитувлар ўтказишни белгилади. 6 октябр, жума куни муассаса матбуот хизмати хабарига кўра, суд мажлиси 12 октябр куни бўлиб ўтади.

Арманистоннинг даъвоси 29 сентябр куни Халқаро судга тақдим этилган. Унда Ереван Бокудан барчага Қорабоғдан чиқиб кетиш имкониятини беришни, БМТ ва Қизил Хоч вакилларининг минтақадаги арман аҳолиси билан мулоқотини таъминлашни ва коммунал тизимни тиклашга ёрдам беришни талаб қилди. Арманистон, шунингдек, Озарбойжондан илгари тан олинмаган ва тугатилган Қорабоғ Республикаси ҳукумати томонидан берилган фуқаролик ҳолати далолатномалари тўғрисидаги гувоҳномаларни ҳақиқий деб тан олишини ҳамда Қорабоғнинг амалдаги ёки собиқ сиёсий вакиллари ёки ҳарбий хизматчиларига нисбатан жазо чораларини кўрмаслигини сўраяпти.

Бундан ташқари, арман томони Озарбойжон ҳарбийлари ва хавфсизлик кучларидан Қорабоғдаги тинч аҳоли пунктларини тарк этишни талаб қилиб, минтақадаги арман маданий мероси обидаларини бузиш тақиқланишини талаб қилмоқда. 

100 мингга яқин арман Қорабоғдан чиқиб кетди 

19 сентябр куни, халқаро ҳуқуққа кўра, ҳудудида Қорабоғ жойлашган Озарбойжон минтақада ҳарбий амалиёт бошлади. Орадан бир кун ўтмай тан олинмаган Қорабоғ Республикаси раҳбарияти қаршиликни тўхтатаётганини эълон қилди. Шу фонда Қорабоғдан этник арманларнинг оммавий чиқиб кетиши бошланди. Натижада Арманистонга 100 мингга яқин қорабоғлик қочқин кириб борди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид