21:34 / 29.10.2023
37037

Исроилнинг Ғазо секторидаги қуруқлик амалиёти. Сўнгги маълумотлар

Шанба кунига ўтар кечаси Исроил уруш бошидан буён Ғазо секторида энг интенсив авиазарбаларини амалга оширди ва қуруқлик амалиётини кенгайтирди. ЦАҲАЛ ҳам жанговар мақсадларда, ҳам қўшимча инфратузилма сифатида фойдаланилган 150 та ерости туннелларига зарбалар йўллангани, шунингдек, ҲАМАСнинг юқори мартабали қўмондонлари ўлдирилгани тўғрисида маълумот берган.

28 октябр куни Исроил мудофаа армияси вакили, генерал-майор Нир Динар қўшин қисмлари Ғазо секторига кирганини тасдиқлади. «Бизнинг қўшинлар ва танклар Ғазо секторида бўлиб турибди. Улар ўт очади ва ҳаракатланади», — дея унинг сўзларини келтирган The New York Times. Динар Исроил қўшинлари ва  танклари «бир кун олдин ҳам секторда бўлгани»ни қўшимча қилган. Катта эҳтимол билан у ЦАҲАЛ сўнгги кунларда секторда ўтказган рейдларни назарда тутган.

Ғазо сектори аҳолиси Исроилнинг уруш бошланганидан буён энг интенсив ҳужумлари ҳақида хабар берди. Haʼaretz нашри Ғазо секторининг шарқий қисмида яшовчи маҳаллий аҳоли вакилига асосланган ҳолда секторнинг шимолий қисми тунда «тўхтовсиз бомбардимон» қилинганини хабар қилган. Нашр шунингдек секторнинг марказий қисмида ва жанубда Хон-Юнисда ҳам ҳарбий ҳаракатлар олиб борилганини билдирган. ҲАМАС ва «Ислом жиҳоди» вакиллари Ғазо шимолида исроиллик ҳарбийлар билан тўқнашув бошланганини тасдиқлаган. Haʼaretz айни вақтда қурбонлар сонини баҳолаш имконсизлиги, чунки тиббий бригадалар билан алоқа узилиб қолганини маълум қилган.

ҲАМАСдагилар исроилликларнинг ҳужумларига «тўлиқ куч билан» қаршилик кўрсатилишини билдирган. Sky News хабарига кўра, 28 октябр куни гуруҳ Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва унинг «мағлуб армияси ҳеч қандай ҳарбий ғалабага эриша олмаслиги»ни билдирган. 

АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин исроиллик ҳамкасби Йоав Галант билан суҳбатда «Исроил мудофаа армиясининг амалиёти вақтида тинч аҳолини муҳофаза қилиш» кераклигини айтган. Остин шунингдек Ғазода тинч аҳоли вакиллари учун инсонпарварлик ёрдамлари етказилиши муҳимлигини қайд этган. 

Исроил раҳбариятининг баёнотлари ва ваъдалари

Шанба куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Тел-Авивда яқинлари ҲАМАС қўлида гаровда бўлган исроилликлар билан учрашув ўтказди. Гаровдагиларнинг оила аъзолари Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатлар фаоллашганидан хавотир билдиришган.

«Гаровдагилар ва йўқолганларнинг оилалари форуми» Исроил қўшини Ғазо сектори шимолига кирган тун «энг даҳшатлиси» бўлганини маълум қилган.

Улар ҳеч ким «қуруқлик амалиёти гаровдаги 229 кишининг ҳаёти ва соғлигини хавф остига қўйдириши мумкинлиги» борасида ҳеч қандай изоҳ бермаётганидан шикоят қилишган.

Нетаняҳу уларни уйга қайтариш учун барча имкониятлар ишга солинишига ваъда берган.

Нетаняҳу Исроил қуруқлик кучлари «ёвузлик таянчи» бўлган ҳудудга (у бу орқали Ғазо секторини назарда тутган) ҲАМАСни йўқ қилиш ва гаровдагиларни уйга қайтариш учун кирганини қайд этган.

У ЦАҲАЛ тинч аҳоли вакиллари ҳимояси учун эҳтиёткорлик чораларини кўришини айтган ва ҲАМАСни ҳарбий жиноятларда айблаб, гуруҳ ўз халқидан жонли қалқон сифатида фойдаланишини таъкидлаган.

Бош вазир исроиллик аскарлар ва командирлар «айни вақтда Ғазо секторининг барча жойлари бўйлаб тақсимлангани»ни билдирган.

Ғазо секторидаги оператив вазият

ЦАҲАЛ расмийси Даниэл Ҳагари шанба кунги брифингда фронтдаги оператив вазият бўйича қисқача маълумот берди.

У Исроил кучлари Ғазо секторига кирганини тасдиқлаб, армия ҳақиқиқ уруш босқичидан ўтаётганини маълум қилган. У амалиётда ҳаво кучлари кўмагидаги пиёдалар, зирҳли танклар, муҳандислик ва артиллерия кучлари иштирок этаётганини қўшимча қилган.

ЦАҲАЛ шунингдек ҳаводан ва денгиздан ёппасига зарбалар амалга оширмоқда.

«Қўшинлар ҳамон жанг майдонида ва ҳарбий ҳаракатларни давом эттирмоқда. Биз ўз олдимизга қўйилган ва биз учун белгиланган мақсадларга эришиш учун ҳаракат қилмоқдамиз: ҲАМАСни яксон қилиш, чегаралар хавфсизлиги ва ўғирлаб кетилганларни қайтариш бўйича ҳаракатларни кучайтириш. Вазиятни баҳолашда ва Бош штаб ҳамда тегишли қўшинлар штаблари томонидан қарор қабул қилинишида буларнинг барчаси биргаликда ҳал қилувчи аҳамиятга эга», деган Даниэл Ҳагари.

У якшанба кунги брифингда Ғазо секторига қўшимча кучлар юборилаётганини маълум қилди.

«Тунда биз секторга ЦАҲАЛнинг янги бўлинмаларини ташладик ва улар аллақачон ҳарбий ҳаракатлар олиб бораётган кучларга қўшилди.

Биз Ғазо секторидаги қуруқлик амалиётларимиз ва ҳаракатланувчи кучларимиз сонини босқичма-босқич кенгайтирмоқдамиз. Қуруқликдаги амалиёт мураккаб ва бизнинг ҳарбийлар учун ҳам хавфларни ўз ичига олади. Биз қўшинларимиз хавфсизлигини таъминлаш ва бу урушдаги мақсадларга эришиш учун қўлимиздан келган  барча ишни қиламиз — ҳаводан, денгиздан ва қуруқликдан», деган у.

Сўнгги кунлардаги асосий воқеалар

Исроил армияси ҲАМАС «ҳаво кучлари командири» Асем Абу Ракабе йўқ қилингани ҳамда ҳаракатнинг ерости туннелларининг бир қисми йўқ қилингани тўғрисида ҳисобот берган.

ЦАҲАЛ маълумотига кўра, Ракабе ҳаракатнинг дронлари, парапланлари, ҳаво жисмлари ва ҳаво ҳужумидан мудофааси учун масъул бўлган. «У 7 октябр кунги қирғинни режалаштиришда қатнашган, Исроил ҳудудига парапланларда бостириб кирган террорчиларни бошқарган ва дронларнинг ЦАҲАЛ постларига уюштирган ҳужумларига масъул бўлган», — дейилган хабарда.

Шунингдек Ғазо ҳарбий-денгиз бригадаси командири ва ҲАМАСнинг бир неча тактик бўлинмалари командирлари ўлдирилгани маълум қилинган, уларнинг номлари келтирилмаган.

Исроил авиацияси ҲАМАСнинг ерости туннеллари тармоғига жиддий шикаст етказгани айтилган. Ҳарбий ва бошқа мақсадлардаги 150 та ерости объектлари вайрон қилинган.

Исроиллик ҳарбийлар 29 октябр куни Ғазо шимолида ҲАМАС аъзолари билан тўқнашувлар рўй берганини хабар қилди.

Исроил мудофаа армияси телеграм-каналида «Ғазо секторининг шимолий қисмида қуруқлик амалиёти давом этаётгани» ва сектор ҳудудида исроиллик ҳарбийларга ўт очган ҲАМАС аъзолари билан тўқнашув рўй бергани, ҳужум қилганлар йўқ қилинганини маълум қилди. Шунингдек, Исроилнинг Ғазо сектори билан чегарасида жойлашган Зиким кубуцида бир гуруҳ фаластинлик жангчилар аниқланиб, уларга ҳам зарба берилган

ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти бўлмиш «Қассам бригадаси» телеграм-каналида Ғазо сектори шимолидаги Бейт-Лаҳия ҳудудида исроиллик ҳарбийларга пистирмага тушиб қолгани ҳақида хабар берилганди.

Яқин вақтларда нима кутиш мумкин?

Исроил мудофаа армияси яқин кунлар учун режасини ошкор қилмаяпти, аммо ҳозирча Ғазо сектори шимолий қисмидан қўшинларни олиб кетиш режалаштирилмаяпти.

Айрим оператив маълумотларга кўра, исроиллик ҳарбийлар бу ерда қатор туннелларни тозалашни режалаштираётган бўлиши мумкин.

Шунингдек, афтидан, махсус хизматлар ўта муҳим нишонларни аниқлаш ва алоҳида – гаровдагиларнинг жойлашувини аниқлаш бўйича амалиётлар ўтказмоқда.

Исроил армияси Ғазо секторида кенг кўламли қуруқлик амалиётини бошлади деб ҳисоблаш мумкинми?

Экспертлар формулировкада шошилмасликни маъқул кўрмоқда. Аммо, уларнинг сўзларига кўра, биз катта амалиётнинг бошланғич босқичи бўлиши мумкин бўлган кенг кўламли қуруқлик рейдига гувоҳ бўлаётганимиз аниқ.

Ғазо секторидан сўнгги хабарлар

BBC News мухбири Рушди Абуалаф Ғазо секторидаги вазият «тўлиқ хаос» деб баҳолаган. «Ғазо сектори шимолида мисли кўрилмаган кучли бомбардировка бўлмоқда. <…> Бу ерда, шифохонада тез ёрдам машинаси ҳайдовчиси ҳеч ким билан боғлана олмаётгани, шу туфайли шунчаки портлаш бўлган томонга қараб юраётганини айтди. Ҳамма ёқни ваҳима чулғаб олган, ҳатто бомбардировка нисбатан кам бўлган Хон-Юнисда ҳам. Одамлар бошқа ҳудудлардаги яқинлари билан боғланишга ҳаракат қилмоқда, аммо алоқа узилган. Бу тўла хаос», — деган журналист. 

Жума кунидан сектор билан алоқа узилиб қолганди, ҳарбий ҳаракатлар фаоллашганда ҳудудда телефон ва интернет алоқаси узилиб қолганди. NetBlocks компанияси якшанба куни алоқа тиклана бошлаганини маълум қилди, Ғазодаги айрим журналистлар телефон қўнғироқларидан фойдаланаётгани ҳамда ижтимоий тармоқларга киришга муваффақ бўлганини айтишган.

Исроил Ғазо секторини сув билан таъминлайдиган учта қувурдан иккинчисини қайтадан очди ва бу анклавга кунига 28,5 млн литр сув олиб келади – бу Исроил урушга қадар етказиб берган сувнинг тахминан ярмидир. 9 октябр куни Исроил Ғазога сув етказиб беришни буткул тўхтатиб қўйгандия, ўтган ҳафтада эса жанубий сув қувурларидан бирининг фаолиятини тиклаганди.

Қизил Яримой жамиятининг Фаластин бўлими Исроил ҳукумати Ғазо сектори шимолидаги «Ал-Қудс» шифохонасини эвакуация қилишга кўрсатма бергани ҳақида маълум қилди. Унинг баёнотида тиббий муассаса ходимлари шифохонага ҳаво зарбалари йўлланиши мумкинлиги ва зудлик билан хавфсиз жойга кетиш кераклиги тўғрисида огоҳлантирилгани айтилган.

Исроил ҳарбийлари яқин вақтлар ичида Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдамлари ортилган янги юк машиналари келиши кутилаётганини маълум қилиб, озиқ-овқат, сув ва дори-дармон етишмовчилиги тўғрисидаги хабарларни рад этган.

Исроилнинг бошқа чегараларидаги вазият

Шимолий фронтда (Ливан билан чегарада) жума куни ЦАҲАЛ Исроил томон ўт очилишига жавобан «Ҳизбуллоҳ»нинг ҳарбий инфратузилмасига ҳужум қилди, деб хабар берган шанба кунги брифингда Даниэл Ҳагари.

Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида сўнгги кунларда тинчлик ҳукм сураётган бўлса ҳам Исроил армияси юқори шайлик ҳолатида турибди.

«Ички фронтга келадиган бўлсак, мен жамоатчиликни ўзини қандай тутиш кераклиги, нима ҳаёт учун хавфлилиги, ҳимояланган кенгликлардан қандай фойдаланиш кераклиги бўйича Ички фронт қўмондонлиги янгилаб бораётган кўрсатмаларга риоя этишни давом эттиришга чақираман. Бизнинг кўрсатмаларимизга, шунингдек, расмийларнинг кўрсатмаларига амал қилиш жуда муҳимдир», деган ЦАҲАЛ вакили брифинг якунида.

Исроил мудофаа армияси маълумотига кўра, ҲАМАСга қарши уруш бошланганидан буён 311 нафар исроиллик ҳарбий ҳалок бўлган.

Жами йўқотишлар сони аллақачон 2006 йилги Иккинчи Ливан урушидаги йўқотишлардан ошиб кетган. Ўшанда 121 нафар ҳарбий ҳалок бўлганди.

Исроил армиясининг энг катта йўқотиши 1973 йилги Маҳшар куни урушида рўй берган – 2656 киши.

Мавзу
ҲАМАС–Исроил уруши
7 октябр куни Ғазо бўлгасидаги ҲАМАС кучлари Исроилга ёппасига ракета зарбалари берди ва чегарадаги аҳоли пунктларини эгаллай бошлади. Бунга жавобан Исроил ташкилотга қарши уруш очди. Бу сафарги эскалация аввал кузатилмаган даражада кўп қурбонларга олиб келди.
Барчаси
Top