Спорт | 16:20 / 02.11.2024
8600
12 дақиқада ўқилади

«МЮ»да янги бош мураббий. Клуб Рубен Аморимни танлашига 4 сабаб

Роналду уни «шоир» деб атаган, Моуриниога шогирд бўлган.

Фото: The Athletic

«Манчестер Юнайтед»да яна янги давр бошланмоқда ва бу гал ҳам «қизил иблислар» Европа футболида ном чиқариб улгурган катта мураббийлардан бирини эмас, нисбатан кичикроқ имкониятлардан катта натижа ярата олган мутахассисга эътибор қаратди. Хўш, айнан қандай кароматлари сабаб Рубен Аморим «орзулар театри»га «режиссёрлик»ка таклиф этилди?

Португал футболида кураш азалдан уч жамоа ўртасида кечган: «Бенфика», «Порту» ва «Спортинг». Аммо сўнгги ўн йилликларда баҳс, асосан, дастлабки икки клуб ўртасида бўлаётганди. XX аср ўртасида «Спортинг» португал футболини бошқарган. 1941-1958 йилларда лиссабонликлар 10 карра чемпионликни қўлга киритиб, «Бенфика»нинг асосий рақибига айланиб олганди. Бироқ 80-йиллардан кейин бу курашда «Порту» анча илдам ҳаракатланиб, пойтахтликлар орасига суқулиб кирди ва «Бенфика»нинг бош рақиби сифатида намоён бўла бошлади.

90-йилларда бирор марта мамлакат бош дивизиони чемпионлигини қўлга кирита олмаган «Спортинг» йил сайин юқоридаги жуфтлик билан фарқни катталаштириб юборди. 2000-йиллар аввалида қисқа муддат клуб яна ўз даражасига қайтгандек таассурот уйғотди, бироқ кейин жамоа тарихидаги энг омадсиз – 19 йиллик «қурғоқчилик» юз берди ва бу даврда уларнинг ашаддий рақиблари барча чемпионлик кубокларини бўлишиб олишди. Жамоа шу қадар оғир аҳволга тушиб қолгандики, мухлислар футболчилар ва клуб расмийларига ҳужум қилишдан ҳам тап тортмай қолганди. 2018 йилда ниқоб таққан ўнлаб жиноятчилар «Спортинг» машғулот базасига бостириб кириб, футболчиларга ҳужум уюштирган ва уларни ўлдириш билан таҳдид қилган. Бу воқеа жамоа юлдузлари Руи Патрисиу ва Виллиам Карвалю, ёш иқтидор эгаси Рафаэл Леау кабилар клуб билан шартномани бекор қилишига сабаб бўлган. Мана шу воқеадан 3 йил ўтиб, бугун «Манчестер Юнайтед» мураббийлигига келиши кутилаётган Рубен Аморим жамоани Португалия Примераси чемпионига айлантирган.

Унинг «Спортинг»даги ютуқлари фақатгина шу чемпионлик билан якунланиб қолмади. Португалиялик мутахассис клубни 11 йил деганда Чемпионлар Лигаси плей-оффига олиб чиқди. Европа Лигасида эса лиссабонликлар унинг қўл остида чоракфиналда ўйнашди. Ўтган мавсумда «Спортинг» яна Португалия чемпиони бўлди ва Аморим жамоаси бу ишни чемпионат якунланишига 2 та тур қолганда ҳал қилди. Жорий мавсумда ҳам Португалияда жамоани тўхтатиб қоладиган куч топилмаяпти. Лиссабон клуби 9 та турнинг барчасида зафар қучиб, 27 очко билан турнир жадвали карвонбошиси бўлиб турибди. УEФА Чемпионлар Лигасида 3 та ўйин ўтказган «шерлар» 7 очко билан етакчилар қаторида бормоқда.

Лекин хавотир ҳам йўқ эмаски, «Манчестер Юнайтед»нинг бундан олдинги мураббийи (Эрик тен Ҳаг) ҳам жамоасини («Аякс») кетма-кет мамлакат чемпионига айлантирган ва сенсацион тарзда Чемпионлар Лигаси яримфиналига олиб чиққанди. Рубен Аморимнинг ўзига хослиги нимадаки, Сэр Жим Рэтклифф ва Дэн Эшуорт бошлиқ спорт бўлими айнан мана шу мутахассис номзодига тўхталди. Зеро, агар бу мураббий ҳам муваффақиятсизликка учраса, «Олд Траффорд» Глейзерларни эмас, айнан Рэтклифф ва INEOS'ни айблайди.

Тезкор таъсир

Истеъфога чиқарилишидан бир ҳафтагина олдин «Вест Ҳэм»га қарши беллашувда мағлубиятга учраган тен Ҳаг мухлислар ва клуб раҳбариятидан яна сабр қилишни сўраганди. Лекин Жим Рэтклифф ва клуб спорт директори унга ҳатто керагидан кўп вақт беришди. Натижада Аморим олдидаги вазифа анчайин мураккаб кўриниш олган ва ундан дарҳол реакция кўрсатиш талаб этилади. «МЮ» ҳозирда 4-ўриндаги «Астон Вилла»дан 7 очко орқада, Европа Лигасида эса учала ўйинда дуранг қайд этиб, 3 очко жамғарган, холос.

Лекин бу Рубен Аморимни ташвишга соладиган ҳолат эмас, у бундан олдинги жамоаларида тез фурсатда натижа кўрсата олган. «Брага»даги ишини олайлик. У клубда атиги 13 учрашувда мураббийлик қилган ва шундан 10 тасида ғалабага эришган. Ушбу муваффақиятлар орасида «Порту» устидан мамлакат кубоги финалида эришилган ғалаба ва 65 йил деганда «Бенфика» ўз майдонида таслим этилиши каби натижалар бор. Ушбу муваффақиятли ва кичик муддат «Спортинг»ни Аморим учун 10 млн евро баҳридан ўтишга мажбур қилганди.

2020 йил мартида унинг Лиссабондаги саргузаштлари бошланди. Мураббийнинг трансфер нархи кўпчиликни ҳайратда қолдирган. Боиси, бу қиймат бир қатор клуб юлдузларининг трансфер нархларидан ҳам баландроқ эди. Бироқ тез орада Рубен ўзига ишлатилган пуллар зое кетмаганини исботлашга эришди. Ўзининг дастлабки тўлиқ мавсумида 19 йиллик танаффусдан сўнг «яшил-оқлар» мухлисларига лига ғолиблигини тақдим этган мураббий ўша мавсумнинг ўзида Лига кубоги финалида собиқ жамоаси «Брага»ни енгиб, яна битта титулни клуб музейига тақдим этди.

Аниқ услуб ва тактик ёндашув

Тен Ҳагнинг сўнгги икки йилдаги ўйинига мухлисларнинг энг катта норозилиги унда аниқ қурилаётган услубнинг кўзга ташланмаганидир. У жамоа қурилиш жараёнида эканини бот-бот таъкидлади, бироқ айнан нима устида ишланаётгани ва янгича ўйин услубининг якуний кўриниши қандай бўлиши ҳақида ҳеч кимда аниқ тасаввур мавжуд эмасди. «Аякс»далигида унинг жамоаси тўп назоратига ўйин қурганди ва барчани ҳайратда қолдирган. Бироқ у «Манчестер Юнайтед»га янги келганидаёқ «Аяксдек ўйнамоқчи эмасмиз», деб бўлганди ва амалда ҳам у «қизил иблислар» билан тўп назоратини асосий планга қўймади.

Рубен Аморимда эса футбол майдонида ўз жамоаси қандай жойлашиши бўйича аниқ қарашлар мавжуд. У Португалия 3-дивизиони «Каса Пиа»ни бошқарган давридан бери 3-4-3 схемасида ўйнаб келади ва давомли муваффақиятларга ҳам айнан мана шу тактик жойлашув билан эришиб келмоқда.

Шу билан бирга, Аморимни биргина схемага ёпишиб олган деб бўлмайди. Айниқса, «Спортинг»даги фаолиятида 39 ёшли мураббий тактик хилма-хиллик намойиш эта олди. Дастлабки мавсумида лиссабонликлар ажойиб қарши ҳужумлари билан эътиборни тортди ва бу услуб марказида жамоа сардори ҳамда ишончли ҳимоячиси Себастиан Коатес, марказдаги тўпларни ютишдаги иқтидори билан аллақачон «Бавария»га ўтишга ҳам улгурган Жоау Палиня кабилар бўлди. Шунингдек, қанот ҳимоячилари Нуну Мендеш ва Педро Порро ҳам ҳужумга қўшилишдаги фаолликлари орқали жамоанинг ажойиб натижаларида ўз ҳиссасини қўшиб, ҳимояда ҳам ишончли ҳаракатланишди. Буни «Спортинг»нинг лигадаги 34 та баҳсда атиги 20 бор тўп ўтказиб юборганидан ҳам билиш мумкин. Ҳужумкор яримҳимоячи Педру Гонсалвеш эса 23 та гол билан тўпурарга айланганди. Мавсум якунига икки тур қолганда чемпионликни нишонлаб бўлган лиссабонликлар ўша вақтгача лигада мағлубият нималигини билмай келишди. Бироқ ҳамшаҳарлари «Бенфика»га қарши кечган баҳсда уларнинг серияси якунига етган.

Масаллиққа қараб ўтирмайдиган ошпаз

«Спортинг»даги дастлабки мавсумида муваффақият қозонган Рубен Аморим жамоаси таркибидаги иқтидорлар тез фурсатда Европа грандлари кўзини ўйната бошлади ва табиий равишда бирин-кетин улар катта пуллар эвазига трансфер қилиб юборилди. Нуну Мендеш аввалига ижара, кейин эса тўлақонли трансфер билан «ПСЖ»га ўтиб кетди. Жоау Палиня («Фулҳэм») ва Матеуш Нунеш («Вулверҳэмптон») Англияга йўл олишди. Педро Порро ҳам улардан сал кейинроқ «Тоттенҳэм» сафига бориб қўшилди.

Албатта, бундай йўқотишларга бирданига мослашиб, яна чемпион бўлиш қийин. «Спортинг» кейинги мавсумни 4-ўринда якунлади, бироқ шу йилнинг ўзида ҳам сенсациялар қилишга муваффақ бўлди. Чемпионлар Лигасида «Тоттенҳэм»дан 4 очко олишга эришган (2:0, 1:1) «шерлар» кейинчалик Европа Лигаси чоракфиналига чиқиш йўлида «Арсенал»ни доғда қолдирди (2:2, 1:1, пеналтилар сериясида 5:3). Ва ўтган мавсумда унинг жамоаси яна ўзининг энг яхши ҳолатига чиқиб, 34 та беллашувда 96 та гол уриб, 27 та ўтказиб юборган ҳолда 10 очколик захира билан чемпионликка эришди. Мана шундай доминант ўйинни бу мавсумда ҳам давом эттириб, 9 та беллашувда 30 та гол урган жамоа энди мураббийини катта клубга олдириб қўймоқда.

«Спортинг»да Инасиу ва Коатес ҳимоядаги ишончли ўйиндан ташқари стандартлар вақтида рақиб тўртбурчаги ичида ҳам фаоллиги билан ажралиб туради. Бироқ уларни клуб катта нархга қаерлардандир сотиб олмаган. Яримҳимоячилардан Педру Гонсалвеш 6,5 млн еврога Португалия лигаси ўртамиёналаридан бири «Фамаликау»дан харид қилинган. Швециялик ҳужумчи Виктор Гёкереш ҳақида эса жуда кўп ўқиган бўлсангиз керак. «Ковентри Сити»дан олиб келинган ҳужумчи ўтган мавсумда 39 та учрашувда майдонга тушиб, 36 та гол уришга эришганди. Бу мавсумда эса унинг голлари сони аллақачон 12 тага етди.

Моуринионинг унга ўхшамайдиган шогирди

Рубен Аморим мураббийлик фаолиятини Португалиянинг қуйи дивизионида бошлагани билан унда Жозе Моуринионинг қўлида таҳсил олиш имкони бўлган. Буни қарангки, унинг 1 ҳафталик шогирдлик даври айнан ҳамюрти «Олд Траффорд»да фаолият олиб борган даврда юз берган.

Шунингдек, футболчилик фаолиятида унга жамоадош бўлган Криштиану Роналду унинг сўзлашиш услуби сабаб «шоир» деб таъриф берган. Дарҳақиқат, унинг ўз фикрини ифодалаш услуби Португалия оммавий ахборот воситалари орасида ҳам машҳур ҳисобланади. Бироқ унинг Жозедан фарқи шундаки, шартнома билан белгилаб қўйилганидан ташқари интервюлар бермайди. Устозидан яна бир фарқи — ғалабаларда футболчиларининг даражасини кўтариб, ўз хизматларини панага олишга ҳаракат қилишидадир.

Қайд этиш керакки, португалиялик мутахассис «Ливерпул» бош мураббийлиги учун Арне Слотнинг асосий рақобатчиси эди. Кейинчалик у «Вест Ҳэм»да Дэвид Мойеснинг ўрнини эгаллаш борасида ҳам музокара ўтказди, бироқ клуб билан қарашлари фарқли чиқиб қолди ва бунинг учун «Спортинг» мухлисларидан узр сўради. Эрик тен Ҳаг истеъфога чиқарилгач, ишлар тезлашиб кетди. Аввалига «Спортинг» бош мураббий билан хайрлашаётганини эълон қилди, икки кун ўтиб «МЮ» уни янги бош мураббийи сифатида таништирди. Португалиялик 39 ёшли мутахассис билан 2027 йилга қадар шартнома имзоланган.

Юқоридаги фикрлардан кўриниб турибдики, у «Олд Траффорд»га келиш учун бир мураббийдан талаб этиладиган барча ишни қилиб бўлган, энди яна нималар қўлидан келишини биргаликда кўрамиз.

Абдулбасит Валихонов тайёрлади

Мавзуга оид