Ўзбекистон | 09:15 / 11.10.2023
9053
8 дақиқада ўқилади

“Ҳақорат қилиш ва ўлим билан қўрқитиш жавобгарликка сабаб бўлади” – ҳуқуқшунос

Сув таъминоти корхонаси ходимлари қарздор истеъмолчилардан ундирувни таъминлаш мақсадида ўтказган рейдларида фаол қаршиликка учради. Ҳақорат ва ўлдириш билан таҳдид қилинди. Корхона ва истеъмолчининг ўзаро мажбуриятлари, бу каби ҳолатларнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида ҳуқуқшунос фикр билдирди.

Истеъмолчилар томонидан сув таъминоти корхонаси ходимларига қаршилик кўрсатилгани ҳолати акс этган видеолавҳа муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Истеъмолчиларнинг бундай хатти-ҳаракати учун қонунчилик ҳужжатларида жавобгарлик масаласи бор. 

Сув текин эмас...

Сувнинг мақсадсиз истеъмол қилинишига йўл қўймаслик ва уни тежаб сарфлашда давлат ва фуқаролар бирдек масъул ҳисобланади.

“Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасига биноан сув Ўзбекистон Республикасининг давлат мулки — умуммиллий бойлик ҳисобланади. Ундан оқилона фойдаланиш лозим бўлиб, сув давлат томонидан қўриқланади.

Мазкур қонуннинг 351-моддасида сув истеъмолчилари мажбуриятлари белгиланган бўлиб, унга мувофиқ сув истеъмолчилари қуйидаги мажбуриятларга эга:

сув истеъмолчилари сув ресурсларидан оқилона фойдаланиши, сувнинг мақсадсиз истеъмол қилинишига йўл қўймаслиги, сувни тежаб сарфлаш, сувлар сифатини тиклаш ва яхшилаш тўғрисида ғамхўрлик қилиши;

белгиланган сув олиш лимитлари ва сув истеъмоли қоидаларига риоя этиши;

бошқа сув истеъмолчилари ва сувдан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилишига, шунингдек сув объектларига, хўжалик объектлари ва табиий ресурсларга (ерлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, фойдали қазилмалар ва бошқаларга) зарар етказилишига йўл қўймаслиги;

сув ресурсларидан фойдаланганлик, шунингдек сувни етказиб бериш бўйича хизматлар ва кўрсатилган бошқа сув хўжалиги хизматлари учун тўловларни ўз вақтида шартномавий асосда тўлаши.

Демак, қонунчиликка мувофиқ барча истеъмолчилар сув ресурсларидан фойдаланганлик, шунингдек сувни етказиб бериш ва кўрсатилган бошқа сув хўжалиги хизматлари учун тўловларни ўз вақтида тўлаши шарт.  

Президентнинг 2019 йил 26 ноябрдаги “Аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини ошириш ва унинг сифатини яхшилаш учун Ўзбекистон Республикасининг сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти ташкил этилди. 2020 йил 1 январдан МИБнинг кўрсатилаётган сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари учун тўловларнинг тўлиқлиги ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш, истеъмолчилар қарздорлигини камайтириш бўйича функциялари “Ўзсувтаъминот” АЖ ва унинг таркибига кирувчи ташкилотларга ўтказилди.  

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги “Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Истеъмолчиларга сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш хизматлари кўрсатиш қоидаларига асосан истеъмолчиларга (субистеъмолчиларга) сув бериш ва улардан оқова сувларни қабул қилиш фақат сув қувурлари — канализация хўжалиги ташкилотлари (ИСХК) билан истеъмолчи (субистеъмолчи) ўртасида тузилган шартнома мавжуд бўлгандагина амалга оширилади.

Истеъмолчилари ичимлик сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати учун ҳисобга олиш приборлари мавжуд бўлганда охирги уч ойнинг ўртача сарфи бўйича ҳамда ҳисобга олиш приборлари мавжуд бўлмаганда ойлик истеъмол нормаси бўйича кейинги ой учун ҳар ойнинг 10-санасига қадар 100 фоиз олдиндан ҳақ тўлашни амалга оширишлари лозим.

Тўловнинг шартномада белгилангандан кечиктирилган ҳар бир куни учун — юридик шахслар 0,4 фоиз, жисмоний шахслар эса 0,1 фоиз пеня тўлайдилар. Аммо бу кўрсаткич жами кечиктирилган сумманинг 50 фоизидан ошмаслиги керак. 

Истеъмолчилари кейинги ой учун ҳар ойнинг 10-санасига қадар 100 фоиз олдиндан ҳақ тўловларини амалга оширмасалар, ИСКХ ташкилоти истеъмолчиларни ёзма равишда хабардор қилган пайтдан бошлаб беш иш куни ўтгандан кейин қарзларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда истеъмолчиларни ичимлик сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати тармоқларидан узиб қўйиш йўли билан ундириш чораларини кўради.

Агар сув истеъмолчисида ҳисоб-китобнинг нотўғри қилингани юзасидан шубҳалари бўлса, тўлов ҳужжати олингандан кейин 5 кун муддатда ИСХК ташкилотига Ҳисоб-китобларнинг нотўғри қилингани (тарифлар нотўғри ҳисобга олингани ва шу каби ҳолатлар) тўғрисида ёзиладиган эътирознома тақдим этилиши керак. Эътирознома ИСКХ ташкилоти томонидан 10 кун муддатда кўриб чиқилади. Улар асосли деб топилса, тўланган ортиқча сумма кейинги тўлов ҳужжати ҳисобига ўтказилади. Истеъмолчи эътирознома кўриб чиқилгани тўғрисидаги маълумотдан, алоқа воситалари орқали эътироз кўриб чиқилиши лозим бўлган муддат тугагандан кейин 3 кун муддатда хабардор қилиниши лозим. Кўрсатилган муддат ичида истеъмолчи хабардор қилинмаса, масала истеъмолчи фойдасига ҳал қилинган ҳисобланади.

Сув таъминоти ходимлари истеъмолчини тармоқдан узиб қўйишга ҳақли

Сув таъминоти ходимлари истеъмолчиларни ичимлик сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати тармоқларидан узиб қўйиш йўли билан тўловни ундириш чораларини кўришга ҳақли. Агар истеъмолчилар тармоқлардан узиб қўйилгандан кейин ҳам қарздорликни тўламаса, Фуқаролик-процессуал кодекси 26- ва 171-моддаларига мувофиқ фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилади. Суд буйруғи у берилгандан сўнг ўн кунлик муддат ўтгач қонуний кучга киради ҳамда МИБ органларининг давлат ижрочилари томонидан мажбурий ижрога қаратилади.

Таҳдид ва ҳақорат учун жазо бор

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда истеъмолчилар томонидан сув таъминоти ходимларига нисбатан бир қатор ноқонуний хатти-ҳаракатлар амалга оширилганини кўриш мумкин. Ушбу ҳолатда бундай хатти-ҳаракатлар жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳам мумкин.

Хусусан, Жиноят кодексининг 140-моддаси учинчи қисмига мувофиқ ҳақорат қилиш жабрланувчининг ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда қилинган бўлса, БҲМнинг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади. Жабрланувчининг ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда ҳақорат қилиш оғирлаштирувчи ҳолат ҳисобланади ҳамда ушбу ҳолат маъмурий жавобгарликка эмас, балки тўғридан тўғри жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Шу билан бирга, Жиноят кодексининг 112-моддаси учинчи қисмига мувофиқ ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахсга ёки унинг яқин қариндошларига нисбатан содир этилган бўлса 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бундан ташқари, ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахсга ёки унинг яқин қариндошларига нисбатан қасддан баданга шикаст етказиш ҳам етказилган шикаст даражасига қараб Жиноят кодекси 104-105 ҳамда 109-моддаларига мувофиқ жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Агар истеъмолчилар сув таъминоти ходимлари томонидан ҳисоблаб чиқарилган тўлов миқдорини асоссиз ҳамда нотўғри деб ҳисобласа, Фуқаролик-процессуал кодекси 26-моддасига мувофиқ фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳамда ўзларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.   

Адхам Аҳроров,
Тошкент давлат юридик университети
Маъмурий ва молия ҳуқуқи кафедраси
катта ўқитувчиси.  

Мавзуга оид