Жаҳон | 08:15
1593
2 дақиқада ўқилади

Сунъий йўлдош Европадаги рекорд иссиқни коинотдан тасвирга олди

Июн ойида Европани қамраб олган кучли иссиқлик тўлқини сунъий йўлдош тасвирларида яққол акс этди. Европа космик агентлиги (ESA) маълумотларига кўра, айрим ҳудудларда ер юзаси ҳарорати 55 даражагача етган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эса ушбу аномал иссиқ оқибатида 1300 дан ортиқ одам вафот этган бўлиши мумкинлигини маълум қилди.

Фото: ESA

Ернинг паст орбитасида ҳаракатланувчи Европанинг Sentinel-3 сунъий йўлдоши июн ойида кузатилган рекорд иссиқ бўйича маълумотларни тўплади. Ушбу маълумотлар асосида тайёрланган тасвирлар экстремал об-ҳаво ҳодисасининг қанчалик катта ҳудудни қамраб олганини намойиш этди.

Европа космик агентлиги (ESA) эълон қилган тасвирда ер юзаси ҳарорати турли ранглар билан ифодаланган бўлиб, энг юқори ҳарорат қайд этилган ҳудудлар қизил ва бинафша тусларда кўрсатилган. Сурат 23 июн куни олинган бўлиб, айнан шу куни Францияда кузатувлар тарихидаги энг иссиқ июн куни қайд этилган.

Sentinel-3 маълумотларига кўра, Испаниянинг марказий ҳудудлари, Франциянинг ғарбий қисми ва Шимолий Африканинг айрим жойларида ер юзаси ҳарорати 55 даражагача кўтарилган. Мадрид атрофида бу кўрсаткич 48 даража, Рим яқинида эса 44 даража бўлган.

Мутахассислар таъкидлашича, бундай юқори ҳарорат Европанинг катта қисми учун мисли кўрилмаган ҳолат ҳисобланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ВОЗ) дастлабки баҳолашларга кўра, июн ойидаги иссиқлик тўлқини билан 1300 дан ортиқ ўлим боғлиқ бўлиши мумкинлигини билдирган.

ЖССТ бош директори Тедрос Адханом Гебрейесуснинг таъкидлашича, Европа дунёда энг тез исиб бораётган минтақага айланган.

«Европа Ер юзидаги энг тез қизиб бораётган ҳудуд ҳисобланади. Бу ерда ҳароратнинг ошиш суръати жаҳон ўртача кўрсаткичидан икки баравар юқори», — дея ёзди у X ижтимоий тармоғида.

Sentinel-3 сунъий йўлдоши Sea and Land Surface Temperature Radiometer (SLSTR) радиометри билан жиҳозланган бўлиб, у қуруқлик ва сув юзаси ҳароратини реал вақт режимида ўлчайди. Олимлар ушбу маълумотлардан экстремал об-ҳаво ҳодисаларининг келиб чиқиш сабаблари, ривожланиши ва уларнинг аҳоли ҳамда атроф-муҳитга таъсирини чуқур ўрганишда фойдаланмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид