Замонавий коммуникация технологиялари шиддатли ривожланиши баробарида ахборот алмашинуви тезлиги мисли кўрилмаган даражага етди. Мустақиллик даврида Ўзбекистонда интернет тармоғининг анъанавий ОАВ оламига кириб келиши босқичма-босқич амалга ошди.

Аввалига анъанавий ОАВ билан электрон ОКВ (оммавий коммуникация воситалари) ўртасида рақобат юзага келмоқдами ёхуд ҳамкорликми, деганга ўхшаш хавотирли саволлар пайдо бўлди. Шу орада босма нашрлар йўқликка юз тутишини «башорат» қилувчи қарашлар ҳам пайдо бўла бошлади. Чунки айни гипотезалар исботи ўлароқ дунё ахборот майдонида мисоллар талайгина эди.

1645 йилдан буён чоп этиб келинаётган Швециянинг энг кекса газетаси бўлмиш Post-och Inrikes Tindingar («Почта ва шаҳар ичидаги хабарлар») номли нашри 2007 йил январидан ўз фаолиятини тўлиғича онлайн тизимига ўтказиши катта шов-шув келтириб чиқарди. Бироқ мутахассислар, шунингдек, кенг жамоатчиликни ташвишлантираётган шунга ўхшаш хавотирлар бирёқли бўлмай туриб ОАВ билан ОКВ орасида ҳамкорлик алоқалари ривожланиб кетди.

Анъанавий тарзда фаолият юритаётган босма нашрлар (молиявий имконияти етарли бўлган бир қатор газета ва журналлар ва ҳ.) ўз электрон нусхаларини тарқата бошлади. Теле-радио каналлари ўз кўрсатув ва эшиттиришларини айни вақтда интернет орқали тарқатиш тажрибасини қўллади.

2005-2007 йилларни ўз ичига олган мазкур дастлабки босқич тажрибалари интернет тармоғидан самарали фойдаланиш анъанавий ОАВ имкониятларини янада кенгайтиришини кўрсатди.

Имконият кенгайиши ва кучайиши анъанавий ОАВнинг ахборот олиш ва тарқатиш самарадорлигида айниқса намоён бўлди. Босма нашрлардан тортиб телерадиожурналистика мазкур янгиликни ўз фаолиятида кенг жорий эта бошлаши яна бир жиддий янгиликни – дунё миқёсида ахборотни исталган манзилга етказиш имкониятини келтириб чиқарди.

Ахборот оқими шиддатли тус олганига қўшимча ўлароқ эндиликда унинг тарқалишини чекловчи тўсиқлар йўқолди. Ахборотни чекланмаган миқдорда ва масофага узата олишнинг техник имкониятлари соҳада нечоғлик инқилоб ясаган бўлса, ушбу имкониятлар натижаси ўлароқ вужудга келган ютуқлар ҳамда муаммолар алоҳида илмий-амалий масала сифатида замонавий ақл-идрок олдига, жумладан мутахассислар олдига мутлақо кутилмаган муаммоларни кўндаланг қўйди.

Бу орада ахборот-коммуникация соҳасидаги тараққиёт кейинги босқичига чиқди. Республикамизда 2007 йил январ ойларидан алоҳида, яъни фақат интернетда фаолият юритадиган алоҳида нашрлар пайдо бўла бошлади. Босма нашрлардан, анъанавий теле-радиоканаллардан буткул мустақил равишда фаолият юритадиган электрон ОАВ яратиш ишлари авж олди. Яъни интернет оммавий ахборот воситалари ҳисобланмиш интернет теле ва радиоканаллар, интернет газеталар ва ҳоказо интернет нашрлар сони кўпая бориб, улар алоҳида онлайн ахборот маконини ташкил эта бошлади.