Ўзбекистон | 19:53 / 27.10.2023
15280
13 дақиқада ўқилади

Адвокатларни норози қилаётган тартиб ва Палата ишига конституцияга зид аралашув – адвокатлар билан суҳбат

Охирги йилларда жамоатчилик таниган, билган инсонлар, масалан, журналист ва блогерлар билан боғлиқ қатор суд жараёнларидан кейин бир касб эгалари ҳақида кўпроқ гапириладиган бўлди.

Ҳозир ўзбек жамоатчилиги бу касб эгаларини нафақат кўп тилга оляпти, балки бирор муаммо пайдо бўлса, тезда уларнинг хизматига мурожаат қилишни, бу орқали улар орасида энг кучлилари ким-у, қай бири шунчаки чўнтакка ишлайди, буни ҳам ўрганиб боряпти.

Адвокатлар. Бу касб эгалари охирги вақтларда шунингдек, яна бир вазият бўйича ОАВда кўп тилга олинмоқда. Бу – амалда адвокатларнинг эркинлигини тўла чеклайди, дейилаётган ҳужжат атрофидаги баҳслар.

Kun.uz мухбири икки адвокат ва инсон ҳуқуқлари фаолини навбатдаги суҳбат учун таклиф қилди ҳамда улар билан ана шу баҳсли ҳужжат ва умуман, бугун Ўзбекистонда адвокатура институти аҳволи ҳақида суҳбатлашди. 

Суҳбат меҳмонлари адвокат Жаҳонгир Муталипов, Саидали Мухторалиев ва журналист, ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов бўлди.

— Мавзуга, адвокатура институти таҳлилига кирарканмиз, айтиш керакки, ўзи барча нормал, демократик тузумларда адвокат энг ҳурматли касб, жамиятнинг локомотиви бўлган институтлардан бири.

Хўш, бугун ўзбек жамиятида ва янаям конкретлаштирсак, одамлар ва давлат органлари олдида адвокатнинг қадри, ўрни қандай?

Ўзбекистонда мавжуд 5 мингга яқин адвокатнинг неча фоизига бугун одамлар чиндан ишонади, борми ўзи бу ишонч?

Саидали Мухторалиев:

— Ҳа, ҳар қандай нормал жамиятда адвокатларнинг ўрни юқори. Чунки ҳар қандай давлат ва жамиятда ҳуқуқ ва ҳуқуқбузарлик масаласи бор, адвокатлар эса ўша ҳуқуқларни тиклайди. Лекин нуфуз ва обрў алоҳида бир масала. Ўзбекистонда адвокатлар сони бугунги кунда 5 мингга ҳам етмайди. Бунда ҳисобласак, 7 минг кишига тахминан битта адвокат тўғри келади дегани. Биз бу борада дунё рейтингида 40-45-ўринда турамиз, адашмасам.

Адвокатларга ишонч баланд бўлиб, обрў бўлиши учун фуқароларнинг адвокатларга иши тушган бўлиши керак. Ўзбекистонда эса адвокатларга мурожаат қилувчи аҳоли сони жуда кам, шунинг учун ишонч масаласида бирор нима дейиш қийин. Ижтимоий сўровнома ўтказилса, кўпчилик тасаввури, эшитгани бўйича гапириши мумкин, шахсан иши тушгани кам бўлади.

Абдураҳмон Ташанов:

— Афсуски, бизда бу борада ижтимоий сўровномалар, статистика йўқ, шунинг учун аниқ рақамлар айтиш мушкул. Ижтимоий кайфиятдан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, кўнгилдагидай эмас вазият. Ўзига яраша сабаблари бор бунинг ҳам.

Дейлик, бирорта бола юридик университетга кириб адвокат бўламан, демайди, ҳуқуқнинг бошқа соҳасини орзу қилади. Чунки адвокатларнинг нуфузи баланд эмас, иккинчидан, бу соҳанинг «нони ҳам қаттиқ». Ривожланган ёки ривожланаётган давлатларда адвокатлар ўрни юқори бўлиши керак аслида. Хорижий ОАВда фалон одамнинг адвокати бунақа деди, уники бунақа деди, деган гапларни кўп ўқиймиз. Шундан ҳам уларнинг ўрнини билиш мумкин.

World Justice Project (WJP) халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан эълон қилинган қонун устуворлигининг навбатдаги йиллик рейтингида Ўзбекистон 142 та мамлакат орасида 78-ўринни эгаллаган. Бу ўтган йилги ўрнимизга нисбатан бир неча қадам ёмонлашиш дегани. Чунки айнан бизнинг файласуфлар, боболаримиз инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги ҳақида катта-катта асарларни қолдиришган, инсониятга бериб кетишган. Шунинг учун бу натижа жуда паст.

Жаҳонгир Муталипов:

— Адвокатларнинг ўрнини бугун адвокатурага мурожаат қилаётганларнинг кайфиятидан ҳам билиш қийин эмас. Уларда келгандаёқ ишончсизликни сезасиз. Ишнинг битишини қонунлар билан асослаб берганимиздан кейин ҳам худди таваккал қилгандек рози бўлишади. Шундан ҳам билиб олиш мумкин жамиятдаги ишончни. Чунки ўтган маъмурият даврида (ўзим хуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ишлаганман) шаклланган комплекс бор. Адвокатинг нима қиларди, ҳеч нарса қилолмайди, ҳал қилувчи прокурор билан судя, деган гаплар ишончни пасайтиради.

Тергов, суд органларига объектив далиллар тақдим қилсак, илтимосномалар киритсак, қабул қилиниб қаноатлартирилмаяпти. Буни бошқа адвокатлар ҳам тасдиқлаши мумкин. Адвокатлар ҳам адолатни тикловчи бир орган ҳисобланади. Судларга далиллар, исботлар келтирамиз шунча, лекин прокурор туриб қабул қилмасликни сўрайди, суд ҳам кўп ҳолларда рад қилади адвокатнинг далилларини. Шу каби ҳолатлар фуқароларда адвокатлардан фойда йўқ экан, деган хулоса пайдо қилади.

Охиригача борадиган, ижтимоий тармоқларда фаол бўлган адвокатлар бор. Улар ижтимоий тармоқларда судда далиллари, илтимосномалари қабул қилинмаганини айтиб чиқса, кейин ўша нарсалар инобатга олинади. Ижтимоий тармоқда фаолликка ҳам боғлиқ бўлиб қоляпти. Агар қонунан қилиб, уларнинг ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги туширилса, яна адвокатларга ишонч пасаяди ва қийинлашади.

— Адвокатнинг жамиятдаги ўрни, нуфузига боғлиқ яна бир савол. Билишимча, бизда кўп ҳолда ҳуқуқшуносликни тамомлаган ёшлар тўғридан тўғри адвокатлик касбини танламайди. Бу касб эгалари кўп ҳолларда ҳуқуқ органларидан: хоҳ у хавфсизлик бўлсин, хоҳ прокуратура, ички ишлар тизимидан кетган ё кетказилган кадрлар бўлишади.

Нега бизда адвокатликка “янги қонлар”, шижоатли ёш ҳуқуқшунослар келмайди?

Саидали Мухторалиев:

— Долзарб масала бу. Биз ҳам юридик университетида таҳсил олиб юрган пайтимизда 90 фоиз талаба фақат судя ёки прокурор бўламан, деб юрарди. Ўқишни битириб бирдан адвокат бўлганлар жуда кам. Умумий адвокатларнинг 2 фоизини ҳам ташкил қилмайди 30 ёшгача бўлган адвокатлар.

Бундан ташқари, олий таълим муассасаларида адвокатурага тўлиқ йўналтириш, қизиқтириш йўқ. Бу вазиятнинг ўзаги 90-йилларга бориб тақалади. Ўша пайтда ҳуқуқ, умуман давлат органларидагиларнинг яшаш тарзи нисбатан яхши бўлган. Шунинг учун кўпчилик шу соҳаларга интилган. Охирги 2 йилда ёш битирувчиларда ҳам адвокатликка қизиқиш бўляпти.

Ёшлар бу соҳага қизиқиши учун соҳада шарт-шароитлар етарли бўлиши керак. Шароит дегани бу — одил судлов тизими. Яқинда бир ёш адвокат иш бошлади, яхши билимли, кадр. Лекин дастлабки 3 та судда адолатсизликка учради ва ҳозир адвокатликни тугатмоқчи. Одил судлов бўлса, ёшлар бу соҳага ишониб кириб келади. Агар одил судлов тизими бўлса, бизда тайёр турган ёш адвокатлар кўп.

Яқингача адвокат бўлиш учун бошқа ҳуқуқ органларида камида 2 йиллик тажриба керак эди. Ҳозир бу тартиб бекор бўлган, шунинг учун ёшларда қизиқиш ортяпти. Шу омил сабаб энди адвокатлар кўпайиб қолади, деб ўйлайман.

Абдураҳмон Ташанов:

— Бизда совет даври адвокатурасининг қиёфаси ҳозир ҳам бор. Бир терговчи, қораловчи, дейлик, «урилиб» кейин адвокат бўлди. Унинг мияси қоралов билан тўлган. Совет даври шунақа эди, яъни адвокат ҳақиқат учун курашиши керак, дейиларди. Бу хато қараш. Бугун бошқача бўлиши керак, адвокат хуқуқ учун курашиши керак, ҳақиқат — нисбий тушунча.

Яқинда Олий суд семинарида нега адолатсизлик кўп бўляпти, деган саволга бир судя айтяптики: бизни адвокатларнинг пассивлиги қийнаяпти, прокурорларнинг эса босими кучли. Тарозига прокурор кўп юк ташласа, адвокат енгилади-да. Демоқчиманки, масаланинг томонлари жуда кўп. Адвокатларнинг обрўси, хуқуқини ҳимоя қилувчи қонун масаласи ҳам бор.

Одил судлов тизими тортишувларда шаклланади. Агар суднинг ўзи адолатли бўлишини кутиб ўтирсак, фойдаси йўқ. Адвокатнинг талаби прокурорники каби кучли бўлса, одил судлов шаклланаверади.

Жаҳонгир Муталипов:

— Бизда мустақиллик йилларида юридик соҳага ўқитадиган ОТМ кам эди. Йилига тахминан, мингтача юрист мутахассис тайёрланарди, улар эса давлат органларидан ортмайди, шунинг учун адвокатурада одам кам. Давлат органлари ҳам айнан энг яхшиларини териб олади. Шунинг учун ҳам кўпчилик адвокатлар олдин давлат органларида ишлаган.

Ҳар бир вилоятда юридик факултетлар очилиши бўйича президент қарори чиқди. Ишлар бошлаган, лекин ҳали уларнинг битирувчилари чиқмаган. Бир неча йилда юристлар сони ортади.

Адвокатурада ишлаш қизиқарли бўлиши ҳам керак, яъни моддий томонлама. Адвокатнинг доимий ойлиги йўқ, давлат органларида эса ойлик маоши бўлади, шунинг учун ёшларда ишонч ҳисси юқори у соҳаларга.

— Авокатура институтини таҳлил қиляпмиз. Бу институтда адвокатларни бирлаштирган, уларга бош бўлган Адвокатлар палатаси деган катта бир ННТ бор. Бугун мана шу ташкилот ўзи қанчалик мустақил ва у ўзи нима билан шуғулланяпти, деган табиий савол бор?

Шунингдек, бу палата расман ННТ, лекин билишимча, унинг раиси номзодини Адлия вазирлиги илгари суради, тўғрими?

Конституцияда давлат органлари ННТ фаолиятига аралашиши мумкин эмаслиги кўрсатилган (72 модда), лекин палата бўйича бундай ҳолат. Бугун нега бу тизимдан адлиянинг қўллари олиб ташланмаяпти?

Саидали Мухторалиев:

— Адвокатлар палатасида 2008 йили Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ташкил этилган. Бу палата ННТ бўлса-да, асли давлат органи томонидан ташкил этилган. Одатда ННТлар аъзолар ташаббуси билан ташкил этилади. Бу палата ВМ томонидан ташкил этилгани учун унинг вазифалари ҳам давлат томонидан қўйилган. Шунинг учун давлат ташкилотлари формати ишлаб келяпти.

Яна бир масала бор. Давлат томонидан хуқуқ соҳасини мувофиқлаштириш Адлия вазирлигига топширилган. Палата ҳомийси Адлия вазирлиги бўлиб қолган. Масала бошқа жойда бу ерда. Яъни сиз ўзингизнинг ишингизни қилмас, имкониятингиздан фойдаланмас экансиз, ўрнингизга бошқалар қилади. Бизда бу палатага эътирозлар кўп. Палата ўз вазифаларини бажармагани учун ҳам Адлия вазирлигига ўтиб кетган ишлар. Адвокатурани реализация қилувчи ва мувофиқлаштирувчи Адлия вазирлиги бўлиб қолган. Шунинг учун қайсидир маънода бошқарувда Адлия вазирлигининг даъволари пайдо бўлган. Палата ўз имкониятидан фойдаланмагани учун бошқалар бу ишни қиляпти.

Абдураҳмон Ташанов:

— 2008 йилда Адвокатлар палатаси тузилаётганда кўплаб фаол адвокатлар томонидан тўполон чиққанди. Шундан кейин Тошкент шаҳар адвокатлар ассоциациясини мажбурлаб палатага бирлаштиришганди. Айни ҳолатда Адлия вазирлигининг аралашуви — 100 фоиз конституциянинг бузилиши. Адлия вазирлигининг ўзи қонунга масъул, буни яхши билади, конституциявий суд ҳам билади. Олий Мажлисдагилар ҳам билади. Маркеснинг «Ошкора қотиллик қиссаси»га ўхшайди, ҳамма билади. Адвокатларнинг ўзидаям қўрқув бор. Адвокатларнинг ўзига шу нарсани конституциявий судга ёзайлик, деганимда керакмас дейишган. Ўша пайтда, 2008 йилда адвокатларни жиловлаш бўлганди. Хўп, лекин ҳалигача ҳеч нарса ўзгармади.

Саидали Мухторалиев:

— Абдураҳмон аканинг эътирози ўринли. Ҳақ олинур, берилмас, деган гап бор. Масала ҳам шунда, биз адвокатлар ҳаққимизни талаб қилолмаяпмиз етарлича. Биз талаб қилсак, палата ишлайди ва ривожланиш бўлади.

Жаҳонгир Муталипов:

— Шу кунга қадар палатанинг уставини кўриб чиқишни ҳеч ким кўтаргани йўқ. Адлия вазирлиги номзод кўрсатиши ҳалиям амалда, кўриб чиқиб, ўзгартирилмас экан, бу нарса ишлайверади. Палатадаги вакиллар аллақачон бу масалаларни кўтариши керак. Конституциямиз ўзгарди, лекин қонун ости ҳужжатлари ўзгармаса, тўғридан тўғри қўллаб бўлмайди, бизда бундай амалиёт йўқ.

Саидали Мухторалиев:

—Бизда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш бўйича қонун бор. Шунинг 18-моддасида бир-бирига зид бўлиб қолган икки ҳуқуқий ҳужжатни қўллаш тартиби берилган. Яъни икки ҳуқуқий ҳужжат бир-бирига зид келса, юқори турувчи ҳужжат қўлланиши, янги конституцияда эса конституцион моддалар тўғридан тўғри қўлланиши айтилган. Ҳозирги вазиятда ҳам конституциянинг 72-моддаси тўғридан тўғри қўлланиши керак.

Интервюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Суҳбатни Илёс Сафаров олиб борди.
Тасвирчи – Мирвоҳид Мирраҳимов,
Монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Илёс Сафаров
Муаллиф Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид