Ўзбекистон | 16:32 / 27.02.2025
3317
2 дақиқада ўқилади

Таълим тили ўзбек тили бўлмаган синф битирувчилари ҳам давлат тилидан имтиҳон топширади

9- ва 11-синф ўқувчиларининг якуний давлат аттестацияси тартиби ўзгартирилди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири буйруғи билан умумий ўрта таълим муассасаларида якуний давлат аттестацияси ўтказиш тартиби белгиланди.

Унга кўра, умумий ўрта таълим муассасаларида якуний давлат аттестацияси ўтказиладиган фанлар рўйхати ва имтиҳон ўтказиш шакллари, умумтаълим фанлари ҳамда хорижий тилларни билиш даражасини баҳоловчи миллий ва халқаро тан олинган сертификатлар рўйхати тасдиқланди.

Жумладан, 9-синф ўқувчиларининг якуний давлат аттестацияси:

- Она тили ва адабиёти фанидан (таълим ўзбек тилида олиб бориладиган синфлар учун) – ёзма;

- Давлат тилидан (таълим тили ўзбек тили бўлмаган синфлар учун) – ёзма;

- Математика фанидан – ёзма;

- Ўзбекистон тарихи фанидан – ёзма/оғзаки;

- Жисмоний тарбия фанидан – амалий шаклда ўтказилади.

11-синф ўқувчиларининг якуний давлат аттестацияси:

- Она тили ва адабиёти фанидан (таълим ўзбек тилида олиб бориладиган синфлар учун) – ёзма;

- Давлат тилидан (таълим тили ўзбек тили бўлмаган синфлар учун) – ёзма;

- Математика (асосий) / Математика (чуқурлаштирилган) фанидан – ёзма;

- Тарих фанидан – ёзма;

Ўқувчининг танлови бўйича:

- Она тили ва адабиёти (қорақалпоқ, рус, қозоқ, туркман, тожик, қирғиз тилида таълим бўлган синфлар учун), Биология, Физика, Кимё, Давлат ҳуқуқ асослари, География фанларидан – ёзма;

- Чет тили фанидан ёзма/оғзаки шаклда ўтказилади.

2025 йилидан бошлаб таълим ўзбек тилида олиб борилмайдиган умумий ўрта таълим муассасаларининг 11-синф битирувчилари учун ҳам Давлат тилидан якуний назорат имтиҳонларини топшириш мажбурий бўлади.

Мавзуга оид