ДХХ 9 кг наркотик моддаларни мусодара қилди
Ҳозирда Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Давлат хавфсизлик хизмати томонидан қатор ҳудудларда 9 кг наркотик моддалар мусодара қилинди.
ДХХнинг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.
Унда, Ҳазорасп туманида яшовчи фуқаро бошқарувидаги “Кобалт” русумли автомашина тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада, унинг салонида жами 6 бўлакда 3 кг 982 гр “опий” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида мазкур шахс Тожикистондан келтирилган ушбу ажал оғусини Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида яшовчи 2 нафар фуқародан олгани маълум бўлиб, Ҳазорасп туманидаги меҳмонхонанинг улар жойлашган хонасидан сотиш учун мўлжалланган 1 кг 952 “опий” моддаси ҳам тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу гиёҳвандлик воситасини сотиб олган вақтида яна 2 нафар наркосавдогарлар ушланди.
Бухоро вилоятида қайд этилган ҳолатда эса Ғиждувон туманида яшовчи, муқаддам судланган 2 нафар фуқаро Бухоро шаҳрида 1 кг 224 гр “опий” моддасини 50 минг АҚШ долларига сотган вақтларида Давлат хавфсизлик хизмати ва божхона органлари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, Бўка тумани ҳудудида ҳаракатланаётган “Нексия” русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, текширилди.
Натижада, унда йўловчи сифатида кетаётган, Фарғона вилоятининг Бағдод туманида яшовчи фуқаро ёнида 1 кг 913 гр “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Ушбу ажал оғуси тожикистонлик наркокурерлар томонидан контрабанда йўли билан Тошкент вилоятига олиб келиниб, хуфия жойга қолдириб кетилган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
14:55 / 15.11.2024
ДХХ раиси Ўзбекистондаги муҳим ахборот инфратузилмаларини тоифалашга доир буйруқ чиқарди
23:25 / 09.11.2024
Самарқандда Қуролли кучлар хизматчиси, солиқчи, Миллий гвардия ва кадастр ходимлари пора билан ушланди
16:46 / 09.11.2024
Учта вилоят ва Тошкент шаҳрида гиёҳванд модда савдоси билан шуғулланганлар қўлга олинди
10:23 / 07.11.2024