Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
БМТ Хавфсизлик кенгаши Россия ва АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича резолюцияларини рад этди
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик кенгашида Яқин Шарқ бўйича Америка резолюцияси лойиҳаси Россия ва Хитой томонидан блокланди, Россия ҳужжати керакли овозларни ололмади.
БМТ Хавфсизлик кенгаши 25 октябр, чоршанба куни яна Яқин Шарқдаги вазият бўйича таклиф қилинган резолюциялардан бирортасини қабул қила олмади. Россия ва Хитой Америка лойиҳасига вето қўйди, Россия ҳужжати етарлича овоз ололмади, дейилади жаҳон ташкилоти сайтида.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик кенгашининг 10 аъзоси АҚШ таклиф қилган резолюция учун овоз берди, икки давлат - Мозамбик ва Бразилия бетараф қолди. Унга Россия ва Хитойдан ташқари Бирлашган Араб Амирликлари ҳам қарши чиқди. Москва версиясини тўртта давлат қўллаб-қувватлади, иккитаси - Буюк Британия ва АҚШ қарши овоз берди. Хавфсизлик кенгашининг яна тўққиз аъзоси овоз беришда бетараф қолди.
Россия ва АҚШ резолюциялари ўртасидаги фарқ нимада?
Россия ва АҚШ таклиф қилган резолюцияларда зўравонлик, жумладан ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумлари қораланади ва инсонпарварлик ёрдами етказилиши талаб қилинади. Шу билан бирга, Россия «ҳуманитар асосда зудлик билан, барқарор ва тўлиқ ўт очишни тўхтатишга» чақирмоқда. Москва шунингдек, Исроилдан Ғазо сектори аҳолисини анклав жанубига эвакуация қилиш буйруғини тўхтатишни талаб этмоқда.
Америка лойиҳаси ҳар қандай давлатнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қайд этиб, халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилишга ва терроризмни молиялаштиришни тўхтатишга чақиради. Шунингдек, у «ҳуманитар пауза» эълон қилишни таклиф этади. Бироқ, АҚШ версияси, Россия лойиҳасидан фарқли ўлароқ, ўт очишни тўхтатиш чақириғини ўз ичига олмайди, дея қайд этади БМТ.
Ҳар икки томондан ҳам танқид
Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя Америка резолюциясини «бутунлай сиёсийлаштирилган» деб атади ва унинг мақсади «тинч аҳолини қутқариш эмас, балки АҚШнинг минтақадаги сиёсий йўл-йўриқларини белгилаб қўйиш» эканини айтди.
АҚШнинг БМТдаги элчиси Линда Томас-Гринфилд, ўз навбатида, Россияни «ҳеч қандай маслаҳатларсиз» ва «бир қатор муаммоли бўлимлар билан» ўз лойиҳасини илгари сургани учун «бемаъни ва масъулиятсиз хатти-ҳаракатларда» айблади.