Назарбоевнинг собиқ қудаси давлатга нефт кони, ёқилғи қуйиш шохобчаси ва заводни қайтарди
У 6 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.
Қозоғистон биринчи президентининг собиқ қудаси, судланган олигарх Қайрат Бўронбоев нефт кони, газ тақсимлаш станцияси, қувур ишлаб чиқариш ҳамда нефт-газ ускуналарини таъмирлаш заводини давлат тасарруфига ўтказди. Бу ҳақда Молиявий мониторинг агентлиги маълум қилди.
«Молиявий мониторинг агентлиги Қайрат Бўронбоевнинг тергов билан ихтиёрий ҳамкорлиги доирасида унинг активларини давлат тасарруфига қайтариш чораларини кўрмоқда», дейилади хабарда.
Агентлик маълумотларига кўра, қиймати 74,2 млн доллар бўлган «Қоражонбос северний» нефт кони, 29,3 млн доллар бўлган «Азия Газ Чунджа» газ тақсимлаш компанияси, 18,8 млн доллар бўлган «Сервисный Центр КазТурбоРемонт» заводи давлат тасарруфига ўтказилган.
Молиявий мониторинг агентлиги, жумладан, хориждан активларни қидириш ва қайтариш бўйича ишлар давом этаётганини маълум қилди.
Қайрат Бўронбоев Қозоғистоннинг энг бой ва нуфузли 50 нафар тадбиркори қаторидан жой олган. Унинг қизи собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг набираси Ойсултонга (2020 йил август ойида вафот этди) турмушга чиққан эди.
2022 йил март ойида Бўронбоев «Qazaq Gaz» миллий компаниясидан йирик миқдордаги маблағни ўғирлаганликда айбланиб, ҳибсга олинди.
2023 йил сентябр ойида Молиявий мониторинг агентлиги Бўронбоев ихтиёрий равишда 90 миллиард тенгедан (195,4 миллион доллар) ортиқ мол-мулкни давлатга қайтариб берганини маълум қилди.
Буни инобатга олган суд сентябр ойи ўрталарида Бўронбоевни 6 йилга озодликдан маҳрум қилди.
Мавзуга оид
18:42 / 30.08.2024
Назарбоевнинг собиқ келини одам ўғирлашда айбланиб, 12 йилга қамалди
22:01 / 16.08.2024
Нурсултон Назарбоевнинг жияни Қайрат Сотиболдиули қамоқдан озод қилинади
19:01 / 12.08.2024
Назарбоевнинг жияни давлатга 1,6 млрд доллар қийматли мулкларни қайтарди
18:39 / 15.02.2024