“Суд қарорини бажариш конституцион мажбурият эканини айтиб, фуқароларнинг “ёқасидан оламиз”, лекин давлат ташкилотлари МИБ ходимлари боргунга қадар ўзлари ўрнак бўлиб, ўша қарзларни тўлаши керак”, дейди Kun.uz’га интервю берган бюро бўлим бошлиғи Насимхон Бурхонов. Унинг сўзларига кўра, ижро ҳужжатлари бўйича 447 миллиард сўмдан ортиқ қарздор ҳокимликларнинг тўловдан қочиши ва жамоатчилик олдида судга ҳурматсизлик қилишининг оқибати ёмонроқ бўлади.

МИБ ўзига юклатилган вазифаларни қанчалик бажара оляпти? Қонунлар ҳаммага бирдек ишлаяптими, йилига 6 миллионга яқин келадиган ижро ҳужжатлари, юз минглаб алимент қарздорликлари қандай ундирилмоқда?

Kun.uz мухбири бу масалалар юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси бўлим бошлиғи Насимхон Бурхонов билан суҳбатлашди.

— Кўпинча фуқаролар МИБ ходимларининг давлат ташкилотларидан зарар ёки қарздорликни ундириш жараёнидан норози бўлади. “Оддий фуқаронинг 300-400 минг қарзи бўлса, дарров уйига МИБ ходимлари бориб олади-ю, лекин давлат ташкилотларининг миллиардлаб қарзи бор, уларни безовта қилмайди, жим туради”, дейишади. Нимага МИБ – давлат ташкилотлари, ҳокимликлардан қарзни ундиришда бундай сусткашликка йўл қўйяпти?

— Тўғри, муаммо бор, тан олиш керак. Суд қарорини бажариш конституцион мажбурият эканини айтиб, қўполроқ қилиб айтганда фуқароларнинг ёқасидан оламиз. Лекин давлат ташкилотлари МИБдан боргунга қадар ўзлари ўрнак бўлиб ўша қарзларни тўлаши керак аслида. Бизнинг ундиришимиз майли, лекин уларнинг халқ олдида, ОАВ олдида судга ҳурматсизлик қилиши ёмонроқ оқибатга олиб келади [МИБга келаётган қарздорликни ундиришга доир қарорни судлар чиқаради, Конституцияда эса судлар мустақиллиги ва қарорлари барча учун мажбурий экани ёзиб қўйилган]. Ана шу алоҳида ҳокимият — судга ҳурматсизлик қилгани учун чет элларда президент ва амалдорлар ҳам жавобгарликка тортилди. Бу маданиятни давлат органлари кўрсатиб бериши керак ўзи. Умуман, иш МИБгача етиб бормаслиги лозим. Давлат органларининг иши МИБгача бордими, халқ ишончи йўқолиши мумкин, сиёсий минус дейиш мумкин буни қайсидир маънода. Ишонаманки, бизда ҳам бу борадаги маданият шаклланади.

Ундириш масаласига келсак, давлатнинг барча харажатлари режали бўлади. Давлат органларида бюджет олдиндан шакллантирилади, лойиҳалар кўрилиб, шунга кўра йиллик бюджет тасдиқланади. Режадан ташқари харажат қилишга ҳаққи йўқ. Шунинг учун ҳам улардан пул ундиришда муаммолар бўлади. Шунинг учун келаси йил бюджет шакллантирилишидан олдин бундай ҳолатлар ҳам режалаштирилиши, керак бўлса алоҳида маблағ ажратилиши лозим. Чунки Фуқаролик кодексига кўра, ноқонуний хатти-ҳаракатлар натижасида давлат органлари томонидан етказилган зарар давлат томонидан тўлаб берилиши белгиланган. Компенсация жамғармалари ташкил қилиш амалиёти ҳам бор давлат ташкилотларида, яъни ортган, тежаб қолинган маблағлар ҳисобига.