Ўзбекистон | 21:29 / 05.10.2022
54332
10 дақиқада ўқилади

Ўзбеклар нега Россия каналлари таъсирида қолмоқда? Фаоллар билан суҳбат

Ўзбекистоннинг совет иттифоқи таркибидан ажралиб чиқиб, мустақил давлат бўлганига 31 йил тўлди. Лекин шунча вақт ўтиб ҳам, кўплаб ватандошларнинг ўзаро суҳбатларида, сўровномаларда ва уларнинг дунёдаги воқеа ҳодисаларга нисбатан фикри олинганда, афсуски, мустақиллик ҳали халқимизнинг онгига тўла кўчмагани, фикрлашида рўй бермаётганини кўряпмиз.

Хўш, ўтган 31 йилда МДҲда биз билан бир вақтда мустақил бўлган кўплаб давлатлар ватандошлари қандай қилиб фикр, онг мустақиллигига эришди-ю, нега бу йиллар биз учун етарли бўлмади?

Нега одамларимиздан ҳамон бизни фалончи давлат боқяпти, иқтисодимиз, сиёсатимиз, маданиятимиз, тақдиримиз фалончанинг қўлида, у бўлмаса кун кўролмаймиз, деган фикрларни эшитяпмиз?

Kun.uz айни оғриқли масала атрофида суҳбат ташкил қилди. Суҳбатдошларимиз – “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров, филология фанлари доктори, медиа тадқиқотчи Беруний Алимов, сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ва журналист, блогер Муҳрим Аъзамхўжаев бўлди.

Kun.uz:

Ўтган 31 йилда Ўзбекистонда юритилган сиёсатда қандай хатоларга йўл қўйилдики, мустақиллик, эрк тушунчаси ўзбекистонликлар онгига тўла кўчмади? Бу борада бизни фикрий инқирозга элтган сабаблар нималар?

Алишер Қодиров:

Мен бу масала ҳақида гапирганда “инқироз” сўзи ишлатилишига қаршиман. Буни инқироз эмас, жараён дея баҳоласак, тўғрироқ бўлади.

Камчиликлар тўғри эътироф этиляпти. Аммо турли қатламларнинг эркин фикрлаш даражасидаги мутаносиблик бузилгани ва у биз хоҳлаган даражада шаклланмаётганини яқин 30 йиллик билангина ўлчаш керак эмас. Бу узоқроқ даврлар билан ўлчаниши керак бўлган масала.

Бугун аҳолининг турли қатлами учун эркин фикрлашга шароит яратилган бўлса-ю, лекин эркин фикрлаш шаклланмаётган бўлса, бу энди кўпроқ ижтимоий, сиёсий масала сифатида қаралиши керак.

Бу, шунингдек, таълим ва тарбия билан боғлиқ, илдизи чуқурроққа кетадиган масала сифатида қаралиши керак.

Биз жиддий жароҳатланган бир миллатмиз. Чунки биз жуда оғир бўлган совет пропагандаси машинасидан чиққан халқмиз.

Менимча, инсоният тарихида инсон онги билан совет давридагидай кўп ишланган бир давр йўқ. Бунда жумладан, эркин, тафаккур ва онгга эга бўлмаган совет инсонини яратиш ғоявий машинаси бизнинг қадриятларимиз, маданиятимизни чилпарчин қилган. Биз бугун шу жараённинг оғриқларини ҳис қиляпмиз.

Алишер Қодиров

Бугун Ўзбекистонда яшаётган оддий бир инсон дунёда бўлаётган масалаларга тўғри баҳо беролмаётган бўлса, биз масаланинг тарихий асосларига қарашимиз керак. Шундагина масалага тўғри баҳо беришимиз мумкин.

Бу ҳолат ўзгармайдими? Ўзгаради. Бу масалада бугун ишлар олиб бориляпти ҳам.

Биласизми, эркин фикрлаш бу – кўникма. Масалан, бизда китоб ўқисанг, одам бўласан, деган тарғибот бор. Лекин китоб ўқиш бу педагогик методология асосида шаклланадиган жараён. Яъни агар болага 7-8 ёшлигида китоб ўқиш методологияси ўргатилмаган бўлса, у бу кўникмасиз бутун умр роҳатланиб китоб ўқиёлмайди. Эркин фикрлаш ҳам инсон табиатида бўлган ва шакллантирилиши керак бўлган жараён, ҳодиса.

Яъни биз болани оилада ва боғчада эркин фикрга ўргатолмасак, 25 ёшида ундан эркин фикрлашни талаб қилишимиз нотўғри.

Ҳозир бу оғриқни жамият ҳис қиляпти ва шу муаммони ўзгартириш устида ишланмоқда. Дунёдаги муаммоларга кам бўлса-да, секин-секин реакция билдирилаётгани бизга умид беради.

Муҳрим Аъзамхўжаев:

Муҳрим Аъзамхўжаев

Мен хатоларимизни айтиб берадиган даражада эксперт эмасман ва бу борада фақат ўз фикрларимни билдиришим мумкин. Ўзбекистонда эркин фикр билдириш шароити 2016 йилдан бошланди. Унгача мамлакатда 2000 йиллардан то 2016 йилга қадар эркин фикрни бўғадиган бир муҳит қилинди. Шу сабабли, одамларда ҳам эркин, мустақил фикрини билдиришдан қўрқув пайдо бўлди.

Шу кунларда ОАВ томонидан ўзбекистонликлар орасида Россия ва Украина ўртасидаги уруш борасида ўтказилган сўровнома ва унинг натижалари кўп муҳокама қилиняпти. Қаранг, сўровнома пайтида одамларимиз ва айниқса, катта ёшлилар ёвузлик ва эзгуликни яққол ажратиш мумкин бўлган вазиятда ёвузлик томонни танлашяпти. Ёшлар эса ўта бефарқ, уларга уруш бўлмаса бўлди. Уларнинг жабрланаётганларга ҳам раҳми келмаяпти.

Бу, Алишер ака айтганидек, ўтган тузумнинг одамлар онги билан кучли ишлагани натижаси ҳисобланади. Айнан шунинг учун ватандошларимиз орадан шунча вақт ўтган бўлса-да, хулоса чиқаролмаяпти. Буни ўз танасида ҳис қилолмаяпти.

Тасаввур қилинг, одамларга жуда оддий мисоллар келтириляпти. Уларга буни тушунтириш учун, масалан, қўшнинг кутилмаганда сенинг ҳовлингнинг бешдан бир қисмини эгаллаб олди-да, бу энди менинг ерим, деяпти. Россиянинг Украинага бостириб киришини мана шу ҳолатдан фарқи йўқ, дейилмоқда. Аммо улар бунинг мазмунини ҳис қилмаяпти.

Шунингдек, масаланинг иқтисодий томонлари ҳам бор. Масалан, яқинда дўстларимиздан бири Самарқанддаги бир қишлоқ одамларидан Украина ва Россия ўртасидаги урушда қандай позицияда экани ҳақида сўраган. Қишлоқ одамлари дўстимизга “биз Украина томонмиз”, дея жавоб берган. Суриштирилса, ўша қишлоқ одамларининг кўпчилиги Украинада ишларкан. Яъни улар Украинага борди, ишлади ва кўрдики, бу мамлакатда нацистлар, фашистлар йўқ. Шунингдек, улар Украинада топган пули орқали оиласини ҳам боқяпти.

Ҳозир ёшлар орасида Россияни қўллаб-қувватлаётганларни кўрсангиз, уларнинг кўпчилиги Россияга бориб ишлаган, шунинг орқасидан пул топган, ҳовли қурган, тўй қилган. Яъни буни ўзбекона дунёқараш дейиш ҳам мумкин – “еган оғиз уялар”. Бу қайсидир жиҳатдан мутеликка сабаб бўладиган дунёқараш.

Яъни биз Россия тарафмиз деётган одамларнинг дунёқараши Ўзбекистоннинг ички муаммолари оқибати. Бу одамлар ўз вақтида Россияга бориб иш топган. Россияпараст одамлардаги бу дунёқараш иқтисодий сабаблар билан бошланган.

Бу одамларда фақат қорин ғамини ўйлаш ташвиши борки, улар иккинчи тарафни ўйлаб ҳам кўрмаяпти.

Беруний Алимов:

Беруний Алимов

Нима бўлганда ҳам энг катта хатони ичимиздан қидиришимиз керак. Кечирасиз, 31 йил – тарих учун жуда катта муддат. Айб ўзимизда, айб катталаримизда, айб кичикларимизда. Яъни бизда авлодлар ўртасидаги коммуникация узилиб қолган. Биз бир-биримизга қулоқ солмаймиз.

