Жаҳон | 09:58 / 09.10.2023
7143
3 дақиқада ўқилади

Финландия ва Эстония ўртасидаги сувости газ қувури тўсиб қўйилди

Финландия ва Эстония ўртасидаги Balticconnector қувури орқали газ ўтказиш сизиб чиқиш эҳтимоли сабабли тўхтатилди.

Фото: Jussi Nukari/Lehtikuva/IMAGO

Финландия ва Эстония ўртасида Болтиқ денгизи остидан ўтувчи Balticconnector газ қувури сизиб чиқиш эҳтимоли туфайли вақтинча тўсиб қўйилди, дея маълум қилди 8 октябр, якшанба куни расмийлар. 

Финландия ва Эстония газ қувурлари операторлари Gasgrid Finland ва Elering якшанбага ўтар кечаси қувурда босимнинг ноодатий пасайганини пайқаб, газ таъминотини тўхтатишга қарор қилди. 

«Кузатувларга кўра, Финландия ва Эстония ўртасидаги денгиз қувурида сизиб чиқиш борлиги тахмин қилинмоқда. Ҳозир қувур клапанлари ёпилган ва шу тариқа сизиб чиқиш тўхтатилди», — дейилади Gasgrid Finland баёнотида. Оператор тахмин қилинаётган сизиб чиқиш сабабларини аниқлаштирмади ва Elering билан биргаликда ҳодисани текшираётганини билдирди. 

Агар сизиб чиқиш бўлса, таъмирлаш учун бир неча ой кетади

Gasgrid Finland компаниясига кўра, агар босим қувур линиясининг шикастланиши билан боғлиқ сизиб чиқиши туфайли ҳақиқатан ҳам пасайганлиги аниқланса, таъмирлаш ишлари зарарнинг хусусиятига қараб «камида бир неча ой» давом этиши мумкин. 

Тахминан 80 км узунликдаги қувур Финландияга Латвиянинг Инчукалнсидаги табиий газ омборларидан фойдаланиш имконини беради, унинг ўтказиш қуввати эса йилига 2,6 миллиард куб метргача етади. Финландия ҳукумати таъкидлашича, газ ўтишининг тўхтатилиши энергия таъминоти хавфсизлиги учун дарҳол муаммо туғдирмайди. 

«Шимолий оқим»даги портлашлар 

2022 йил сентябр ойи охирида Болтиқ денгизида Россиядан Германияга олиб борувчи «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим-2» газ қувурларининг тўрт тармоғидан учтаси портлатилган эди. Ўша пайтда уларнинг ҳеч биридан газ ўтмаган. «Шимолий оқим» портлашлардан бироз олдин Россия томонидан тўхтатилган, «Шимолий оқим-2» эса Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари даврида ишга туширилмади.

Газ қувуридаги портлашлар учун жавобгарликни ҳеч ким ўз зиммасига олмади. Германиядан келган терговчилар портлаш ортида Украинага алоқадор шахслар турган бўлиши мумкин дея ҳисобламоқда, деб ёзади немис ОАВ манбаларга таяниб.

Хусусан, Германия тергови икки украиналикка тегишли, Полша компанияси томонидан ижарага олинган 15 метрлик «Андромеда» елканли яхтасидан газ қувурларида қўпорувчилик учун фойдаланилган, деб ҳисоблайди. The Washington Post нашри манбаларга таяниб, Европа ва Америка разведка хизматлари Украина махсус кучларининг «Шимолий оқимлар»га ҳужум қилиш режалари ҳақида 2022 йил июнида билгани тўғрисида ёзган.

Мавзуга оид