Жаҳон | 22:28 / 31.10.2023
8833
2 дақиқада ўқилади

БМТ Украинанинг Гроза қишлоғи Россия томонидан ўққа тутилганини тасдиқлади 

У ерда 59 киши ҳалок бўлган, уларнинг барчаси тинч аҳоли вакиллари эди. 

Фото: Reuters

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси (OHCHR) Украинанинг Ҳаркив вилояти, Гроза қишлоғида 59 кишининг ўлимига сабаб бўлган ракета зарбаси юзасидан олиб борилган тергов якунлари бўйича ҳисоботни (.pdf) эълон қилди.

Ҳисобот БМТ мутахассислари томонидан ўққа тутилган жойни текшириш, шунингдек, маҳаллий аҳоли, гувоҳлар, омон қолган икки киши, тиббиёт ходимлари ва ўликхона ходимларидан иборат 35 кишининг кўрсатмалари асосида тузилган. 

Текширувдан сўнг БМТ экспертлари ҳалок бўлган 59 кишининг барчаси тинч аҳоли экани ҳақидаги хулосага келган. 

«Маърака вақтида ҳодиса жойида ёки унинг ёнида қонуний ҳарбий нишонлар мавжудлигига оид ҳеч қандай далил топилмади», дейилади ҳисоботда. 

Муаллифлар хулосасига кўра, Россия ҳарбийлари нишон ҳарбий мақсад эканини текшириш учун барча имкониятни ишга солмаган ёки атайлаб тинч аҳолини нишонга олган. Иккала ҳолат ҳам халқаро ҳуқуқнинг бузилиши экани айтилмоқда. 

Ҳодиса юзасидан БМТ Россияга халқаро гуманитар қонунларга риоя қилишни, ҳарбий амалиётлар чоғида тинч аҳоли хавфсизлиги ҳақида қайғуришни ва жабрланганларга муносиб товон тўлашни таъминлашни тавсия этган. 

Россия ҳарбийлари 5 октябр куни Украинанинг Гроза қишлоғига ракета зарбасини берди. Унда уруш бошида ҳалок бўлган украиналик ҳарбий Андрей Козирни хотирлаш маросими ўтказилаётган эди. Зарба оқибатида 59 киши ҳалок бўлди. Россиянинг БМТдаги вакили Виталий Небензя сўзларига кўра, бу «юқори мартабали нацист»нинг маъракасида «унинг кўплаб нацист шериклари» йиғилган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид