Жаҳон | 20:23
4005
11 дақиқада ўқилади

“Америкаликлар тузоққа тушди” — Эрон элчиси

АҚШ–Эрон уруши тўхтаган бўлса-да, унинг энг муҳим сиёсий саволлари ҳануз очиқлигича қолмоқда. Теҳрон нега уранни 60 фоизгача бойитган? Исроил Ливанга бомбалашни тўхтатмаса, нима бўлади? Америкаликлар ҳақиқатдан ҳам учувчини қутқариш баҳонасида бойитилган уранни ўғирлаш операциясини ўтказганми?

Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси Муҳаммад Али Искандарий Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида берган интервюсида шу каби саволларга жавоб берди.

— АҚШ билан имзоланган меморандумнинг қайси бандини Эрон ҳукумати энг муҳим ютуқ деб ҳисоблайди?

Суҳбатимиз бошида шуни айтишим керакки, Америка урушга Эронни таслим қилиш режаси билан киришган эди. Бу режа – Нетаняҳу томонидан нотўғри маълумотлар асосида Трампга тақдим қилинган таклиф эди. Бироқ уруш бошланганидан тўрт кун ўтиб, бу қарор нотўғри эканини ўзлари ҳам англаб етишди. Шундан сўнг вазият ўзгарди ва тахминан 80 кун давомида жараён шундай кечдики, натижада Эрон ўз шартларини илгари суриб, уларни қабул қилдира олди.

Яъни жараён шундай тус олдики, дастлаб Америка Эроннинг сўзсиз таслим бўлишини кутган бўлса, охир-оқибат вазият тескари томонга бурилди – Эрон ўз позициясини мустаҳкамлаб, душман томонни муросага мажбур қила олди. Агар меморандумдаги бандларга диққат билан қаралса, бу ҳолат янада аниқроқ тушунилади.

Лекин энг асосий ютуқ – барча фронтларда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш келишуви бўлди. Шунингдек, Эроннинг музлатилган активлари қайтарилади, Эронга қарши қўлланган санкциялар бекор қилинади, етказилган зарар тиклаш лойиҳалари орқали компенсация қилинади. Албатта, булар – муҳим ютуқлар. Аммо асл натижа бундан ҳам чуқурроқ:

Биринчидан, бу жараён шуни кўрсатдики, Эронни ҳарбий йўл билан таслим қилиш мумкин эмас. Мамлакатда кучли тийиб турувчи салоҳият мавжуд бўлиб, у ички бирлик, жипслик ва мустаҳкам сиёсий институтларга таянади.

Иккинчидан, ташқи кучлар ёлғон нарративлар орқали ўз позициясини мажбуран қабул қилдира олмаслиги аён бўлди. Куч билан босим ўтказиш ҳар доим ҳам натижа бермайди.

Учинчидан, бу жараён шуни исботладики, хавфсизлик ва тинчлик бир томонлама бўлиши мумкин эмас. Агар минтақада беқарорлик юзага келтирилса, у ерда барқарор тинчликни таъминлаб бўлмайди.

Шунингдек, ушбу воқеалар натижасида Эрон олдингидан ҳам кучлироқ позицияга чиқди. Маълум маънода, Трампнинг қарорлари Эроннинг геосиёсий жиҳатдан янада мустаҳкамланишига олиб келди. Аввал Эрон узоқ вақт давомида ўзини тийиб, минтақа давлатлари билан мувозанатни сақлашга ҳаракат қилган эди. Бироқ АҚШнинг нотўғри ҳисоб-китоблари ва сиёсий қарорлари натижасида бу позиция ўзгарди ва Эрон фаол ҳаракат босқичига ўтди.

— Агар Исроил Ливанга зарбаларни давом эттирса, Эрон буни меморандум бузилиши сифатида қабул қиладими?

Масала фақатгина Ливан билан чекланиб қолмайди. Гап умуман минтақадаги, хусусан, сионистик режим томонидан босиб олинаётган ва тажовузга учраётган барча давлатлар ҳақида бормоқда. Маълумки, Исроил ўзининг Нил дарёсидан Фротгача эгаллаш ғоясини илгари суриб келади. Ушбу ғояни амалга ошириш йўлида у минтақадаги кўплаб давлатларга нисбатан ҳарбий ҳаракатлар олиб борган.

Масалан, сўнгги 3 йилда фаластинлик бўлган 70 мингдан ортиқ бегуноҳ инсон ҳалок бўлди. Бундан олдинги даврларда эса Ливанда ўн минглаб инсонлар қурбон бўлган. Шунингдек, Исроил мунтазам равишда Сурия ҳудудига зарбалар берган, Яманга ҳам ҳужумлар амалга оширган. Умуман олганда, минтақада Исроил ҳарбий ҳаракатларидан холи бўлган ҳудуд деярли қолмаган.

Эрон Ислом Республикаси бу борада шуни таъкидлайдики, ушбу зулм тўхтатилиши керак. Чунки бундай шароитда минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш имконсиз. Исроилнинг АҚШ ва айрим Ғарб давлатлари қўллаб-қувватлови остида исталган ҳудудга зарба бериши – халқаро тизим учун ҳам, минтақа барқарорлиги учун ҳам жиддий таҳдиддир. Айнан шу сабабли минтақадаги тинчлик ва осойишталик Исроилнинг ҳаракатлари туфайли издан чиқмоқда.

Ҳозирги вақтда бошқа йўналишларда ҳарбий ҳаракатлар вақтинча тўхтатилгани сабабли Ливан масаласи алоҳида муҳокама қилинмоқда. Бироқ АҚШ ва Исроил Ливанга ҳужумларни тўхтатиш бўйича мажбурият олганига қарамай, бу ҳужумлар давом эттирилмоқда. Покистон воситачилигида олиб борилган музокаралар чоғида АҚШ томони Ливанга қарши тажовузлар тўхтатилишини ваъда қилган эди. Шундай экан, Ливанга нисбатан амалга оширилаётган ҳар қандай ҳужум учун масъулият бевосита АҚШ зиммасига тушади.

Шу билан бирга, Ливандаги вазиятни назорат қилиш мақсадида махсус назорат қўмитаси ташкил этилди. Бу тузилма можарони бошқариш ва келишувларга риоя этилишини таъминлаш учун хизмат қилади. Мазкур жараёнда АҚШ ва Эрон ўз зиммасига муайян мажбуриятларни олди. Жумладан, АҚШ бутун минтақада ўт очишни тўхтатиш режимига риоя этилишини таъминлаш мажбуриятини зиммасига олган. Агар АҚШ ушбу мажбуриятларига амал қилмаса, Эрон ҳам ўз зиммасига олган мажбуриятларга риоя қилишни тўхтатиши мумкин.

— Уруш давомида Эрон АҚШнинг Форс кўрфазидаги иттифоқчиларига зарбалар берди. Бу қарор қандай ҳарбий ва ҳуқуқий асосга таянган эди?

Биз уруш давомида фақат қонунга асосланган ҳолда, халқаро ҳуқуқ доирасида ҳаракат қилдик. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, кўпинча халқаро ҳуқуқ тушунчаси айнан бизга қарши қўлланади. Бу тартиботнинг ижобий томонлари эса бизга камдан кам ҳолларда тегади. Шунга қарамай, биз барибир халқаро ҳуқуқ меъёрларига қатъий амал қилдик. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 30314-резолюцияси, хусусан, унинг 3-бандида, давлат ҳудудидан бошқа бир давлатга қарши агрессия учун фойдаланиш мумкин эмаслиги аниқ белгилаб қўйилган.

Агар бирор мамлакат ҳудуди учинчи давлатга ҳужум қилиш учун ишлатилса, у ҳолда бундай давлат бетараф ҳисобланмайди. Шу нуқтайи назардан, агар бошқа давлат ҳудудидан фойдаланилган ҳолда бизга қарши ҳужум амалга оширилган бўлса, бу халқаро ҳуқуқ нуқтайи назаридан ноқонуний агрессия ҳисобланади. БМТ Низомининг 51-моддасига мувофиқ, ҳар қандай давлат ўзини қонуний мудофаа қилиш ҳуқуқига эга. Бугунги вазиятда айрим давлатлар ҳудудида АҚШ ҳарбий базалари жойлашган ва айнан шу ҳудудлардан Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар амалга оширилган. Бу фақатгина зарба бериш эмас, балки ҳарбий самолётларнинг учиши, ракета ҳужумлари, ёнилғи билан таъминлаш, операцияларни режалаштириш ва бошқариш каби жараёнларни ҳам ўз ичига олади.

Бундай вазиятда Форс кўрфазидаги давлатлар икки хил ҳолатдан бирида бўлиши мумкин: улар ё бундай ҳаракатларнинг олдини олишга қодир эмас (бу уларнинг заифлигини кўрсатади), ёки бунга онгли равишда йўл қўйиб беришган. Ҳар иккала ҳолатда ҳам улар бетараф мақомини йўқотади ва агрессияга билвосита шерик ҳисобланади.

Шунга қарамай, биз қўшни давлатларимиз билан душман эмасмиз. Улар бизнинг мусулмон биродарларимиз ва яқин қўшниларимиздир. Биз уларга нисбатан ҳар қандай ҳаракатни мажбурий чоралар сифатида, яъни ўзимизга нисбатан амалга оширилган агрессияга жавоб сифатида кўрдик. Бизнинг ҳаракатларимизда асосий тамойил – мутаносиблик бўлди. Қайси давлат агрессияда қай даражада иштирок этган бўлса, жавоб чораси ҳам айнан шунга мос равишда бўлди.

Бундан ташқари, биз эскалацияни қатъий назорат остида ушлаб турдик ва вазиятнинг назоратдан чиқиб кетишига йўл қўймадик. Зарбалар фақат АҚШ ҳарбий базалари ва ҳарбий манфаатларига қаратилди.

Агар минтақада Эрон номидан бошқа объектларга зарбалар берилган бўлса, бу “сохта байроқ” остидаги ҳаракатлар бўлиб, бошқа кучлар томонидан амалга оширилганини таъкидлаш мумкин. Биз уруш қонунларига амал қилдик, фақат ҳарбий объектларга зарба бердик ва тинч аҳоли ҳамда фуқаролик инфратузилмасига зарар етказмадик. Бу уруш бизга мажбуран юклатилди. Биз минг йиллар давомида қўшни давлатлар билан тинч яшаб келганмиз ва уларга ҳеч қачон ҳужум қилмаганмиз. Доимо ўзаро ҳурматни сақлаганмиз.

Аммо агар уларнинг ҳудудидан бизга қарши ҳужумлар амалга оширилса, биз бунга бефарқ қараб туролмаймиз. Шу билан бирга, бу давлатлар – бизнинг дўстларимиз, ҳаттоки ҳозирги музокара жараёнларида ҳам уларнинг роли бор. Уларнинг ўзлари ҳам Исроилнинг узоқни ўйламай қилаётган ишларидан зарар кўришяпти. Сионизмнинг хавф-хатари ҳаммамиз учун бир хил.

Албатта, уларнинг ўз сиёсати бор, биз буни тушунамиз ва ҳурмат қиламиз. Шунга қарамай, биз улар билан яхши қўшничилик ва ҳамкорлик алоқаларини сақлаб қоламиз. Ҳозир ҳам улар бизнинг асосий савдо ҳамкорларимиз ҳисобланади ва оғир даврларда бир-биримизни қўллаб-қувватлаб келганмиз. Келгусида ҳам бу ҳамкорлик давом этади.

Биз бошиданоқ барча қўшни давлатларимизни очиқ огоҳлантирган эдик: агар бирор давлат ҳудудидан Эронга қарши агрессия амалга ошириш учун фойдаланилса, у ҳолда ушбу объектлар қонуний жавоб нишонига айланиши мумкин. Шу билан бирга таъкидлаш жоизки, Туркия ва Озарбойжон бундай ҳаракатларга йўл қўймади. Улар ўз ҳудудларидан Эронга қарши ҳужумлар уюштирилишига рухсат бермаганини аниқ баён қилди. Айнан шу сабабли биз ҳам ушбу воқеалардан сўнг расман маълум қилдикки, Туркия ва Озарбойжон ҳудудларига нисбатан ҳеч қандай ҳарбий ҳаракат амалга оширилмаган. Айрим ҳужумлар “сохта байроқ” остида амалга оширилган бўлиб, уларнинг мақсади минтақадаги кескинликни сунъий равишда кучайтиришдан иборат эди. Бу каби уринишлар Туркия ва Озарбойжонни ҳам можарога тортишга қаратилган бўлиши мумкин. Бироқ ушбу икки давлат вазиятни яхши англайди ва ҳозирда улар Эрон томонидан уларга нисбатан ҳеч қандай ҳужум бўлмаганини аниқ билади. Ўша пайтда ҳам Эрон Ислом Республикаси Қуролли кучлари зудлик билан расмий баёнот бериб, мазкур ҳодисаларнинг Эрон билан боғлиқ эмаслигини маълум қилган эди.

Шунингдек, биз Туркия ва Озарбойжон томонига ҳар қандай воқеани биргаликда ўрганиш, текшириш ва зарур бўлса, қўшма механизмлар орқали ҳамкорлик қилишга тайёр эканимизни билдирдик. Эроннинг ушбу давлатлар билан алоқалари доимо яхши бўлиб келган. Ўзаро ишонч ва ҳамкорлик мавжуд.

Шу билан бирга, айрим манбаларда Исроил расмийлари Эрон билан боғлиқ режалар контекстида кейинги нишон сифатида Туркияни тилга олгани ҳам қайд этилган. Бу эса шуни кўрсатадики, Исроил сиёсати нафақат Эрон, балки бутун минтақа учун хавф туғдиради. Шу боис Эрон қўшни давлатлар учун таҳдид манбаи эмас, аксинча, уларнинг хавфсизлиги ва барқарорлигига ҳурмат билан қарайди. Биз ҳар доим қўшни давлатларимизнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қиламиз ва оғир дамларда бир-биримизни қўллаб-қувватлаб келганмиз. Келгусида ҳам бу яхши қўшничилик ва ҳамкорлик муносабатлари давом этишига ишонамиз.

Суҳбатни “Geosiyosat | Kun.uz” YouTube-каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид