Бугун дунёда 200 та атрофида давлат бор. Уларнинг 193 таси БМТга аъзо. Бу давлатларнинг 50 га яқини турли сабаблар билан сўнгги 100 йилда ўз номини ўзгартирган.

Бундан ташқари, ХХ асрда бир қанча иттифоқ давлатлар парчаланиб кетди ва айрим мамлакатлар номи ўзгарди. Жумладан, Чехословакия парчаланиб, ўрнида Чехия ва Словакия ташкил топди.

1991 йилда СССР парчаланиб, 15 та республика ўз мустақиллигини эълон қилди ва советлар эга бўлган асосий ҳудудда Россия номли давлат пайдо бўлди.

Худди шундай, бир қанча иттифоқдош республикалардан ташкил топган Югославия парчалангач, ўрнида еттита мустақил давлат ташкил топди.

ХХ аср бошигача Корея империяси деб танилган ва бир муддат японлар мустамлакаси бўлган ҳудудда иккита давлат пайдо бўлди.

Шунингдек, ўтган асрда иккита мамлакат бирлашган ҳолатлар ҳам бўлди. Жумладан, 1980-йилгача Германия федератив республикаси ва Германия демократик республикаси сифатида яшаб келган иккита давлат ягона Германияга бирлашади.

1989 йилда ГФР ва ГДР ягона Германияга бирлашди

Худди шунингдек, Африка қитъасидаги Занзибар ва Танганика бирлашиб, Танзания номини олади.

Қуйида ХХ асрда бир нечта давлатларнинг ўз номини ўзгартиришига нима сабаб бўлганини кўриб чиқамиз.

Бангладеш

Бангладеш давлати 1971 йилда ташкил топган. Унгача бу давлат аввалига Ҳиндистон таркибида бўлган ва Шарқий Бенгалия деб номланган.

Британия мустамлакасидан озод бўлгач Покистон таркибига кирган ва Шарқий Покистон деб аталган. 1970 йилда Шарқий Покистонда мустақиллик учун ҳаракатлар бошланиб, референдум ўтказилади.

Унда жуда кўпчилик Шарқий Покистоннинг мустақил бўлиши учун овоз беради. Бироқ Покистон референдумни тан олмаслигини маълум қилади ва мустақиллик тарафдорлари бўлган таниқли шахсларни ҳибсга ола бошлайди.

Бангладеш ва Покистон бир пайтлар битта давлат бўлишган.

Оқибатда ўртада қуролли можаро келиб чиқади. Шарқий Покистонда Покистон армияси ва қаршилик кучлари ўртасида жанглар бошланиб кетади.