Жаҳон | 10:50 / 28.10.2023
6409
2 дақиқада ўқилади

Россияда олим давлатга хиёнат моддаси бўйича 12 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Айбловга кўра, Губанов давлат сирларини ўз ичига олган маълумотларни халқаро лойиҳадаги ҳамкорларга берган. Шу билан бирга, аввалроқ учта комиссия у ерда давлат сири йўқлигини тасдиқлаган.

Фото: РИА Новости

Москва шаҳар суди 66 ёшли олим Анатолий Губановни давлатга хиёнатда айбдор деб топиб, 12 йилга қаттиқ тартибли колонияга ҳукм қилди. Бу ҳақда 27 октябр, жума куни «Медиазона» хабар берди. Губановнинг ўзи айбига тўлиқ иқрор бўлиб, барча енгиллаштирувчи ҳолатларни қўллашни ва унга нисбатан қуйи чегарадан пастроқ жазо тайинлашни сўради.

Анатолий Губанов Москва яқинида Жуковский номидаги Марказий Аэрогидродинамика институтининг самолёт ва ракеталар аэродинамикаси кафедрасини бошқарган. Унинг қўл остидаги 70 ёшли Валерий Голубкин июн ойида 12 йилга қаттиқ режимли колонияга ҳукм қилинган, у ҳам давлатга хиёнатда айбдор деб топилган. 

Тергов маълумотларига кўра, 2018 йилда Губанов Голубкинни гипертовушли йўловчи лайнерини яратиш бўйича HEXAFLY-INT халқаро лойиҳаси устида ишлашга жалб қилган. Таъкидланишича, Марказий Аэрогидродинамика институти ҳамкорларига тақдим этишга мажбур бўлган ва Губановнинг кўрсатмаси бўйича Голубкин Нидерландиядан келган ҳамкасбларига топширган лойиҳа бўйича иккита ҳисоботда давлат сирлари мавжуд. «Первый отдел» инсон ҳуқуқлари портали ўз Telegram-каналида таъкидлаганидек, уни юборишдан олдин учта комиссия у ерда ҳеч қандай давлат сири йўқлигини, ҳисоботлар чоп этилиши ва хорижий ҳамкорларга берилиши мумкинлигини тасдиқлаган. Губанов 2020 йил декабрида ушланган, бир неча ойдан кейин Голубкин ҳам қўлга олинган. 

2023 йилнинг 1 январидан 31 июлига қадар Россияда давлатга хиёнат (Жиноят кодексининг 275-моддаси), жосуслик (Жиноят кодексининг 276-моддаси) ва махфий асосда ҳамкорлик қилиш (Жиноят кодексининг 275.1-моддаси) бўйича камида 82 жиноий иш очилган. Бу ҳақда «Холод» нашри очиқ манбаларда ушбу ҳолатлар қайд этилганини санаб ўтган ҳолда хабар берди. Шу билан бирга, ишларнинг ҳақиқий сони бундан бир неча баравар кўп бўлиши мумкин, дея қайд этади нашр. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид