Ўзбекистон | 22:40 / 26.10.2023
9156
3 дақиқада ўқилади

Президент электр энергияси тарифларини белгилашда ижтимоий ҳимоя принципига қатъий риоя этишга чақирди 

Шавкат Мирзиёев ҳузурида 26 октябр куни энергетика бозори регулятори фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари бўйича тақдимот ўтказилди. 

Қайд қилинишича, 2026 йилга бориб, электр энергияси соҳасида талаб ва таклиф асосида шаклланадиган эркин, улгуржи бозор ишга тушади. Шу билан бирга, норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш, бозор инфратузилмасини яратиш, энергетика тизимини энг қуйи бўғинига қадар рақамлаштириш, инсон омилисиз реал вақтда ишлайдиган ақлли бошқарув тизимини (SCADA) жорий этиш зарур. 

Кўплаб давлатларда бу ислоҳотлар учун 15 йил вақт кетган. Ўзбекистон буни уч босқичда, 2030 йилгача якунлашни режалаштирган. Шу боис, президент фармонига мувофиқ, Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги тузилди ҳамда унга энергорегулятор вазифаси юклатилди. 

Тақдимотда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов фармонда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш муддатлари ва соҳадаги режалар ҳақида ахборот берди. 

Давлат раҳбари мутасаддиларга республикани электр билан таъминлаш концепциясини ишлаб чиқиш бўйича аниқ кўрсатмалар берди. Бунда, эркин энергетика бозорига ўтишнинг асосий шарти мамлакатимизда электр энергиясига бўлган талабни тўлиқ таъминлаш учун етарли генерация қувватларини яратиш экани алоҳида кўрсатиб ўтилди. 

Шунингдек, ягона электр савдоси платформасини яратиш ва 2024 йил якунига қадар уни синовдан ўтказиб, ишга тушириш вазифаси қўйилди. 

Президент энергетика бозорини эркинлаштириш жараёнида электр энергиясини аҳолига республиканинг барча ҳудудларида 2035 йилга қадар бир хил нархда сотилиши талабига ҳамда тарифларни белгилашда ижтимоий ҳимоя принципига қатъий риоя этиш шартлигини таъкидлади. 

Янги тизим самарали ишлаши учун учта йўналиш – кадрлар тайёрлаш, тармоқнинг илм-фан билан узвийлигини таъминлаш ва рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди. Бундай комплекс ишлаш тартибини марказдан тортиб ҳудудларгача татбиқ этиш топширилди. 

Шу боис агентликка билимли мутахассис ва хорижий консультантлар ишга олинади. Ходимлар Испания, Хитой, Туркия ва Германияга малака оширишга юборилади. Хорижий тажриба асосида юртимизда ҳам муҳандис, диспетчер, SCADA оператори ва бошқа мутахассисларни тайёрлаш учун ўқув курслари ташкил қилинади.

Мавзуга оид