Жаҳон | 21:27 / 23.10.2023
10964
2 дақиқада ўқилади

Малдивнинг янги президенти ороллардан Ҳиндистон қўшинини чиқариб юборишга ваъда берди

Ўтган ойда Малдив Республикасидаги президентлик сайловларида ғолиб чиққан Муҳаммад Муиззу Ҳиндистондан мамлакатдаги қўшинларини олиб чиқиб кетишни талаб қилмоқда.

Муҳаммад Муиззу / Фото: Getty Images

“Малдив ерларида хорижлик ҳарбийларнинг қадам босишини истамаймиз... Мен Малдив халқига шундай деб ваъда берганман ва ўз ваъдамни биринчи кунданоқ бажараман”, – деди сайланган президент BBCга берган интервюсида.

Муиззу ноябр ойи охирида президентлик лавозимига киришади. Унинг сўзларига кўра, у сайловда ғолиб чиққанидан кейин бир неча кун ўтиб ҳинд элчиси билан учрашган ва унга “Ҳиндистон ҳарбийларининг мутлақ ҳаммаси олиб кетилиши кераклигини аниқ қилиб айтган”.

Малдив – узоқ вақтдан буён Ҳиндистоннинг таъсир доирасидаги давлат. Мамлакатнинг янги раҳбари қўяётган талаб катта эҳтимол билан Мале ва Деҳли ўртасида дипломатик тарангликка сабаб бўлади.

Муҳаммад Муиззунинг сайловда ғолиб чиқиши Ҳиндистон учун муваффақиятсизлик деб кўрилмоқда. Унинг рақиби – амалдаги президент Муҳаммад Солиҳ 2018 йилда бу лавозимни эгаллаганидан буён мамлакатни Ҳиндистонга яқинлаштирган эди.

Муиззуни қўллаб-қувватлаётган партиялар коалицияси Солиҳнинг “биринчи ўринда Ҳиндистон” қабилидаги сиёсатини Малдивнинг суверенитети ва хавфсизлигига таҳдид деб ҳисоблайди. Солиҳнинг ўзи бу айбловларни бўрттирилган деб атаган.

Янги президентнинг тарафдорлари Хитой билан яқинлашишни қўллаб-қувватлайди. Пекин Малдив оролларига инфратузилма ва тараққиёт лойиҳалари учун қарзлар ва грантлар шаклида юзлаб миллион доллар инвестиция киритган. Муҳаммад Муиззу хитойпараст экани ҳақидаги танқидларга жавобан, Малдив оролларининг манфаатлари ва мустақиллигини биринчи ўринга қўйишини айтган. “Мен ҳеч бир давлатга хайрихоҳ ёки қарши эмасман”, деган у.

Айни пайтда Ҳиндистон томонидан Малдивга ётқизилган сармоялар ҳажми ҳам 2 млрд доллардан ошади. Деҳли Ҳинд океанининг муҳим қисмини мониторинг қилиш имконини берувчи стратегик жойлашувга эга оролларда ўз таъсирини сақлаб қолишдан манфаатдор. Агар қўшинларини олиб чиқиб кетишга мажбур бўлса, бу Ҳиндистон ташқи сиёсати учун муваффақиятсизлик бўлади.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид