«Спортинг»да 4 мавсум ишлаб, 2 бор Португалия чемпионлигига эриша олган Рубен Аморим, асосан, ўйинни тўп назорати, ҳимоя учлиги билан юқори зоналарда ўйновчи ҳимоя чизиғини ташкил қилиш ва интенсив прессинг устига қуради. Лекин у қаергадир эмас, «Олд Траффорд»га келяпти ва 11 ноябрдан янги жамоасини «Ипсвич»га қарши дебют беллашувига тайёрлашни бошлайди. Хўш, у қарашларини «қизил иблислар» таркибига қандай сингдиришга уринади?

Ҳимоя учлиги: Мартинезнинг аҳамияти

Аморим «Спортинг»да ўтказган 188 учрашувида воз кечмагани ҳимоя марказида 3 нафар ҳимоячи билан ўйнашни «Манчестер Юнайтед»га ҳам татбиқ этишга уринишини кутиш мантиқли бўлади. Opta маълумотларига кўра, у асосан 3-4-2-1 схемасида ўйнаган. Бундан ташқари, унинг фаолиятида 3-4-3 ва 3-5-2 схемалари ҳам кузатилган.

Бу услубга кўникиш узоқ вақтдан бери Эрик тен Ҳагнинг 4-2-3-1 схемасида ўйнаб келган футболчилардан бироз вақт талаб этиши аниқ. Нидерландиялик мутахассис қўл остида манчестерликлар бирорта баҳсни ҳимоя учлиги билан бошламади (Opta). Бу учликнинг маркази бўлишга Маттейс де Лигт асосий номзод ҳисобланади. Жисмоний кўрсаткичлари ва бу позициядаги тажрибаси уни ушбу мақом учун фаворитга айлантиради. Лисандро Мартинез ва жароҳатдаги Лени Йоро унинг иккала тарафидан ўрин олиши мумкин. Лени Йоро ҳануз АПЛ имтиҳонидан ўтгани йўқ, бироқ унинг иқтидорига шубҳа йўқ. Айниқса, мавсумолди йиғинида жароҳат олиб сафдан чиққан французнинг жамоага мослашиб кетиши учун ҳам орқа чизиқда уни суғурталаши мумкин бўлган яна икки ҳимоячи бўлиши фойдали бўлади.

Учликнинг чап тарафини катта эҳтимол билан Лисандро Мартинез эгаллайди. Гарчи у тен Ҳаг қўл остида энг яхши ўйин кўрсата олганлардан бўлса-да, жуда кўп эпизодларда ҳимояда кўмак етишмаслигидан азият чекканди. Янги услубда эса унга «Спортинг»да Гонсало Инасио бажарган рол юкланиши мумкин. Чунки унинг оёқ билан ўйнай олиш қобилияти Инасионикидан қолишмайди.

Рубен Аморим собиқ клубида Инасиога тўп билан энг кўп марта ишлаш имкониятини берган ва унинг ҳар 90 дақиқа ҳисобига амалга оширадиган ўртача 95,9 та аниқ узатмалари Португалия примейрасидаги энг яхши кўрсаткич ҳисобланади. Инасиодан пайт пойлаган ҳолда яримҳимоячилар ва ҳужумдагиларга кескин узатмалар амалга ошириш талаб қилинарди ва бу вазифа «Юнайтед» ҳимоясида фақатгина Личага ишониб топширилиши мумкин.

Second Spectrum статистик маълумотлар портали тақдим этган рақамларга кўра, унинг мавсум аввалидан бери 746 марта ҳимояланаётган футболчиларни ортда қолдириши (узатма орқали) «қизил иблислар» таркибидаги исталган ҳимоячининг натижасидан 54 фоизга яхшироқ. Яъни Аморимсиз ҳам Мартинез жамоанинг билд-ап (build-up — паслар орқали рақиб босимини ёриб ўтиш) тизимида асосий мурват вазифасини бажарган.