Чилонзорда кўп қаватли уй чўкиб, қийшайиб қолди
1988 йилда қурилган тўққиз қаватли уйнинг чўкиб, қийшайиб қолишига уйнинг ертўласи йиллар давомида сув билан тўлиб қолавергани сабаблиги айтилмоқда. Қонунчиликка кўра, бино яшаш учун яроқсиз деб топилса, бу ерда яшовчи фуқароларга давлат томонидан текин уй-жой берилиши керак.
Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Шараф маҳалласи, Қизил шарқ кўчаси 27-уйда яшовчи фуқаролар Кun.uz'га мурожаат йўллашди.
Мурожаатда улар яшаётган тўққиз қаватли, 1988 йилда қурилган уйнинг 4-, 5- ва 6-кириш йўлакларининг чап томони чўкиб бораётгани айтилади. Натижада бир уй иккинчисига “ёнбошлаб” қолган.
“Бу уй бошида яхши қурилган эди. Йиллар ўтиб, подвалларга кўп миқдорда сув сизиб кириши натижасида орқа томонга секин-секин чўкишни бошлади. Олдин икки “дом”нинг орасидан болалар копток тепиб, югуриб юришарди, ҳозир одам калласи ҳам сиғмайдиган бўлиб қолган. Уйнинг полига копток қўйсангиз, нариги томонга ўзи юмалаб кетади. Охирги йилларда чўкиш даражаси секин-секин кўпайиб кетяпти.
Олдинги “ЖЭК” бошлиқларига мурожаат билан чиқишганди, қанақадир комиссия келиб, ҳал қиламиз деб кетган. Аммо охирги натижа нима билан тугагани номаълум. Шу бўйича қолиб кетди. Уй энгашиб кетаверса, қачонлардир йиқилади-ку, бу яшаётганлар учун хавфли. Ҳеч ким бизга ёрдам бергани йўқ, ваъда берилади, аммо натижа йўқ”, деган мурожаатчилардан бири.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг Kun.uz'гa маълум қилишича, ҳолат махсус ишчи гуруҳ томонидан ўрганилмоқда.
Қонунчиликда бу борада нима дейилган?
“Уй-жой кодекси”нинг 18-моддасига кўра, эскиргани, авария ҳолатидалиги ёки бошқа асосларга кўра яшаш учун яроқсиз бўлган уйлар ва турар жойларни уй-жой фондидан чиқариш Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
Яшаш учун яроқсиз бўлган уйлар ва турар жойлар келгусида бошқа мақсадларда фойдаланиш учун қонунчиликда белгиланган тартибда қайта қурилиши мумкин ёки бундай уйлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарорига биноан бузиб ташланади.
“Уй-жой фондини давлат йўли билан ҳисобга олиш тўғрисида”ги қарорда келтирилишича, туман (шаҳар) ҳокими тавсияномаси асосида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят, Тошкент шаҳар ҳокими томонидан яшаш учун яроқсиз бўлган уйлар ёки турар жойларни бошқа мақсадларда фойдаланиш учун қайта жиҳозлаш ёхуд бузиш тўғрисида қарор чиқарилади. Бунда турар жойлари авария ҳолатида ёки табиий офатлардан жабрланган деб эътироф этилган фуқароларга давлат томонидан текин уй-жой бериш масаласи, албатта, ҳал қилинган бўлиши керак.
Мавзуга оид
09:10 / 15.11.2024
Тошкентда дорилар савдоси билан шуғулланиб келган шахслар ушланди
10:27 / 14.11.2024
Тошкентда энг арзон уй-жой ижараси қайси туманларда экани айтилди
18:38 / 13.11.2024
“Шароитидан ҳам, ўқитувчиларидан ҳам қўрқиб кетдим” — Тошкентдаги ўқув марказидан одамлар норози
12:10 / 13.11.2024