Биз ҳатто сўрайдиган саволларимизни бир-биримизга беролмадик, жавоб қидиришга ҳаракат қилмадик. Бизда, шунингдек, узоқ вақт мана шундай давраларда ўтириб, муаммолар муҳокама қилинмади. Мамлакатда ақл марказлари фаолият кўрсатмади. Бунинг оқибатида айрим нарсаларни бугун ҳам тушунмаяпмиз. Айниқса ёшларимизда сезилмоқда бу муаммо.

Биз бу каби саволларни мана энди олдимизга қўйяпмиз. Ваҳоланки, биз бу ишларни анча аввал бошлашимиз керак эди.

Масалан, менинг катта акам ҳам ўз вақтида мустақил бўлишимизни ёқламаган эди. Ўтган йиллар давомида у ўз тадбиркорлигини йўлга қўйди, турли лавозимларда ишлади. Шу орқали фарзандларини Тошкентдаги энг нуфузли университетларда контракт тўлови асосида ўқитди. Бугунга келиб унинг фикри бутунлай ўзгарган. Яъни биз одамларнинг орасида гаплашмай қўйдик.

— Беруний ака, ўтган вақт давомида одамларга фикрлашиш, фикрини эркин айтиш учун қанчалик имкон берилди? Ахир, учта одам бир жойга йиғилса, шундан иккитаси учинчи кишидан қўрқиб тургани, шу даврадаги гаплар турли идораларга етказилгани ҳам ҳақиқат-ку. Онгли тарзда шундай сиёсат қилинди-ку. Бугун бу ҳақда ҳам гапиришимиз керак.

Kun.uz муҳбири Илёс Сафаров

Беруний Алимов:

Биласизми, мен ҳақиқий цензура нима эканини кўрган одамман. Журналистикани 1990 йиллардан бошлаганман ва сиз айтган шахсларга ҳам ишимиз тушган. Лекин бугун улар йўқ. Аммо ҳали ҳам журналистикамиз гуллаб-яшнаб кетмаяпти. Ҳали ҳам кўп нарсани очиқ гапиришга юрагимиз дов бермаяпти.

Камолиддин Раббимов:

Мен Ўзбекистондаги биринчи маъмурият даврига доим танқидий баҳо бераман. Чунки ахборот сиёсати давлатнинг сиёсий табиатига бориб тақалади.

Биринчи маъмурият даврининг асосий мотиви жамиятни имкон қадар қаттиқроқ назорат қилиш мотиви эди. Яъни биринчи маъмурият даврида давлатнинг геосиёсий мустақиллигига катта эътибор берилди. Масалан, Россия Қримни аннексия қилганда постсовет ҳудудидан Россияга қарши икки бор нота юборган ягона давлат бу Ўзбекистон бўлди. Лекин ахборотни қаттиқ назорат қилиш оқибатида жамиятда хато қилиш имконияти ҳам бўлмади.

Биламизки, демократия эркинлик жараёнида шаклланади. Яъни биринчи бўлиб давлат, миллат шакллансин, ундан кейин эркинлик бўлади, дейилган жойда эркинлик ҳеч қачон бўлмайди. Эркинлик бу —аввало жараён.

— Биринчи президент Ислом Каримов ўз вақтида (1992 йил) депутатларга қарата яна ўн йил кутинглар, шундан кейин эркинлик ҳам, демократия ҳам бўлади, дея мурожаат қилган эди.

Камолиддин Раббимов:

Ҳа, бу хато фикр эди. Чунки демократиянинг фундаментида кенг сиёсий элита туради.

Биласиз, Ўзбекистон, Туркманистон каби давлатларнинг конститутциялари ҳам демократик конституциялар ҳисобланади, аммо улар ёзилгани каби ишламайди. Фикримча, унинг ишлаши учун кенг сиёсий элита керак. Бизда сиёсий элита кейинги 6 йилдагина кенгая бошлади. Аммо бу борадаги тезлик етарли эмас, жуда секин.

Биз мамлакатда эркин фикр шаклланиши учун демократик институтлар керак дедик. Демократик институтлар эса ҳокимиятлар бир-бирини ўзаро тийиб турганда ва тез-тез алмашганда шаклланади.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид