Спорт | 19:01 / 15.10.2023
57616
25 дақиқада ўқилади

Қозоғистон дош беролмади, Роналду ва Мбаппе ҳал қилди. Евро-24 саралашида тур якунлари

7-турдан кейин қатор гуруҳларда йўлланма масаласини ҳал қилган ва деярли ҳал қилган жамоалар маълум бўлиб улгурди. Турнирда бир неча сюрприз жамоалар ҳам бўлиши мумкин.

А гуруҳи

Испанлар шотландлардан қасдини олди

Испания — Шотландия 2:0
Голлар:
Мората (73), Сансет (86). 
Испания – Симон, Карвахал (Навас, 67), Лапорт, Ле Норман, Балде (Ф.Гарсия, 46), Мерино (Сансет, 67), Родри, Гави, Ойарсабал (Сарагоса, 46), Торрес, Мората (Хоселу, 85).
Шотландия – Ганн, Ҳики, Маккенна, Ҳендри, Портеус (Гилмор, 87), Робертсон (Паттерсон, 44), Макгинн, Кристи (Армстронг, 79), Макгрегор (Маклин, 87), Мактоминей, Дайкс (Адамс, 79)

Факт шуки, Севилядаги ўйинга Испания эмас, балки саралаш циклида сенсация кўтариб, беш ўйинда беш ғалабага эришган Шотландия гуруҳнинг яккапешқадами сифатида етиб келди. Британияликлар «Қизил фурия»нинг саралаш босқичларидаги 22 ўйидан иборат мағлубиятсиз сериясига барҳам берганди, пиренеяликлар эса қасос олиш ўтида ёнаётганди. Биринчи ҳужумдаёқ Ферран Торрес ҳисобни очганида испанлар таркибидаги муаммолар ҳақида ҳеч ким эслаб ўтирмасди.

Аммо у хато зарба берди, Моратанинг голи эса офсайд туфайли бекор қилинди ва танаффусга қадар ҳисоб очилмай қолди. Мудофаа етакчиларидан бири Тирнисиз ўйнаган меҳмонлар эса жароҳат туфайли ўз сардори Робертсондан айрилди. Чунки шотландлар бўлим давомида ҳимояда ўйнади, тўпсиз ҳаракатланишга мажбур бўлди ва илк бор 45 дақиқаликда дарвоза соҳасига бирор марта зарба йўллай олмади.

Бу сафар ҳам Мактоминей қаҳрамонга айланиши мумкин эди. Ўтган ҳафта охирида захирадан тушиб икки гол урган ҳолда «МЮ»га ғалаба келтирган яримҳимоячи жарима зарбасидан айланма зарба йўллади ва бурчакни аниқ нишонга олди. Аммо VAR офсайдда қолган Ҳендри дарвозабонга халал берган деб топди ва барчасини йўққа чиқарди.

Якунда Испания барибир рақибни таслим этди. Иккинчи бўлимда майдонга тушиб, миллий жамоадаги дебютини ўтказган футболчилар, жумладан, дам олиш кунларида «Барселона» дарвозасига икки гол йўллаган Сарагоса ўйинга импулс берди. Натижани эса тажрибали жокерлар таъминлашди — 37 ёшли Хесус Навас қанотдан Моратага идеал узатма берди. Шотландия илк мағлубиятидан қутулишга ҳаракат қилди, аммо ўйин охирида қанотда тойиб кетган Ҳики Сансетга дебютини гол билан нишонлаш имконини тақдим этди.

Кипр — Норвегия 0:4
Голлар:
Сёрлот (33), Ҳоланд (65, 72), Эурснес (81).
Норвегия – Нюланд, Рюэрсон, Айер, Эстигор, Мелинг, Эурснес (Финне, 88), Эдегор (Торстведт, 78), Берге, Сольбаккен (Бобб, 63), Сёрлот (Нуса, 64), Ҳоланд (Ларсен, 77).

Дастлабки икки ўринни эгаллаш учун имконияти жуда кам бўлган Норвегия қилиши керак бўлган ишни бажармоқда - ўз ўйинида ғалаба қозониш. Дастлаб Ҳоланд иши юришмади, бўлимнинг иккинчи ярмида эса Серлот миллий жамоадаги 50-ўйинида рикошет орқали ҳисобни очди. Миллий жамоадаги голлари сонини 17 тага етказиб олган «Вилярреал» форварди ўз отаси — 1994 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этган Йеран Серлотни икки голга ортда қолдирмоқда.

Ҳоланд эса иккинчи бўлимда барибир ўз мақсадига эришиб, чиройли гол урди. Узун оёқлари ҳисобига ҳаводаги тўпга етиб олган футболчи бир тегиниш билан уни яқин «тўққизлик»ка жойлаштирди. «Манчестер Сити»нинг сўнгги тўрт ўйинини голсиз тарк этган Эрлинг барча энергиясини шу зарбага йўналтиргандек эди. Руҳий юкдан қутулганидан кейин у иккинчи бўлимда Серлот ўрнига туширилган Нусанинг узатмасини ҳам голга айлантирди. «Бир ўйинга бир гол» графигига чиқиб олган (миллий жамоадаги 27 ўйинда 27 гол) Ҳоланд ҳам шундан кейин дам олишга йўл олди. Скандинавлар етакчилари кейинги турда, бугун Испанияга қарши бўлиб ўтадиган ўйин учун куч тежашди.

15 октябр. Гуржистон — Кипр, Норвегия — Испания.

В гуруҳи

Нидерландларни грекларга қарши жанг кутмоқда

Нидерландия — Франция 1:2
Голлар:
Ҳартман (83) — Мбаппе (7, 53). 
Нидерландия – Вербрюгген, Гертрюйда, ван Дейк, Аке (ван де Вен, 80), Ҳартман, Думфрис (Фримпонг, 62), де Рон (Виффер, 46), Верман, Рейндерс, Симонс (Бергвейн, 80), Вегорст (Мален, 38).
Франция – Меньян, Клосс (Гюсто, 80), Л.Эрнандес, Конате, Т.Эрнандес, Рабьо, Тчуамени, Коман (Жиру, 71), Гризманн (Фофана, 87), Мбаппе, Коло-Муани (Тюрам, 80).

Нидерландия миллий жамоаси бошқарувига қайтган Роналд Куман илк ўйинида Франциядан 0:4 ҳисобида мағлуб бўлганди. Жамоанинг муаммолари шундан кейин ҳам давом этди. Саралаш босқичининг сентябр ойидаги ўйинларида греклар ва ирландлар устидан қозонилган ғалабалар туфайли вазият бироз яхшиланган бўлса-да, ҳали гуруҳ масаласи туман ичида қолмоқда. Муаммолар жаҳоннинг амалдаги вице-чемпионлари фонида яққол кўринмоқда.

21 ёшли Вербрюгген — Нидерландия дарвозасида сўнгги 54 йилликдаги энг ёш дарвозабон — олтинчи дақиқадаёқ гол ўтказди. Мбаппе Клосснинг узатмасидан кейин тўпни тўхтатмасдан дарвозага йўллади ва миллий жамоадаги голлари сони бўйича Мишел Платини билан тенглашиб олди. Бунга ишониш қийин, аммо Килиан буюк француз ҳужумчиси билан бир хил графикни қайд этди — 72 ўйинда 41 аниқ зарба.

Аммо бу — танаффусгача бўлган иш. Иккинчи бўлим бошида тўпни тўсин остидан дарвозага аниқ йўллаган Мбаппе миллий жамоа тарихидаги энг яхши тўпурарлар рейтингида Платинини ҳам ортда қолдириб, тўртинчи ўринни якка ўзи эгаллаб турибди. Агар унинг кейинги зарбаси тўсиндан қайтмаганида, миллий жамоалар миқёсида ўзи учун севимли рақибга урган голлари эвазига (6 гол) Гризманнга (44) яқинлашиб олган бўларди. Янада олдинроқда эса Жиру (54) ва Тиерри Анри (51) бор.

Фақат 2:0 — жуда ишончли ҳисоб эмасди. Агар Маленнинг голи унга ассистентлик қилган Акедаги офсайд туфайли бекор қилинган бўлса, миллий жамоага янги чақирилган Ҳартаман яқин бурчакка йўллаган зарбаси билан Менянни доғда қолдира олди. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмасди — Бергвайн тўпга ета олганида мезбонларни мағлубиятдан қутқариб қолган бўларди. Шу билан бирга, бу ўйиндаги дуранг Нидерландиянинг вазиятини жиддий ўзгартира олмасди, барчаси кейинги турда грекларга қарши ҳаёт-мамот жангида ҳал бўлади, Франция эса 6 ўйинда юз фоизлик натижа қайд этган ҳолда муддатидан олдин Евро-2024 йўлланмасини ҳал қилди.

Ирландия — Греция 0:2
Голлар:
Якумакис (20), Масурас (45+4). 
Ирландия – Базуну, Даффи, Доэрти, Коллинз (Мэннинг, 46), Скейлз, Браун (Жонстон, 70), Каллен, Найт, Смоллбоун (Робинсон, 70), Огбене (Ида, 86), Фергюсон.
Греция – Влаҳодимос, Рота, Рецос, Мавропанос, Цимикас, Бакасетас (Сиопис, 88), Манталос, Курбелис (Бухалакис, 64), Пелкас (Хацийованис, 64), Масурас (Кульеракис, 88), Якумакис (Иоаннидис, 70).

Греция асосий рақобатчисининг мағлубиятидан фойдаланди. Дублиндаги ўйинда эллинлар кучли экани кўриниб турарди ва Якумакис Цимикаснинг узатмасидан кейин бош билан аниқ зарба бериб ҳисобни очди. Масурас эса биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда ҳисобни қулай кўринишга келтирди. Жамоа иккинчи бўлимда ақл билан ҳаракат қилди ва душанба куни Афинада нидерландларга қарши бўладиган ўйин учун куч тежаб ўйнади. Грецияни иккинчи ўринга ўтказиб юборган нидерландларда Европа чемпионатига йўлланма олиш учун бошқа йўл ҳам бўлиши мумкин. Гап Миллатлар лигаси гуруҳ босқичи ғолибларининг плей-офф ўйинлари орқали йўлланма олиш ҳақида бормоқда.

16 октябр. Гибралтар — Ирландия, Греция — Нидерландия.

С гуруҳи

Италияни инглизлар билан ҳал қилувчи ўйин кутмоқда 

Италия – Малта 4:0
Голлар:
1:0 – 22 Бонавентура, 2:0 – 45 Берарди, 3:0 – 63 Берарди, 4:0 – 90 Фраттези.
Италия – Доннарумма, Дармиан, Манчини, Бастони, Димарко (Удоджи, 79), Бонавентура (Бираги, 87), Барелла (Фраттези, 65), Локателли, Берарди (Орсолини, 65), Распадори, Кин (Скамакка, 79).
Малта – Бонелло, Пепе, Мускат, Апап, Камензули, Кристенсен (Мускат, 66), Гийоме, Янкам (Нвоко, 84), Мбонг (Аттард, 66), Монтебелло (Сатариано, 55), Мбонг (Пайбер, 84).

Букмекерлар можароси туфайли Тонали ва Дзаниолодан айрилган Италия майдонга украинлар кутилганидек македонлар устидан ғалаба қозонганини билган ҳолда чиқиб келишди. Якунда «Скуадра адзурра» ҳам кутилганидек иккинчи ўринни ўзига қайтариб олди. Шу билан бирга, италияликларда аввалига вазиятлардан фойдаланиш бўйича муаммолар кузатилди. Бир неча вазиятда мезбонлардан омад юз ўгирди, Манчинининг зарбаси тўсинга тегди.

Якунда ажойиб формада бўлган футболчилар гол уришди, аммо том маънода алоҳидалик касб этди. Зарбанинг чиройидан ташқари, Бонавентура учун бу миллий жамоа сафидаги илк гол бўлди - 34 ёшу 53 кунликда. Бунгача Италияда ҳеч ким билан бундай бўлмаган.

Бундай ўйинларда асосийси — айнан биринчи голни уриб олиш бўлади, шундан кейин воқеалар ривожи фаворит сценарийси бўйича кетади. Ҳатто Берарди ҳам миллий жамоада уч йил чўзилган сукутини бузди. Дубл муаллифи миллий жамоада 2021 йилги Миллатлар лигасида «Тўртлик финали»дан буён гол урмаганди. Иккинчи голни урганидан кейин форвард захирага олинди, у Англияга қарши кечадиган оғир ўйин учун куч тежаши керак эди. Сешанба куни «Уэмбли»да бўлиб ўтадиган ўйиндаги мағлубият жамоани учинчи ўринга тушириб юбориши ҳам мумкин. Лекин нима бўлганда ҳам италияликлар учун барчаси ноябрда Македония ва Украинага қарши кечадиган ўйинларда ҳал бўлади. Аммо муваффақиятсизликка учралган тақдирда ҳам Еврога захира йўли бор — Миллатлар лигаси гуруҳ босқичлари ўртасидаги плей-офф орқали.

Украина – Шимолий Македония 2:0
Голлар:
1:0 – 30 Судаков, 2:0 – 90 Караваев.

17 октябр. Англия — Италия, Малта — Украина.

Туркия гуруҳдаги рақобатчисини енгди

D гуруҳи

Хорватия — Туркия 0:1
Гол:
Йилмаз (30). 
Хорватия – Ливакович, Станишич, Шутало, Гвардиол, Баришич (Соса, 80), Модрич, Ковачич (Бельо, 80), Брозович, Пашалич (Маер, 63), Брекало (Влашич, 63), Муса (Петкович, 63).
Туркия – Чақир, Бардакчи, Акайдин, Ўзкажар, Чалхонўғли, Қаҳвачи (Акгун, 65), Ўзжан, Юксек (Айхан, 86), Кадиўғли, Актуркўғли (Йилдиз, 86), Йилмаз (Йилдирим, 75).

Турклар сентябрда бош мураббийни алмаштирди, Штефан Кунц ўрнига Винченцо Монтелла тайинланди. Ўз вақтида «Адана Демирспор»да ишлаган италиялик мутахассис турк футболидан хабардорлиги маълум эди, аммо меҳмонларнинг Осиекдаги ўйини барибир ҳайрон қолдирди. Шу билан бирга, Монтелла — клубда бўлгани каби — классик марказий ҳужумчисиз схемани танлади.

Бу бир томондан кадрлар муаммоси туфайли мажбурий тактика бўлса ҳам, режа иш берди. Ливакович бир неча бор қутқарди, аммо хорватлар босимни оширгандек ва ташаббусни тўлиқ ўз қўлига олгандек кўринган маҳалда, турклар қарши ҳужум уюштирди. Унинг якунида миллий жамоа сафидаги илк голини урган Бариш Йилмаз тўпни олдинга чопиб чиққан дарвозабон устидан ошириб ташлади. 

Иккинчи бўлимда у янада қулайроқ вазиятда гол ура олмади ва ўйин охири асабий тус олди. Аммо Туркия мезбонлар босимига дош беролди, вазиятлардан бирида мониторга яқинлашиб, тўп Ҳоқон Чалхонўғлининг қўлига тегмаганини тасдиқлади. Монтелла эса 2010 йилдан буён турклар бошқарувидаги илк ўйинида ғалаба қозонган илк хорижлик мураббийга айланди.

Латвия — Арманистон 2:0
Голлар:
Икауниек (39), Балодис (68).

15 октябр. Туркия — Латвия, Уэлс — Хорватия.

Е гуруҳи

Албания бир оёғи билан Еврода

Албания — Чехия 3:0
Голлар:
Асани (9), Сефери (51, 73). 
Албания – Бериша, Ҳюсай, Жимшити, Айети, Митай, Байрами (Мучи, 67), Рамадани, Аслани, Асани (Муя, 54), Цикалеши (Даку, 67), Сефери (Гьясула, 86).
Чехия – Павленка, Цоуфал, Брабец, Голеш (Провод, 46), Крейчи, Юрасек (Доудера, 86), Соучек, Садилек, Черни (Гложек, 64), Хитил, Кухта (Чванчара, 64).
Четлатиш: Хитил (39).

Сенсация жамоалардан бири Албания сентябр ойида поляклар ва чехларга қарши ўйинларда тўрт очко олиб, гуруҳ ғолибига айланиб олди. Шу билан бирга чехларда ўйинлар сони битта кам эди ва бу турдаги ўзаро ўйиндан кейин барчаси ўзгариб кетиши ҳам мумкин эди. Аммо албанлар уйда доимо кучли ўйнашади ва уларнинг фаоллиги Асанининг узоқдан йўллаган зарбаси эвазига ҳисобдаги устунликни ҳам таъминлади. Меҳмонлар вакили Хитил бир амаллаб тўпни дарвозага жойлаганида эса VAR у тўпни қўли билан ўйнаганини қайд этди. Натижада — гол бекор қилинди ва «Виктория» форварди иккинчи сариқ карточкани олиб майдонни тарк этди.

Кўпчилик бўлиб қолган Албания қарши ҳужумларда рақибни жазолади ва бир неча метрдан туриб тўпни дарвозага йўллаган Сефери амалда ўйин масаласини ҳал қилди. Иккинчи бўлимда ўйинга қўшилган Даку эса яна голли ҳужумда қатнашди, сентябр ойида дебют кунида у Полша дарвозасини ишғол этганди, бу сафар Сеферини бўш бурчак қаршисига чиқарди - 3:0. Чехия йирик ҳисобда мағлуб бўлиб, учинчи ўринга тушиб кетди, Албания эса деярли Еврода.

Фарер ороллари — Полша 0:2
Голлар:
Шиманский (4), Букса (65). 

Саралаш циклида муваффақиятсизликка учраган Полшага Фернанду Сантушнинг истеъфосидан кейин Михал Пробеж бош мураббий этиб тайинланди. Бунгача ёшлар жамоасини бошқарган мутахассис жароҳат туфайли сафдан чиққан Левандовскисиз бошлашига тўғри келди, аммо Фарер оролларида усиз ҳам уддалаш мумкин эди. Шиманский ўйин стартидаёқ айланма зарбаси билан ҳисобни очди, иккинчи бўлимда Букса ҳисобни ишончли кўринишга келтирди. Поляклар иккинчи ўринга кўтарилди, олдинда эса иккита муҳим уй учрашуви кутмоқда. Бугун бу циклда ҳайрон қолдираётган Молдавага қарши ўйин бўлиб ўтади, ноябрда эса — Чехия билан.

15 октябр. Чехия — Фарер ороллари, Полша — Молдавия.

F гуруҳи

Лукаку Пелени ортда қолдирди

Австрия — Белгия 2:3
Голлар:
Лаймер (72), Забитцер (84, пеналти) — Лукебакио (12, 55), Лукаку (58). 
Австрия – Шлагер, Линҳарт, Данзо (Байду, 66), Вебер (Прасс, 71), Лаймер, Виммер (Забитцер, 79), Шлагер, Гриллич, Баумгартнер (Чам, 66), Зайвальд, Саркария (Калайжич, 66).
Бельгия – Зельс, Кастань, Вертонген, Фас, Теате, Мангаля (Тилеманс, 64), Онана, Лукебакио (Бакайоко, 71; Вермерен, 87), Доку (Кейта, 88), Лукаку, Опенда (Карраско, 46).
Четлатиш: Онана (78). 

Ралф Рангник ва Доменико Тедеско қарама-қаршилиги меҳмонларнинг ишончли ғалабаси билан якунланди ва Белгия ҳам муддатидан олдин Евро йўлланмасини ҳал этди. Бу ўйинда ҳам «қизил иблислар»нинг янги юзларини ифодаловчи вазиятлар етарлича бўлди. Лукебакионинг дубли — Белгиянинг янги авлодининг овозидир. Саралаш босқичидаги тўққизинчи голини урган Лукаку эса турнирнинг энг яхши тўпурарига айланди — унинг миллий жамоадаги ишлари яна изга туша бошлади. Дарвоқе, Ромелу миллий жамоа сафидаги 78-голи орқали Пелени ортда қолдирди. Рангник ҳам кейинги турда Евро йўлланмасини ҳал этиши мумкин, австрияликлар душанба куни Бокуда, бу турда Эстонияга қарши ўйнаб, саралаш циклидаги илк ғалабасини нишонлаган Озарбойжонга қарши майдонга тушади.

Эстония — Озарбойжон 0:2
Голлар:
Байрамов (9), Шейдаев (45+4, пеналти).

16 октябр. Озарбойжон — Австрия, Белгия — Швеция.

G гуруҳи

Венгрия – Сербия 2:1
Голлар:
1:0 – 20 Варга, 1:1 – 33 Павлович, 2:1 – 34 Шаллаи.
Венгрия – Дибус, Него (Болла, 63), Фиола (Ботка, 74), Ланг, Салаи, Керкез, Шаллаи (Ката, 75), Надь, Собослаи, Стайлз (Калмар, 63), Варга (Адам, 84).
Сербия – Милинкович-Савич, Миленкович, Эракович (Тадич, 46), Павлович, Терзич (Костич, 46), Гудель, Лукич (Ратков, 84), Гачинович (Журичич, 67), Милинкович-Савич, Живкович (Радонич, 75), Митрович.
Четлатиш: Калмар (90).

Бир ой олдин Венгрия Белградда ғалаба қозонган ва гуруҳ етакчилигини ўз қўлига олганди. Будапештдаги ўйин бошида мезбонларга омад ҳам кулиб боқди. Гачинович дарвоза яқинида туриб тўпни тўрга йўллай олмади, «2 га 1» вазиятда эса Живкович Митровичга тўғри пас бера олмади. Венгрия эса ўз имкониятларидан эҳтиёткорлик билан фойдаланди.

«Пакша» сафида ўтган мавсум Венгрия чемпионатининг энг яхши тўпурари бўлган Варга биринчи имкониятдаёқ ҳисобни очди. 33-дақиқада Павлович бурчакдан узатилган тўпга тўғри зарба бериб ҳисобни тенглаштирди, аммо бир дақиқа ўтмасдан Шоллои чиройли зарба билан жамоасини яна ҳисобда олдинга олиб чиқди.

Меҳмонлар устози Драган Стойкович танаффусда ўйинни қайтадан қуриб қанот ҳимоячиси Эракович ўрнига ҳужум вакили Тадични туширди. Терзич ўрнига Костич туширилиши ҳам ўйинга таъсир кўрсатди. Ўйин табиати кескин ўзгарди, аммо шу куни меҳмонлардан омад юз ўгирди.

Сербларнинг икки голи офсайд туфайли бекор қилинди, кейин эса бир ҳужум давомида тўп икки бор устунга тегди. Бошқа томондан, венгрлар ҳам жарима майдонига қамалиб олмади, қарши ҳужумлардан бири Варганинг зарбаси тўсинга тегиши билан якунланди. Қўшимча дақиқаларда Дибус Миленковичнинг бир неча метрдан йўллаган зарбасини тўсиб, ғалабани сақлаб қолди.

Энди Венгрия — уч очколик фарқ билан гуруҳнинг яққол пешқадами. Сербия эса иккинчи ўринда қолган бўлса-да, барчаси бу турда дам олган Черногорияга қарши баҳсда ҳал бўлади. Сешанба кунги Болқон дербиси Будапештдаги жангдан кўра шиддатлироқ бўлиши мумкин.

Болгария – Литва 0:2
Голлар:
0:1 – 45 Ширвис, 0:2 – 55 Ширвис.
Четлатиш: Краев (42, Б).

17 октябр. Литва — Венгрия, Сербия — Черногория.

Н гуруҳи

Словения масалани деярли ҳал қилди

Словения – Финландия 3:0
Голлар:
1:0 – 16, пеналти Шешко, 2:0 – 28 Шешко, 3:0 – 90 Янжа.
Словения – Облак, Стоянович (Горенц-Станкович, 90), Карничник, Блажич, Бийол, Янжа, Гнезда-Черин, Элшник, Шпорар (Куртич, 80), Шешко (Випотник, 60), Млакар (Вербич, 80).
Финландия – Градецки, Алхо, Хосконен, Вяйсянен, Иванов (Форсс, 77), Уронен, Шюллер (Хоканс, 46), Кайринен, Камара, Пукки, Челлман (Похянпало, 46).

Бу гуруҳда шанба куни иккита марказий ўйин бор эди. Аввалига гуруҳда биринчи ва учинчи ўринларни эгаллаб турган жамоалар муносабатларга ойдинлик киритиб олишди. Якунда кутилмалар амалга кўчмади, Словения бу ўйинга финнлардан кўра анча яхшироқ тайёрлангани маълум бўлди, ҳужумдаги Шпорар — Шешко боғлами биринчи бўлимдаёқ натижани таъминлаб қўйди. Шпорар бу жуфтликда иккинчи пландаги ролни бажармоқда, аммо унинг ҳаракатларисиз Шешконинг бенефиси ҳам бўлмасди. Биринчи ҳолатда у шериги ишлаган пеналтини голга айлантирди. Иккинчисида — Шпорар майдон марказида тўпни рақибдан олиб қўйиб, олдинга ташлаганида ҳимоячилардан қочиб кетиб, узоқ бурчакни аниқ нишонга олди. Финнларнинг ўйинни қутқариш учун уринишларига ҳисоб 2:0 ҳолатида яккама-якка вазиятда устун келган Облак чек қўйди. Арбитр томонидан қўшиб берилган дақиқаларда учинчи голни урган Словения гуруҳ пешқадамлигини сақлаб қолди, агар ноябрдаги икки ўйиндан бирида ғалаба қозонса, Еврога бориши аниқ — жамоа Шимолий Ирландия ва Данияга сафар қилади.

Дания – Қозоғистон 3:1
Голлар
: 1:0 – 36 Винн, 2:0 – 45 Сков, 3:0 – 48 Сков, 3:1 – 58 Вороговский.
Дания – Шмейхел, Мэле, Киер, Кристенсен, Андерсен, Эриксен, Ҳейберг, Долберг (Поулсен, 69), Винн (Нергор, 83), Ҳойлунд (Линдстрем, 90), Сков (Кристенсен, 69).
Қозоғистон – Шацкий, Каиров, Бистров, Марочкин, Алип, Досмагамбетов (Вороговский, 46), Бейсебеков (Куат, 62), Зайнутдинов (Дарабаев, 75), Оразов, Самородов (Чесноков, 80), Аймбетов (Тагиберген, 46).

Фаворит ўзига керак натижага эришди. Данияликлар нафақат шунчаки уч очкога эга бўлишни, балки Астанадаги учрашув учун жавоб қайтаришни қаттиқ хоҳлашарди, баҳордаги ўша ўйинда 2:0 ҳисоби якунда 2:3 кўринишига ўзгариб кетганди. Ўшанда жамоа сардори Киев дубл муаллифи Ҳойлундга ўйиндан кейин интервю беришни ҳам тақиқлаганди. Бу сафар натижани бундеслиганинг икки вакили таъминлади. «Волфсбург»да фантастик самарадорлик қайд этаётган Винн ва дубл қайд этган Сков.

Қозоғистонни ҳам бу кеча жуда умидсиз кўринди деб бўлмайди. Масалан, биринчи бўлим ўрталарида Киер рақибнинг хавфли ҳужумини тактик фол ва огоҳлантириш эвазига тўхтатди. Иккинчи бўлимда Вороговскийнинг жавоб голидан кейин меҳмонларда бир неча ажойиб вазиятлар бўлди. Аммо қозоғистонликларда навбатдаги мўъжиза бўлмади. Жамоада дастлабки икки ўриндан бирини эгаллаш имконияти камайгандан камаймоқда ва кейинги турда Финландияда ғалаба қозониш талаб этилади. Акс ҳолда қозоқлар плей-оффдан умид қилиши керак, чунки жамоа Миллатлар лигасида ўз гуруҳида ғолиб бўлган.

Шимолий Ирландия — Сан-Марино 3:0
Голлар:
Смит (5), Маженнис (11), Макменамин (81).

17 октябр. Финландия — Қозоғистон, Шимолий Ирландия — Словения, Сан-Марино — Дания.

I гуруҳи

Исроил — Швейцария ўйини бекор қилингани туфайли бу гуруҳдаги тур чала бўлиб қолди. Якунда руминлар иккинчи ўринни ўзида сақлаб қолган бўлса-да, исроилликлардан ўзиб кета олишмади. Бу эса ниҳоят қизиқарли ўйин кўрсатаётган Беларус фойдасига хизмат қилди, бош мураббийликка испаниялик мутахассис Карлос Алос Феррера келганидан кейин таркиби жиддий ўзгарган жамоа яна очко олди.

Беларус — Руминия 0:0

Андорра — Косово 0:3
Голлар:
Рашица (26, 71), Зекири (83).

Исроил — Швейцария ўйини ноябрга қолдирилган.

15 октябр. Швейцария — Беларус, Косово — Исроил, Руминия — Андорра.

J гуруҳи

Роналду португалларни Еврога олиб чиқди

Португалия — Словакия 3:2
Голлар:
Рамуш (18), Роналду (29 пеналти, 72) — Ганцко (69), Лоботка (80). 
Португалия – Кошта, Канселу, Диаш, А.Силва, Далот, Фернандеш, Б.Силва (Р.Невеш, 86), Палиня (Отавио, 86), Леау (Фелиш, 65), Роналду, Рамуш (Жота, 87).
Словакия – Дубравка, Пекарик (Томич, 76), Шкриньяр, Вавро, Ганцко, Куцка (Бенеш, 46), Лоботка, Дуда, Мак (Суслов, 46), Шранц (Дюриш, 87), Боженик (Полиевка, 65).

Жума куни Роберто Мартинес Португалия миллий жамоасида айрим футболчиларга майдонда жой топилмаётгани ҳақидаги гап-сўзларга нуқта қўйди. Иккинчи ўриндаги Словакияга қарши ўйиннинг бошланғич таркибидан Криштиану Роналду билан бирга Рафаэл Леау ҳам, Гонсалу Рамуш ҳам ўрин олганди. Ва бу, табиийки, ҳужумлар шиддатли бўлишини англатарди, меҳмонлар ҳимояси биринчи ҳужумдаёқ қулаши мумкин эди.

Аммо иш фақат дарвоза устуни нишонга олиниши билан якунланди. Кўп ўтмай кутилган иш барибир рўй берди — саралаш циклининг энг яхши ассистенти Бруну Фернандеш Рамушнинг бошига тўпни етказиб бериб, олтинчи голли узатмани ўз номига ёзиб қўйди. Леаунинг узатмаси вақтида тўп ҳимоячилардан бирининг қўлига тегиши Роналдунинг навбатдаги муваффақияти билан якунланди ва мухлислар уни ниҳоят миллий жамоадаги 200-ўйини билан табриклаб, баннер кўтариш имконига эга бўлишди. Сардор бу натижага июн ойидаёқ эришганди, аммо шу вақтгача Португалия фақат сафарда ўйнаётганди.

Олти ўйин давомида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган португалларнинг серияси бу ўйинда барҳам топди. Байрамни бузган словаклар биринчи жавоб голини уриб олганидан кейин тўлиқ ҳужумга ўтиб яна бир яхши вазиятга эга бўлишди. Аммо Фернандеш ўз вақтида еттинчи голли узатмасини амалга оширди, бўш бурчак қаршисига чиқиб борган Криштиану дублни расмийлаштирди. Португалия гуруҳдаги биринчи ўринни кафолатлаб, Еврога йўлланма олган жамоалар қаторига қўшилди.

Лихтенштейн — Босния ва Герцеговина 0:2
Голлар:
Раҳманович (13), Стеванович (41). 

Исландия — Люксембург 1:1
Голлар:
Оскарссон (23) — Родригеш (46).

Иккинчи йўлланма учун эса жанг давом этмоқда, Люксембург бу тур омадсизига айланди. Герцоглик жамоаси Рейкявикдаги биринчи бўлимда кутилган ўйинни намойиш эта олмади. Биргина гол ўтказилгани меҳмонларнинг омади келгани эвазига бўлди, бунинг учун тўсинга раҳмат айтиш керак. Иккинчи бўлим эса Родригешнинг ёрқин ҳаракатлари билан бошланди, у жарима майдони ташқарисидан туриб пастки бурчакни аниқ нишонга олди.

Якунда — фақат дуранг, бундан ҳам сўнгги дақиқаларда қуруқ қолиш мумкин эди. Яна дарвоза тўсини Люксембургга ёрдамга келди, аммо барибир Словакияни қувиб етиш имкони бой берилди. Бу икки жамоа курашига Босния ҳам аралашиши мумкин.

16 октябр. Босния — Португалия, Исландия — Лихтенштейн, Люксембург — Словакия.

Мавзуга оид