Жаҳон | 08:31 / 11.10.2023
5402
2 дақиқада ўқилади

Германия Украинага 1 млрд евролик ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини тақдим этади

Германия Мудофаа вазирлиги Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, улар учун ракеталар, ҳарбий хизматчилар учун қуроллар, транспорт воситалари ва жиҳозларни ўз ичига олган янги ёрдам пакети ажратилганини эълон қилди. 

IRIS-T SLM Фото: Sergey Kohl / Zoonar.com / imago-images.de

Германия Мудофаа вазирлиги Украинага яна бир миллиард евродан ортиқ ҳарбий ёрдам пакети тақдим этилишини эълон қилди. Бу ҳақда 10 октябр, сешанба куни идора сайтидаги хабарда айтилади. Германия мудофаа вазири Борис Писториус: «Германия Украинага келажакда энг зарур бўлган нарсада ёрдам беришда давом этади» деди. 

Келгуси қишда муҳим инфратузилмани ҳимоя қилиш учун Украина умумий қиймати 1 миллиард еврога тенг Patriot, IRIS-T ва Gepard ҳаво мудофаа тизимларини олади, дейилади хабарда. Бундан ташқари, пакетга ҳарбий хизматчилар учун 20 миллион евролик қурол-яроғ, транспорт воситалари ва жиҳозлар киритилган.

Patriot, IRIS-T, Gepard

Patriot тизими Киевга Бундесвер захираларидан тақдим этилади ва бошқарув станцияси, радар мосламаси, саккизта учириш мосламаси ва 60 дан ортиқ ракеталарни ўз ичига олади. Уни бошқарадиган украиналик ҳарбийларни тайёрлаш яқин ҳафталарда бошланади, дейилади хабарда. 

Бундан ташқари, Германия битта, ҳисоб бўйича эса учинчи IRIS-T SLM ўрта масофали зенит-ракета тизимини ва битта IRIS-T SLS қисқа масофали ҳаво мудофаа тизимини - улар учун ракеталар билан таъминлайди. Германия Мудофаа вазирлигининг қайд этишича, ушбу таъминот билан Германия ўтган ойларда Украинага берган ваъдаларини бажаради. 

Идора маълумотларига кўра, ўқ-дориларни етказиб бериш тўхтамаяпти, ҳозирда 155 мм калибрли снарядларни жўнатишга тайёргарлик кўрилмоқда. Бундан ташқари, яқин ҳафталарда Украина яна 10 та Leopard 1А5 танки, учта Gepard зенит қурилмаси, 15 та зирҳли юк машинаси ва 20 та зирҳли тиббий машина олади. 

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид