Экспертлар: Шарқий Европа иқтисодиёти қийинчиликни бошдан кечирмоқда
Австриялик экспертлар фикрича, Шарқий ва Марказий Европада иқтисодий ўсиш хавф остида. Бунга Германиядаги рецессия ва пул-кредит сиёсатининг кескинлашуви туртки бўлмоқда.
Австриялик экспертлар фикрича, Марказий, Шарқий ва Жанубий Европа мамлакатларида иқтисодий ўсиш тобора кўпроқ таҳдид остида қоляпти. «Германиядаги таназзул, халқаро вазиятнинг ёмонлашуви, барқарор юқори инфляция, қаттиқ пул-кредит сиёсати ва юмшоқ фискал чоралар иқтисодиёт учун муаммоларни келтириб чиқармоқда», деди Венадаги Халқаро иқтисодий тадқиқотлар институти (WiiW) эксперти Бранимир Йованович 11 октябр, чоршанба куни.
Мавжуд вазиятни ҳисобга олган ҳолда, WiiW минтақанинг Европа Иттифоқига аъзо мамлакатларида иқтисодий ўсиш атиги 0,6 фоизни ташкил этишини кутмоқда. Бу еврозона мамлакатлари учун прогноз билан деярли бир хил даражада (0,5 фоиз), лекин ёзги мавсум билан солиштирганда прогноз икки баравар пасайган, дея таъкидлади Йованович.
Эстония, Венгрия ва Литва учун WiiW ялпи ички маҳсулотнинг пасайишини прогноз қилмоқда. Руминия ва Хорватияда вазият нисбатан яхшироқ кўриняпти, уларда коронавирус пандемияси туфайли етказилган зарарни иқтисодий тиклаш учун Европа жамғармасидан маблағлар мавжудлиги туфайли ўсиш 2,5 фоизни ташкил этади.
Украина ва Россия учун прогноз
Россия ҳарбий ҳаракатларидан азият чекаётган Украина учун WiiW вазият яхшиланишини тахмин қилмоқда. Институтлар экспертларининг қайд этишича, Украина иқтисодиёти Россия агрессияси оқибатларини кутилганидан ҳам яхшироқ енгмоқда. Шу сабабли, Wiiw Украинадаги иқтисодий ўсиш прогнозини 3,6 фоизга оширди.
Россия иқтисодиёти, WiiW прогнозларига кўра, жорий йил охиригача 2,3 фоизга ўсади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, Россияда ҳарбий харажатлар ошиши мудофаа саноатига ижобий таъсир кўрсатади, бу эса иш ҳақи ошиши билан бирга иқтисодий ўсишга олиб келади. Мутахассисларнинг фикрича, Россияда ишсизлик рекорд даражада паст, корхоналар жуда катта ҳажмдаги буюртмалар билан юкланган.
Мавзуга оид
19:18 / 05.11.2024
Ўзбекистоннинг 2025 йил учун давлат бюджети лойиҳаси эълон қилинди. Асосий маълумотлар
10:10 / 04.11.2024
WP: Европа Трамп даврида АҚШ билан «муносабатларни узиш»га тайёрланмоқда
15:24 / 03.11.2024
Гуржистон ва Молдова сайловлари: Европа орзуси орзулигича қолдими?
12:30 / 01.11.2024