«МЮ»да фантастик камбэк ва дарвозабонга айланган Жиру. Кун ўйинлари якунлари
|18:55 / 08.10.202337 21816 мин
Беллингҳем «Реал»даги фаолиятини Роналдудан кучлироқ бошлади. Шанба оқшомида Европа чемпионатларида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.
Англия: Тен Ҳагни кутилмаган қаҳрамонлар қутқарди, «Тоттенҳэм» биринчи ўринда
Куннинг биринчи ўйини натижасини олдиндан тахмин қилиш мумкин эди. «Арсенал» ва «Манчестер Сити» ўртасидаги якшанба кунги тўқнашувга қадар биринчи ўринга чиқиб олиш имконига эга бўлган «Тоттенҳэм» аутсайдерга қарши ўйинни рақиб дарвозаси атрофида ўтказди. Биринчи бўлимда «Лутон»нинг очиқчасига омади келди — «шпорлар» вазиятларидан фойдалана олганида ҳисоб ўйин стартидаёқ йирик кўриниш олган бўларди.
Аммо дарҳол ҳисобни оча олмаган меҳмонлар танаффусгача ҳам буни уддалай олишмади, шу билан бирга гол ҳам ўтказиб юборилди, фақат офсайд туфайли гол ҳисобланмади. Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда эса Биссумага симулция ишлатгани учун иккинчи сариқ карточка кўрсатилди. Аммо «Тоттенҳэм» бир киши кам ҳолатда ҳам ўз голини ура олди, Мэддисоннинг ўнг қанотдан уюштирган рейди ҳимоячи ван де Веннинг голи билан якунланди. Кейин эса ҳисобдаги устунликни сақлаб қолиш учун қаҳрамонларча ҳимояланишга тўғри келди.
Натижада — жамоа кутилганидек биринчи ўринга чиқди. Ангелос Постекўғли бошқарувидаги жамоа мавсумни мағлубиятсиз давом эттирмоқда. Стартдаги саккиз ўйинда қўлга киритилган 20 очко — «шпорлар»нинг 1961 йилдан буён энг яхши натижаси. Агар ўшанда уч очколик тизим амал қилганида, «Тоттенҳэм» максимал 24 очко тўплаган бўларди.
Эрик тен Ҳаг бирдамлик ҳақида қандай тўғри сўзлар айтмасин ва у қандай қарорлар қабул қилмасин, амалда ҳеч нарса ўзгармай қолаверди. Шанба куни эса нидерландиялик мутахассис радикал қадамлар ташлади. Навбатдаги хатога йўл қўйган Каземирони танаффусда алмаштирди, 63-дақиқада Рэшфордни ҳам майдондан олди ва жамоага қайтган Антонини майдонга ташлади — лекин ҳеч нарса ёрдам бермасди. Ҳужумда ўтган мавсумдаги куч ва иштиёқ ғойиб бўлган, мудофаада — барчаси беқарор ва ҳеч ким бундай «МЮ»дан қўрқмаяпти.
«Брентфорд» «қизил иблислар» жарима майдони ичидаги тартибсизликдан кейин, Линделёф тўпни узоқлаштира олмаганида ҳисобни очди, бу сўнгги тенденцияларни яна бир бор тасдиқлади. Манкунианликлар АПЛда қаторасига тўртинчи ўйинда ўз дарвозасидан биринчи бўлиб гол ўтказиб юборди ва уй учрашувларидаги қаторасига учинчи мағлубиятга жуда яқин эди. Аммо бир амаллаб урилган гол ҳам офсайд туфайли бекор қилинганидан кейин тушкунликка тушган «Олд Траффорд» бу сафар навбатдаги ҳалокатга эмас, балки Алекс Фергюсоннинг шонли даврларига хос нимадирга гувоҳ бўлди.
87-дақиқада Амрабатни алмаштирган Мактоминай ўзига берилган вақт ичида иккита гол уриб, сенсацион қаҳрамонга айланди. Тен Ҳагни жар ёқасидан у ишончсизлик билдирган футболчи олиб чиқди. Ғалаба голига пас эса Магуайр томонидан берилди.
Маълум вақт имконсиз ҳолатда кўринган «Челси» аста-секинлик билан инқироздан чиқмоқда. Миллий жамоалар ўйинлари муносабати билан юзага келадиган икки ҳафталик танаффусдан кейин «Арсенал»га қарши кечадиган дерби чинакамига синов бўлади, аммо жамоа ҳозирча қаторасига уч ўйинда (лига кубоги ҳам қўшиб ҳисобланганда) ғалабага эришди. Шанба кунги ўйин эса жамоанинг ўтган йил апрелидан буён энг кўп гол урган ўйини бўлди. Биринчи бўлиб гол ўтказиб юборилган ўйинда Стерлинг бурилиш ясади. У аввалига АПЛда 20-бор пеналти ишлади. Кейин эса орадаги фарқни оширди, шундан кейин ўйин тақдири ҳал бўлди: «Бёрнли» майдонидаги мағлубиятсиз ўйинлар серияси ўн ўйинга етди.
«Реал» икки ҳафталик танаффусга яккапешқадам сифатида йўл олади, Беллингҳем эса ҳамон феноменал даражада ўйнамоқда. Англиялик футболчи Мадрид клубидаги дастлабки ўн ўйинидаги статистикаси билан ҳатто Криштиану Роналдуни ортда қолдирди. Амплуаси ҳужумчи бўлмаган Жудда ҳозирда гол ва паслар сони 10+3 кўринишида — бу эса португалияликнинг натижасидан иккитага яхшироқ.
Фақат ла лига ўйинлари ҳисобга олинса, Беллингҳем саккиз ўйинда 8 марта рақиб дарвозаларини ишғол этган, бу эса турнир тарихидаги 11-марта кузатилиши. Бу рўйхатда Алфредо Ди Стефано, Ференц Пушкаш, Йоҳан Кройф, Роналдо ва Ромарио каби афсоналар бор. Бир йил муқаддам Левандовски ҳам шундай бошлаганди, аммо Беллингҳемдан фарқли ўлароқ у тоза ҳужумчи саналади.
«Реал» ўйини ҳақида гап кетганда, ҳужум гуруҳидаги бошқа футболчиларни ҳам эътироф этиш керак. Формасини тиклаётган Винсиус Жуниор Валверде билан девор услубида ўйнаб, сафга қайтганидан кейин қаторасига иккинчи ўйинда дарвозани ишғол этди. Бундан ташқари, бразилиялик футболчи мунтазам гол уришда давом этаётган Ҳоселуга ассистентлик қилди. Бу форвард ҳам дубл қайд этиши мумкин эди, аммо пеналтини аниқ ижро эта олмади. Чунки «Осасуна» дарвозасида ўтган мавсумларда Бензема қаторасига уч марта «нуқта»дан доғда қолдира олмаган Серхио Эррера эди.
Италия: Аллегри Трапаттони билан тенглашди, Жиру жасорат кўрсатди
Бўлим ўрталарига келиб «Болоня» пеналти тепиш ҳуқуқини қўлга киритганида ҳам миланлик мухлислар бу ўйинда ғалаба бой берилишига ишонишмасди. Аммо меҳмонлар «Интер»нинг босимларига дош беришди. Қолаверса, танаффусдан кейин Зиркзее ҳайратомуз гол урди. Жарима майдони ташқарисида уч ҳимоячи қуршовида бўлган футболчи кескин тўхтаб, ортга ўгирилиб олди ва рақиблар олдинроққа кетиб қолишга мажбур қилди, кейин эса хотиржамлик билан тўпни пастки бурчакка аниқ йўллади. Симоне Индзаги қолган вақт давомида рақиб дарвозасини қамал қилиб, вазиятлар яратди, аммо Алексис Санчеснинг офсайд туфайли бекор қилинган голидан бошқа ҳеч нарсага эриша олмади.
«Ювентус» ҳужум чизиғидаги асосий вакиллари Киеза ва Влаҳович сафда йўқлигига қарамай Турин дербисида ғолиб келди. «Кекса синиора»га Костичнинг бурчак зарбалари ёрдам берди, биринчи ҳолатда гол видеоёзув синчиклаб ўрганиб чиқилганидан кейин ҳисобланди. Якунда Гатти А сериядаги голлари ҳисобини очди, бошқа бир ҳимоячи Бремер эса қайчи услубида зарба бераётиб оёғи билан жамоадоши Мойзе Киннинг бошига тепиб юборди. Милик ҳисобдаги фарқни иккитага оширганида Массимилиано Аллегри Жованни Трапаттонининг тарихий натижасини такрорлаши маълум бўлди. Бу мураббийлар «Юве» бошқарувида «Торино»ни ўн уч мартадан мағлуб этишган.
Генуядаги ўйиннинг 86 дақиқаси давомида эътиборга арзигулик воқеалар бўлмади. Аммо ўйин охирини кузатмаган мухлислар кўп нарса йўқотишди — «Милан» драматик тарзда биринчи ўринга чиқди. Ва гап Пулишичнинг видеотакрордан кейин инобатга олинган голида ҳам эмас. Энг қизиғи Менян ҳимоячиларни суғурта қилишга уриниб, жарима майдони ташқарисида ҳаводаги икки яккакурашда устун келганидан кейин рўй берди.
Биринчи вазиятда француз футболчиси рақибининг томоқ қисмига тиззаси билан зарба бериб, уни ўлдириб қўйишига сал қолди. Унга қизил карточка кўрсатилди ва барча футболчи алмаштиришлардан фойдаланиб бўлингани учун дарвозани қўриқлаш учун Жиру йўл олди. Француз ҳужумчиси бу вазифани аъло даражада бажарди. Меняннинг қўполлиги учун белгиланган жарима зарбаси ижро этилганида унинг омади келди, тўп ҳимоячилар орқали рикошет бўлиб келди ва тўсинга тегди. Қайтган тўпга зарба беришга ҳимоячилар йўл қўйишмади, кейин эса кечанинг асосий лаҳзаси рўй берди. Жиру яккама-якка вазиятга чиқиб келган рақиб футболчисининг оёқларига ташланди ва тўпга биринчи бўлиб етиб борди.
«Грифонлар»ни қутқариш учун уларнинг дарвозабони ҳам жарима майдонига етиб келганди. Аммо Мартинес Проведелнинг ЕЧЛдаги қаҳрамонлигини такрорлай олмади ва рақиб футболчисини йиқитгани учун иккинчи сариқ карточкани олиб, майдонни тарк этди. «Женоа»да эса қўшиб берилган 14-дақиқада захирадан тушириш учун футболчи топилди ва иш абсурд даражага етиб бормади.
«Боруссия» стартдаги муаммоларидан ўнглана олган бўлса, «Унион» Чемпионлар лигасида дебют қилган мавсумида икки оёғи билан ҳам оқсамоқда. «Сигнал Идуна Парк» стадионига берлинликлар барча турнирлар доирасидаги олти учрашувдан иборат мағлубиятли серия билан етиб келишди ва дарҳол гол ўтказиб юборишди. Сўнгги вақтларда Аллер ва Мукоко билан рақобатда устун келаётган Фюллкруг Ройс бурчакдан тўп ошириб берганида иккинчи уринишда дарвозани ишғол этди.
Лекин Урс Фишер жамоаси билан стандарт вазиятлар бўйича рақобатлашиш қийин. Гозенс ҳам корнердан кейин мувозанатни тиклади, Крал эса жарима зарбасидан кейин урган гол микроскопик офсайд туфайли бекор қилинди. Ва бу ҳакамлар диққат марказида турган вақт оралиғидаги илк эпизод эди. Видеотакрорлар орқали «Боруссия»нинг ҳам голи бекор қилинди ва мезбонлар дарвозаси томон пеналти белгиланди, уни Бонуччи аниқ ижро этди.
Фақат бу «Унион» инқироздан чиқаётганини англатмасди ва иккинчи бўлимда «асаларилар» Берлин деворини бузиб ўтишди. Марказий ҳимоячи Шлоттербек узоқ масофадан йўллаган кучли ва аниқ зарбаси билан ҳисобни тенглаштирди. Мудофаанинг бошқа бир вакили Рюерсон рикошет орқали гол урди. «Боруссия» захира ўриндиғи кенгроқлиги ҳам ўз ишини қилди. Эдин Терзич захирада қолдирган Брандт иккинчи бўлимда тезкор қарши ҳужумни Ройснинг узатмасидан кейин ғалаба голи билан якунлади.
«Ҳоффенҳайм» бундеслигада илк бор қаторасига 4 та сафар ўйинида ғалаба қозонди.
«Штутгарт» ҳужумчиси Гирасси тўрт уй учрашувида 9 гол урди.
17 ўйин — «Эвертон» 2022 йил 22 октябридан буён АПЛда уй учрашувларида биттадан ортиқ гол урмаётганди.
АПЛда «Тоттенҳэм» учун гол урган футболчилар сони 167 нафарга етди. Бу турнирнинг янги рекорди, бунгача «шпорлар» «Вест Ҳэм» ва «Нюкасл» билан бир хил натижа кўрсатиб турганди.
Дортмунднинг «Боруссия» клуби ҳимоячиси Ҳуммелс бундеслигада 207-ғалабасига эришди ва янги рекордчига айланди.