Бугун СССР даври ҳақида гап кетганда айрим юртдошларимиз «жиноятчилик йўқ эди, одамлар фаровон яшарди» дейишади. Одамларнинг қанчалик «фаровон» яшагани бу алоҳида мавзу. СССРда жиноятчилик йўқ эди деган гап ёлғон.

Зўравонлик устига қурилган бу давлатда ҳар йили кўплаб жиноятлар содир этиларди. Бироқ бу ҳақда одамларга билдирилмас, улар оммадан яшириларди.

Чингиз Айтматовнинг 1980-йил ўрталарида чоп этилган «Қиёмат» романини эслайлик. Роман қаҳрамони Авдий Калистаров вилоятдаги бош газетада мухбир бўлиб ишлайди ва Қозоғистон чўлларида ўсиб турган ёввойи наша СССРнинг турли ҳудудларига қандай тарқатилаётгани ҳақида мақола қилмоқчи бўлади.

Авдийни Қозоғистонга юборган газета бош муҳаррири йигит мақолани ёзиб борганидан сўнг уни чоп этишни хоҳламайди. Чунки ўша пайтларда СССРда гиёҳвандлик авж олаётгани ва ёшлар орасида бу заҳри қотилни истеъмол қилувчилар кўпайиб бораётгани зўр бериб яшириларди.

Одамларга «СССРда одамлар бахтли ва фаровон яшаяпти, гиёҳвандлик, жиноятчилик умуман йўқ деб уқтириларди. Аслида эса гиёҳвандлик ҳам бор эди, жиноятчилик ҳам.

Масалан, 1980-йиллар бошида жиноий гуруҳ кўплаб уруш фахрийларини ўлдириб, қимматбаҳо орден ва медалларини олиб кетганда бу иш ҳам бошқа жиноятлар каби оммадан яширилади.

Совет даврида оммадан яширилган жуда кўп воқеа ва ҳодисалар зулм салтанати – СССР парчаланиб кетгандан сўнг ошкор бўлди. Жумладан, уруш фахрийларининг ўлдириб кетилиши ҳам.

Қотиллик ҳақида хабар

1983 йилда СССРдаги марказий газеталардан бир нечтаси Смоленск вилояти Угран тумани Баскаков қишлоғида содир бўлган жиноят ҳақида ёзиб чиқади. Маълум бўлишича, номаълум шахслар икки нафар уруш фахрийсини ўлдириб, уларнинг барча орден ва медалларини олиб кетишган.

Кўп ўтмай Москвада яшовчи Совет иттифоқи қаҳрамони, вице-адмирал Георгий Холостяков ва унинг рафиқаси ҳам ўлдириб кетилади. Шундан сўнг аҳоли орасида ваҳима тарқалади.

Уруш фахрийларининг ўлдирилиши ҳатто хорижда ҳам овоза бўлади ва АҚШда чоп этиладиган Лос-Анжелес Таймс газетасида «СССРда Брежневнинг дўстларини ўлдиришни бошлашди» деган хабар берилади.

Америкаликларнинг бундай сарлавҳа қўйишига ҳам қисман асос бор эди. 1982 йил 10 ноябр куни Леонид Брежнев вафот этгач унинг ўрнига СССР раҳбари бўлган собиқ КГБ раҳбари Юрий Андропов мамлакат бўйлаб жуда катта тозалаш ўтказади.

У Брежневга яқин бўлган кўплаб инсонларни ишдан олади. Уларнинг аксарияти қамалади. Жумладан, Брежнев билан болаликдан дўст бўлган СССР ички ишлар вазири Николай Шчёлоков ҳам Андроповнинг нишонига айланади.