Жаҳон | 20:51 / 25.10.2023
10151
2 дақиқада ўқилади

Венгрия Европа Иттифоқи аъзоси бўлишга мажбур эмас – Боррел 

Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел Европа Иттифоқига аъзоликни совет даври истилоси билан таққослаган Венгрия бош вазири Виктор Орбанга жавоб қайтарди. 

Фото: Reuters

Венгрия Европа Иттифоқи олдидаги мажбуриятларини «оккупация» деб ҳисобласа, унга аъзо бўлишга мажбур эмас, деди Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел. 

У Венгрия совет истилоси, «оккупация» нима экани ҳақида кўп нарса билишини таъкидлади. 1956 йилда совет қўшинлари томонидан Венгрия қўзғолони бостирилганини эслади. Бироқ, Венгрия бош вазири Виктор Орбан «Европа Иттифоқини совет истилоси билан таққослаганида» нимани назарда тутаётганини тушунмаслигини айтди. 

«Тўғрисини айтсам, Будапештнинг советлар томонидан босиб олиниши билан Берлямонда (Европа Комиссиясининг қароргоҳи, Брюсселда жойлашган) содир бўлаётган воқеалар ўртасида ҳеч қандай ўхшашлик кўрмаяпман. Мен Берлямонда бирорта танкни кўрмадим. Ҳеч ким Венгрияни Европа Иттифоқига аъзо бўлишга мажбурламайди. Бу эркин танлов», деди Боррелл. 

Венгрия бош вазири Виктор Орбан 23 октябр куни Европа Иттифоқига аъзоликни совет истилоси билан таққослади. Унинг таъкидлашича, совет даврида республика «Москва ҳуштак чалаётган оҳангда рақсга тушишга» мажбур эди. Ҳозир эса «Брюссел ҳам ҳуштак чалади, лекин биз ўзимиз хоҳлагандек рақсга тушамиз, хоҳламасак, рақсга тушмаймиз». 

«Шукрки, бир пайтлар фожиа бўлган воқеа ҳозир энг яхши ҳолатда комедияга айланди. Яхшиямки, Брюссел Москва эмас. Москва фожиа эди. Брюссел шунчаки ёмон замонавий пародия», деди Орбан. 

Виктор Орбан бир неча бор Европа Иттифоқини танқид қилган, европалик сиёсатчилар уни сўз эркинлигини бостиришда, кўппартиявийлик тизими ва суд мустақиллигига путур етказишда айблашади. Орбаннинг Европа Иттифоқи билан муносабатларидаги инқироз 2015 йилда Рига саммитида юзага келган эди. Шунда Европа Комиссияси раҳбари Жан-Клод Юнкер Орбанни «Салом, диктатор!» деган ибора билан кутиб олди ва ҳазиллашиб унга енгил шапалоқ урди.

Мавзуга оид