«Манчестер Юнайтед» нафақат мавсум бошида ишончни оқламади, балки бир қатор кўрсаткичлар бўйича узоқ йиллик антирекордларни қайд этиб ташлади. Гўёки ўзига мос бўлган мураббийни топган, ўтган мавсумни анча яхши ўтказиб, ёзда яна бир қатор эътиборли харидларни амалга оширган клуб учун мутлақо кутилмаган ҳолат. Аммо табиийки, «ҳар бир бахтсиз оила ўз сабабларига кўра бахтсиз бўлганидек», «Юнайтед»нинг бугунги аҳволига ҳам жуда кўп изоҳлар топса бўлади. Муҳими, ушбу муаммоларни ўз характерига кўра баҳолаб, ажратиб олишдан иборат.

Келинг, аввал, «Манчестер Юнайтед»даги муаммоларни уч тоифага ажратиб олайлик. Албатта, бу тоифалар айрим нуқталарда кесишиб, бир-бирининг оқибатларини оғирлаштирса-да, бу тариқа баҳолаш бугунги ҳолат чуқурлиги ва муддати ҳақида аниқроқ тасаввурга эга бўлинади, кейинги воқеалардаги кутилмаганлик фактори бирмунча камайтирилади.

Қисқа муддатли муаммо. Жароҳатлар ва айрим футболчиларнинг спорт формаси

Тан олиш керак, атиги икки ойлик муддатда «МЮ»даги жароҳатлар аномал даражада кўп. Тасаввур қилинг, бир пайтнинг ўзида жамоанинг икки нафар чап қанот ҳимоячиси, сўнг, бу позицияни вақтинчалик ёпиш учун олиб келинган учинчи футболчи ҳам жароҳат олган. Бу қанотда ўйнаш амалиётига эга бўлган ўнг қанот ҳимоячиси (Далот) томонидан масалани ечиш ҳам имконсиз, чунки унинг қанотида ўрнини ёпиши мумкин бўлган футболчи Аарон Уан-Биссака ҳам жароҳатланган.

Ёзда трансфер қилинган Ҳойлунд ва Амрабат жароҳат билан келди, ёзда йиғинларда қатнашиб, янги жамоага киришиб кетиши лозим бўлган Маунт энг муҳим паллада бир ойга сафдан чиқди. Шунингдек, саналганлардан ташқари, асосий ҳимоячилар – Мартинес ва Шоу узоқ муддатга лазаретга кетишди, Мактоминей ва Варан ҳам бир қатор учрашувларни ўтказиб юборишга улгурди, Коби Майну ва Амад мавсум бошланмасдан жароҳат олди.

Энди бунга футбол ташқарисидаги муаммолари туфайли Антони ҳамда мураббий билан келишмовчилик туфайли Санчо таркибдан четда қолганини ҳам қўшамиз.

Бундан ташқари, ўтган мавсумдаги муваффақиятларда асосий ролни бажарган икки футболчи – Каземиро ва Рэшфорд ёмон спорт формасида экани ҳам таъсир қилмоқда. Натижада тен Ҳаг 10 учрашувда ўн хил бошланғич таркиб туширишга мажбур бўлди, қолаверса, бирор чизиқда (ҳимоя, яримҳимоя, ҳужум) ҳам икки ўйинда бир хил номлар майдонга тушириш имкониятига эга бўлмади. Жамоа АПЛда жароҳатлар сони бўйича учинчи ўринда, майдонга туширилган футболчилар сони (25) бўйича эса биринчи ўринда қайд этилган.

Бундай шароитларда барқарор ўйинни ҳам, яхшироқ натижани ҳам кутиш бироз қийин бўлади. Майдонда индивидуал ҳаракатлар билан вазиятни қутқариб туриш ва шартларга терс тарзда натижаларни эришиш учун яна бир йўл – етакчи футболчиларнинг ҳаракати бўлиши керак, аммо юқорида айтилганидек, бу борада ҳам муаммолар яққол кўзга ташланиб турибди.