Kun.uz мухбири ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши тарихи, зиёлилар кўнглидаги тил билан боғлиқ бугунги ғашлик ва ўзбек тилининг хорижда ўқитилиши аҳволи мавзуларида суҳбат ўтказди.

Суҳбат меҳмонлари: тилшунос, турколог олим Бахтиёр Исабек, тилшунос, ёзувчи Ориф Толиб ва журналист, тилшунос Элдор Асанов бўлди.

— Бахтиёр ака, сизни катта бир тилшунос, турколог олим сифатида биламиз, ёшингиз улуғ ва сиз 1989 йилда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун, жараёнлар ва унгача бўлган курашларни кўрган инсонсиз.

Энди очиғини айтиш керак, ҳаммаси демайлиг-у, ёшларнинг катта қатлами бугунги куннинг асл мазмунини тўла тушунмайди. Келинг, сиз бир хотираларингиз билан бўлишингки, ўзи қандай кун бу, биз тилимизни ўша пайтда кимдан, қандай ҳимоя қилгандиг-у, унинг учун ким билан кимлар курашганди? Биз қандай қилиб ўз тилимизни расмий тил қилдик? Қандай таҳдид, қандай муаммо бор эди?

Бахтиёр Исабек:

— Ўзбек тилини давлат тилига айлантиришга бўлган илк ҳаракатлар 1988 йили 9 февралда талабалар шаҳарчасида бошланган эди. Масалани асосий кўтариб чиққанлар талабалар бўлган. Ташкилотчилари ўша пайтдаги 5-курс филология ва журналистика факултети талабалари эди. Ўша пайтда мен тил ва адабиёт ўқитувчиси эдим. Расмий ишларда мени етакчи сифатида кўрсатишган, лекин бошлаб берган талабалар эди, йўл-йўриқ кўрсатиб турганман. Ўша талабалардан бир нечтасини бугун интервюга ҳам олиб келмоқчи эдим, лекин қанақадир чўчишди шекилли, келишмади.

9 феврал куни умумий тилшунослик фанидан дарсим бор эди. Талабалар келиб, сизнинг дарсингизда тил байрами ўтказсак бўладими, дейишди. Агар ўзбек тили давлат тили бўлиши учун митинг қилсангиз, дарсдан озод қилиб, ўзим олиб чиқаман, дедим. Бунгача дарсларда шу тилнинг ижтимоий томонларини ўрганиб, икки тиллилик масаласини муҳокама қилиб юрганмиз талабалар билан, ўзи ўша пайт икки тиллилик масаласи анча кўтарилиб қолганди. Рус тилининг обрўси баланд эди унда.

Яхши эслайман, Гулноза (адашмасам, шунақа эди исми) деган бир олов қизимиз бор эди... Бир қарасам, талабалар шаҳарчасида оқиб келяпти талабалар, бошқа институтларнинг талабалари ҳам келибди. Бу нарса жуда ҳаяжонга солган мени, кўзимга ёш қуйилиб келиб, ҳеч ўзимни тўхтатолмаганман. Гулноза қизимиз шунақанги баланд овоз билан талабаларга мурожаат қилди, режалар ҳақида гапирди. Навбат-навбат бошқалар гапирди. Жуда бир бошқача кун бўлган ўша 9 феврал. Том маънода ўша куни тил байрами бўлган, ҳам Навоий туғилган кун эди.