Ўзбекистон | 15:06
597
2 дақиқада ўқилади

Давлат харидларида 28 мингдан ортиқ рақобатга зид ҳолат аниқланди — Рақобат қўмитаси

Ўтган 2025 йил давомида давлат харидларида шаффофлик ва адолатли рақобатни таъминлаш мақсадида ўтказилган ўрганишлар натижасида 28 мингдан ортиқ рақобатга зид ҳолатлар аниқланди.

Рақобат қўмитаси маълумотига кўра, давлат буюртмачилари томонидан ўтказилган бошланғич қиймати 18,8 трлн сўм бўлган 23 мингдан ортиқ давлат харидлари ўрганиб чиқилди. Таҳлиллар натижасида 16 135 та савдо жараёнида жами 28 304 та рақобатга зид ҳаракатлар қайд этилди.

Хусусан, 16 017 та ҳолатда савдоларни ўтказиш тартиби қонун ҳужжатларига зид равишда бузилган. Шунингдек, 1 145 та ҳолатда иштирокчилар фаолиятини мувофиқлаштириш, 801 та ҳолатда эса савдо иштирокчиларини асоссиз равишда четлаштириш ҳолатлари аниқланган.

Бундан ташқари, 8 647 та ҳолатда савдоларнинг айрим иштирокчилари учун имтиёзли шарт-шароитлар яратиб берилгани, 685 та ҳолатда иштирокчилар ўртасида, 61 та ҳолатда эса буюртмачи ва иштирокчилар ўртасида аффилланганлик ҳолатлари қайд этилган. Яна 948 та ҳолатда бошқа турдаги рақобатга зид ҳаракатлар аниқланган.

Аниқланган қонунбузилишлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда бошқа ваколатли органлар билан ҳамкорликда ўрганилиб, 11 427 та харид бўйича тегишли органларга маълумотлар тақдим этилди. Шунингдек, 4 708 та харид юзасидан ишлар қўзғатилиб, давлат харидлари субъектларининг мансабдор шахсларига нисбатан 714 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилиб, судларга юборилди.

Қайд этилишича, қонун бузилишига йўл қўйган корпоратив буюртмачиларга нисбатан молиявий жарималар қўлланилиб, келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича кўрсатмалар берилган. Рақобат қўмитаси давлат харидларида адолатли рақобат муҳитини таъминлаш бўйича мониторинг ишларини давом эттирмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид