Вашингтон ўтган ҳафта Шимолий Корея Украина билан уруш учун Россияга ўқ-дори ва қурол-яроғ етказиб берганини даъво қилганидан кейин Жанубий Корея Қўшма Штатларга қўшилиб, Шимолий Кореяни қоралаб чиқди. Сеул Пхенянга қарши қўшимча чоралар имкониятини кўриб чиқмоқда, деди 21 октябр куни Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлигининг юқори мартабали вакили.

Айни пайтда, таҳлилчиларнинг фикрича, Жанубий Корея Шимолий Корея ядро синовларини ўтказганидан сўнг БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан бир неча бор кучайтирилган мисли кўрилмаган халқаро санкцияларга қарамай, қийинчиликларга дош бера олган шимолий қўшниси устидан озгина таъсир кучига эга.

Кузатувчиларга кўра, 2006 йил октябр ойида КХДР томонидан амалга оширилган биринчи ядровий портлашдан буён глобал геосиёсий вазият кескин ўзгарди ва Ғарб билан қарама-қаршиликни давом эттирган Пхенян энди Россия ва Хитой билан яқин иттифоққа кирган. Ва бу иттифоқлар Шимолий Кореяга кўплаб санкцияларни четлаб ўтиш, ҳарбий салоҳиятини ошириш ва Шимоли-Шарқий Осиёда ўзининг геосиёсий амбицияларини амалга оширишга ҳаракат қилиш имконини беради.

Жанубий Корея Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги ўзаро ҳарбий таъминотни қоралади

Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлиги 21 октябр куни ўз баёнотида Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги муносабатларнинг ривожланишига тўхталиб: «Бу икки давлат ўртасидаги ҳар қандай ўзаро таъминот (ҳарбий соҳада) БМТ Хавфсизлик кенгаши қоидалари, резолюцияларини очиқдан-очиқ бузиш ва Корея яриморолида тинчлик ва барқарорликка таҳдид ҳисобланади», дея маълум қилди.

Бу фикр АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жон Кирби Вашингтонда журналистларга Пхенян Москвага 1000 контейнер ҳарбий юк етказиб бергани ҳақида айтганидан кейин янгради. 

АҚШ расмийларига кўра, контейнерлар Шимолий Корея кемаси бортига Ражин портида жойлаштирилиб, сўнгра Россиянинг Приморск ўлкаси Дунай қишлоғидаги портга олиб кетилган. Бундан ташқари, Кирби сўзларига кўра, сунъий йўлдошлар юк портдан Россиянинг Украина билан чегарасидан тахминан 290 км узоқликда жойлашган Тихорецк шаҳри яқинидаги ўқ-дорилар омборига йўл олганини аниқлаган. 

Вашингтонда жойлашган Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази (Center for Strategic and International Studies) томонидан таҳлил қилинган худди шундай космик суратлар Шимолий Кореянинг Россия билан чегараси орқали ўтаётган контейнер ташувчи поездлар сони кескин ошганини кўрсатди.