Ўйин охирида «қизил иблислар» ғалабани илиб кетиши ҳам мумкин эди
«Ливерпул» — «Манчестер Юнайтед» 2:2
Голлар: Гакпо (59), Салоҳ (70, пеналти) — Мартинес (52), Диалло (80).
«Ливерпул» – Алиссон, Робертсон, ван Дейк, Конате, Александер-Арнолд (Брэдли, 86), Мак Аллистер, Гравенберҳ, Гакпо (Эллиот, 86), Жонс (Жота, 61), Салоҳ, Диас (Нунес, 60).
«Манчестер Юнайтед» – Онана, Мартинес, Магуайр, де Лигт (Йоро, 83), Фернандеш, Диалло, Далот, Майну (Гарначо, 72), Угарте, Мазравий, Ҳойлунд (Зиркзе, 86).
Огоҳлантиришлар: Далот (23), Диалло (54), де Лигт (64), Магуайр (73), Нунес (77), Александер-Арнолд (83).
Бир неча кун давомида ноқулай об-ҳаво туфайли бу учрашув бошқа кунга қолдирилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар чиқиб турди. Аммо майдон қордан тозаланди ва ўйин ўтказилди.
«Ливерпул» ва «МЮ» бу учрашувда амалда оптимал таркибларида етиб келди. Мезбонлар сафида ниҳоят ҳимоя марказига Конате қайтди, Собослаи касаллиги туфайли ўйинни ўтказиб юборди, аммо 23 учрашувдан иборат мағлубиятсиз серия ўтказаётган жамоа учун бу жиддий муаммо эмасди. Арне Слот унинг ўрнига Жонсни туширди. «МЮ»да эса сардор Фернандеш дисквалификациядан қайтди.
Жамоаларнинг охирги ўзаро учрашувларига қаралса, мерсисайдликлар мутлақ фаворит саналарди. Айниқса «Энфилд»даги ўйинда. Қолаверса, манчестерликлар Рубен Аморим бошчилигидаги 11 ўйиндан 11 тасида гол ўтказиб юборган, шундан еттитасида — икки ва ундан ортиқ. Ҳужум чизиғи эса ҳимоячиларнинг хатоларини ҳаспўшлай олмаяпти - португалиялик мутахассис Рэшфордни таркибдан чиқарган, Фернандешда муваффақиятсиз давр, Ҳойлунд ҳам ишончни оқлай олмаяпти. Антони, Гарначо ва Зиркзе ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Жамоа таркибида ёрқин ўйин кўрсатаётган биргина Амад Диалло барча учун ўйнай олмайди. Умуман олганда, ўйин бошлангунига қадар кўпчилик «МЮ» «Энфилд»да йирик ҳисобда енгилишини тахмин қилаётганди.
Ва ўйин айнан кутилганидек бошланди. Далот яна ўзи учун ноодатий бўлган чап қанотда тушди ва имкон қадар Салоҳни тўхтатишга уринди. Бир сафар португалиялик ҳимоячи рақиб ҳужумчисини икки қўли билан ушлаб қолди ва биринчи бўлим ўрталаридаёқ сариқ карточка олди.
Гакпо ва Мак Аллистер жиддий қаршиликка учрамасдан, яқин масофалардан дарвозани ўққа тутди. Биринчи ҳолатда тўп устун ёнгинасидан ўтиб кетди, бошқасида Онана қутқарди. Иккита ажойиб вазият икки дақиқа ичида (14 ва 16) рўй берди, аммо кейин «МЮ» ўйинини кучайтира бошлади ва ўйин тенглашди. Бўлим давомида Диаллода яхши вазият юзага келди, танаффус арафасида Ҳойлунд ҳисобни очиши мумкин эди, аммо унинг яқин масофадан йўллаган зарбаси Алисонга борди.


















